Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Э, ВОҲ… ЭССИЗ… УЛГУРМАДИМ…  

Э, ВОҲ… ЭССИЗ… УЛГУРМАДИМ…  

Э, воҳ… Эссиз… Улгурмадим…

Одатда бу сўзлар яқин инсонларимизни йўқотган, ундан “кутилмаганда” жудо бўлган онимизда талаффуз қилинади…

Ҳа, одатимиз шундай, гўё…

Кимдир биринчи фарзандини дунёга келтираётган СЕВИМЛИ ЁРИДАН, кимдир эндигига эмаклаб, қиқир-қиқир кулишни бошлаган беғубор ГЎДАК ДИЛБАНДИДАН, яна кимдир уни ўқитиб, кечагина одамлар сафига қўшган ва бугун биринчи ойлик маошини олганини эшитиб фарзандини интизор кутаётган ёлғиз ОНАИ МЕҲРИБОНИДАНкутилмаганда…” айрилган онида айрилганининг руҳсиз, ҳаракатсиз ва жавобсиз ётган вужудига қараб ушбу сўзларни минг бир изтироб ила такрор ва такрор айтади…

У шу қадар изтироб чекадики, ҳудди ундаги изтиробларнинг чеки йўқдек, гўё…

Э, воҳ… Эссиз… УЛГУРМАДИМ… Сенга айтар СЎЗЛАРИМ қалбимда армон бўлиб қолди-я… (ва ҳоказо…)

Виждонимиздан рост жавобни сўрасак, аслида ўша биз айтишга улгурмаган сўзлар учун СОАТЛАР керак эмасди… Улар БИР ОЛАМ ГАП ёки МЕҲНАТ ҳам эмасди…

У атиги бир неча сонияли самимий ЭЪТИБОР эди, холос…

У атиги бир неча сонияли самимий КУЛГУ ёки ТАБАССУМ эди, холос…

У атиги бир неча сонияли самимий ТИНГЛАШ эди, холос…

У атиги Уни яхши кўришимизни айтишга етарли бор йўғи УЧТА СЎЗ эди, холос…

Шу сониялар учун улар бизни яна НЕЧА ЙИЛЛАР кутишлари керак эди… Айтинг…

Шу сўзлар учун бизга яна НЕЧА ЙИЛЛАР керак эди… Айтинг…

Нимани қизғандик ёки қизғаниб яшаймиз… Айтинг…

Ҳаммасига шу дунё ишлари айбдорми?!

Аслида, дунё ишлари асло ТУГАМАЙДИ… Аксинча, улар ИНСОНЛАРНИ ТУГАТИБ ЮБОРАДИ

 

Тошкент вилоят бош имом-хатиби
ўринбосари Нурали МАВЛАНОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan