Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳечдан кўра кеч

Ҳечдан кўра кеч

Ҳикоя қилинишича, кунларнинг бирида Иброҳим ибн Маҳдий жияни халифа Маъмун ҳузурига кирди. Унинг ёнида фиқҳ борасида суҳбатлашаётган бир жамоа олимлар бор эди. Маъмун унга:

– Амаки, бу кишилар сўзлаётган нарсалар ҳақида бирор нима биласизми? – деб сўради.

У:

– Мўминлар амири, бизни ёшлигимизда банд қилиб қўйишди, катта бўлганимизда эса ўзимиз (турли ишлар) билан машғул бўлиб қолдик, – дея жавоб берди.

Маъмун:

– Унда нима учун бугун ўрганмаяпсиз? – деди.

Иброҳим:

– Энди мен кабиларга илм ўрганиш ярашармиди? – деди.

– Ҳа, Аллоҳга қасамки, сизнинг илм ўрганиб ўлишингиз жоҳилликка қаноат қилиб яшашингиздан кўра яхшироқдир.

– Қачонгача илм ўрганиш менга ярашади?

– Модомики, сиз тирик экансиз у сизга ярашаверади. Чунки болаликда узр бор, лекин жоҳилликда эмас. Сабаби, ушбу (болалик) бепарволик ва эътиборсизлик муддати бўлиб, у узоқ давом этмайди.

Мовардий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзида инсон ёши катта бўлганлиги ва ёшлигида илм ўрганмай хатога йўл қўйгани сабабли таълим олишдан ўзини тўхтатади. Жоҳиллик билан тамғаланган ҳолда қолишга рози бўлади ва илмни бошлашдан кўра жоҳилликни устун кўради. Бу эса жоҳиллик ва дангасаликнинг алдовидир. Чунки илм бир фазилат бўлиб, ёши катталар бундай фазилатни севиш учун лойиқроқдирлар. Фазилатли ишни бошлаш ҳам бир фазилат саналади. Чунки таълим олувчи қария бўлиш жоҳил қария бўлишдан кўра яхшироқдир».

Халқимизда «Хитойда бўлса ҳам илм ўрган!», «Бешикдан қабргача илм изла!» деган нақллар мавжуд. Илм ўрганиш ёш, замон ва макон танламайди. Модомики, жасадда руҳ бор экан у илм ўрганиш ва излаш учун ҳақли бўлаверади.

Ангрен шаҳар Қорабоғ” жоме масжиди

имом-хатиби Бобохонов Яҳёхон