Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Эҳтимол биз ёқтирмаган нарсада яхшилик бордир?!

Эҳтимол биз ёқтирмаган нарсада яхшилик бордир?!

Аллоҳ таолло марҳамат қилади: “…Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара сураси 216-оят).

Куз. Хазонрез вақти. Одам этини жунжуктирувчи муздек ҳаво. Дарахт япроқларининг ярми тўкилган, қолганларини тезроқ тушириш учун шамол ниқтаётгандек. Осуда уйқуга тайёргарлик бошланган. Ҳовлидаги гул кўчатларини тувакларга олар эканман телефон жиринглаб қолди. Маҳалладошим Хулкарой саломлашгандан сўнг: “Опа, илтимос, укамнинг уйига келсангиз, маслаҳатли иш бор”, – деди.

Илтимосини рад эта олмадим. “Тинчлик бўлсин-да”, дея йўлга тушдим. Йўл-йўлакай хаёлим қочди: “Маликахоннинг бу дунёдан ўтганига ҳам беш йил бўлибди-я. Мустафо билан умргузоронлик қилди, беш нафар фарзандли бўлди, фақат бир қизини турмушга чиқариб, битта неварали бўлди. Оғир хасталикка чалинди, шифокорларнинг қўлидан ҳеч нарса келмади. Одам ўзи билан ўзи оввора бўлиб қоларкан-да. Қолган қизлари ҳам балоғатга етиб, анча улғайиб қолишди. Шу пайтга қадар турмушга чиқишмади-я. Эркак киши ёлғиз қолмасин эканда. Мустафога ҳам қийин бўлди, бошқа оила қурмади”. Хаёлларим билан бўлиб дарвоза олдига келганимни ҳам пайқамабман. Ичкаридан келаётган овозлардан ўзимга келдим: “Амма, қўйинг. Майли, нима бўлса, бўлар. Барибир турмушга чиқмайман. Ахир укаларимнинг, дадамнинг аҳволи нима бўлади?”

Салом бериб ичкарига кирар эканман беихтиёр: “Хой, хой Муслима, Мунаввар! Секинроқ, жон қизларим, аммалар меҳмон-ку, меҳмонга бундай такаллуф қилинмайди, уят бўладия, сиздай қизларга ярашмайди!” – дедим. “Қани ичкарига кирайликчи, бафуржа гаплашамиз”, – дер эканман, Мустафонинг: “Келинглар, келинглар”, – дегани эшитилди.

“Ука, уйдамидинг?!” – деди аммаларнинг бири, иккинчиси: “Ака, уйда экансиз-ку, бу қизларингиз…”, – дея олди холос, кўзларига ёш олиб, йиғлаб юборди.

Уйга кирдик, салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашгач, аммаларнинг каттаси сўз бошлади: “Муслима ва Мунавварга кўп жойлардан совчилар чиқяпти. Булар эса турмушга чиқишни хоҳлашмаяпти. Анчадан бери сўраб юрган оила бор. Иккала оила ҳам намунали, яхши. Кеча қуда бўлмиш келиб, “Жиянларингиз ёш бўлса, ахир сиз аммасисиз, йўлга солсангизчи, укангизга ҳам осон тутманг-да. Яхши қизлар бўлгани учун келин қиламиз деб аҳд қилганмиз. Ўғлим ҳам шу қиздан бошқасига унамаяпти. Ахир тенги чиқса текин бер, деган гап бор халқимизда. Вақтида уйли-жойли, бола-чақали бўлсин-да”, деб танбеҳ бериб кетди”.

Амма сўзини тугатгач, ҳамма жим бўлиб қолди. Сассизликни Муслиманинг “Мен турмушга чиқмайман, укаларимга қарашим керак. Ана Мунавварни беринглар”, – деган сўзи бўлди. Мунаввар эса опасидан олдин ҳеч қачон турмушга чиқмаслигини, укалари ва дадасини ўзи эплашини айтди.

Кичик амма: “Қизалоқларим, пешонада бор эканда, ким шундай бўлишини хоҳлабди. Мана, сизлар ҳам укаларингизни ташвишини қиляпсиз. Биз ҳам жигарларимизни – сизларни ўйлаймизда. Отанг ҳам сизларни кўнглингизга қараб, нуқул уйланмайман, дейди. Ахир сўққабош ўтмайдику”, – деб яна йиғлаб юборди.

Ота жим… Бир қизларига, бир опа-синглисига қарайди… Чорасиз…

“Опажон, сиз ҳам бирон нима денг”, – деди Хулкарой менга юзланиб.

“Бу дунё синовли дунё. Ҳар ким тоқатига яраша имтиҳондан ўтар экан. Лекин сабрлилар куни келиб мукофотига сазовор бўлар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда” “Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир” (Анфол сураси, 46-оят), дея марҳамат қилган. Яна бир ояти каримада: “Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берулур” (Зумар сураси, 10-оят), дейилади. Иншааллоҳ, чиройли сабрларингиз сабаб бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ажру мукофотларга мушарраф бўласизлар.

Жон қизларим, Аллоҳ таоло барча мавжудотларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Никоҳ, оила динимизда муқаддас саналади. Оила қуриш суннат, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни никоҳланишга буюрганлар. Ҳадислардан бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: “Ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ”, деганлар” (Термизий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифларида: “Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дея марҳамат қилганлар. Олийгоҳларни тугатдингиз, айни палласи, Отангизни дуосини олиб, оқ фотиҳаси билан оила қуришингиз, фарзандли бўлиб, чиройли тарбия қилишингиз лозим. Отангиз ва укаларингизга келсак, отангизнинг бундай ёлғиз юриши ҳам яхши эмас, муносиб бир аёл топиб, уларни ҳам уйлантириб қўйиш вазифамиз. Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин”, – дедим.

Сўзларимдан тетиклашган Мустафо қизларига қараб: “Онангиз билан доим сизларни бахтли кўришни, тўйлар қилиб, набирали бўлишни орзу қилардик. Онангизнинг орзуси, менинг истагимни рўёбга чиқаринглар. Сизларни бахтли-саодатли кўришни хоҳлаймиз…”, – деди-да, ўрнидан туриб чиқиб кетди.

Ўтирганларнинг кўзи жиққа ёш эди. Қизлар тақдирга рози бўлиб, оталарининг дуоси билан оила қуриб, янги остонага қадам қўйишга тайёр эдилар. Аммаларидан узр сўраб, тўйга розилигини билдирдилар…

Бугун маҳаллада қизларнинг каттасини жажжигина ўғлини еталаб уйига келаётганини кўриб қолдим. Қалин сўрашдик, ҳаётидан мамнунлиги шундоққина юзидан кўриниб турарди. Отаси, укалари ва синглисининг ҳам аҳволи яхши эканини эшитиб жуда мамнун бўлдим.

Эшитган маълумотларимдан руҳим енгил, кайфиятим чоғ бўлди. Қизларнинг, оиланинг ҳаққига чин дилдан дуолар қилдим. Хотиралар қўлимга қалам олиб, ўқиганингиз ҳаётий ҳикояни битишимга сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, биз ёқтирмаган нарсада яхшилик бўлса, не ажаб!

Оққўрғон тумани отинойиси Арсланова Шоира

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan