Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Эҳтиёт бўлинг – интернетда таҳдид

Эҳтиёт бўлинг – интернетда таҳдид

Бугунги кунимизни интернетсиз тасаввур қилишимиз қийин. Ҳар бир ишимизда интернетга мурожаат қиламиз. Бирор муаммога дуч келсак ҳам, кундалик юмушларимизда савол туғилса ҳам ана шу тармоқлардан ахтарамиз. Интернет шунақа нарсаки, у худди очиқ дарвозага ўхшайди. Ундан ҳар қандай ахборот оқими селдай кириб келаверади. Ўз вақтини, имкониятларини фақат интернет учун сарфлаётган ёшлар эса нафақат вақтини бекор ўтказадилар, балки ёвузлик тўрига илиниб қолишлари мумкин.

Айниқса, экстремистик оқим вакиллари учун интернетнинг очиқ дарвозаси жуда қўл келмоқда. Сабаби, ҳозирда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компюьтер ва интернет технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқда. Аксарият ҳолларда бузғунчи оқимлар, ёшларга муаммоларига ёрдам беришни ваъда қилиш ёки динни ўргатаман, деган мазмундаги ваъдаларга ишонтириш билан ўзига эътиборни жалб этади. Табиийки, қизиққон ва интилувчан ёшлар қандай ёмон йўлга кириб қолганини ўзи ҳам англай олмай қолади. Ана шундай ачинарли вазиятга дуч келмаслик учун аввало ҳар бир ўғил, қиз илмли бўлишга интилиши лозим. Унга етиб келган маълумот ҳақида мулоҳаза юритиши, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туриши муҳим саналади.

Қолаверса, дин илмини ўрганишни ният қилган ёшлар учун юртимизда мадрасалар, институт ва университет фаолият юритмоқда.

Аллоҳ таоло ўзи ояти каримасида инсониятни огоҳликка чақириб шундай марҳамат қилади:

“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканлигини билгунча кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар.

Чиндан ҳам, инсон қизиқувчан, у янгиликларни кутиб яшайди. Бироқ, интернетдан келаётган ишончсиз маълумотларни қабул қилиб олиши унинг учун зарарлар олиб келиши мумкин.

Ўтган йиллар мобайнида Европа олимлари ёшларнинг илм олиши ҳақида тадқиқот олиб боришганда, натижа кўпчиликни ҳайратга солади. Яъни, ёшларда диний дунёқарашнинг шаклланиши кўп жиҳатдан глобал тармоқ – интернет орқали узатилаётган маълумотларга боғлиқ бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлашади. Ғарб мамлакатларида истиқомат қилаётган кўплаб мусулмонлар кундалик дуч келаётган муаммоларига улар амал қилиб келаётган эътиқодлари – ислом қандай муносабатда эканини билишни истайдилар. Бу вазият юртимизда ҳам учраб туради. Ҳамда аксарият юртдошларимиз ўз саволларига сайтлардан жавоб олишга интиладилар. Бироқ, ана шундай ҳолатда, Республикамизда фаолият юритаётган диний масканлар ёки шу соҳанинг мутахассисларига мурожаат этишлари афзалдир. Демак, ҳар соҳада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда энг муҳим шарт – баландпарвоз тавсиялару таги пуч ғояларга ишонмаслик керак. Айниқса, диний мазмундаги масалаларга дуч келган пайтда аллақандай сайтлардан эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ҳамда Айдарбек Тулеповнинг яқинда тўлдирилган қайта нашр этилган   “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида тавсия этилган диний идора тасарруфидаги сайтларидан   фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Аҳолининг дунёқарашини шакллантиришда, ёшлар онгидаги бўшлиқни тўлдиришда бугунги кунда оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда интернетнинг  ҳам аҳамияти беқиёсдир. Шундай экан, назоратни аввало ўзимиздан бошлашимиз зарурдир. Эътибор берайликки, биз фарзандлару яқинларимизга эмас кўп вақтимизни ана шу тармоқлардаги мазмунсиз маълумотларни олишга ёки ўйинлар дарёсига ғарқ бўлишга сарф этмаяпмизмикин? Балки бекор кетаётган шу вақтимизни фойдалироқ ишларга сафарбар этсак,  ҳаётимизга мазмун кириши мумкиндир. Албатта, ҳушёрлик ва зийракликни ҳам ҳамиша қўлдан бой бермаслик муҳим аҳамиятга эгадир. Маҳмуд Замахшарий айтганидек:

“Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, маҳфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур”.

                                  “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Мадраҳимов Муҳаммадаъло