Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Душман ҳам беҳикмат яратилмаган (огоҳликка даъват)

Душман ҳам беҳикмат яратилмаган (огоҳликка даъват)

“Эрурсен шоҳ, агар огоҳ сен-сен,

Агар огоҳ сен-сен, шоҳ сен-сен”.

Алишер Навоий.

 

Бир ёши улуғ кишининг жанозасига таклиф этишди. Пешин намозидан сўнг сариқ рангли маршрут автомашинаси масжид олдига келиб тўхтади. Ўн нафарга яқин киши машинага ўтирдик. Қаршимдаги инсон чамаси саксон ёшларни қарши олган, очиқ чеҳрали, табассум ва ширин сўзга бой Ғулом ҳожи ота эдилар.

У киши икки қўллари билан хассаларига суяниб, нималарнидир хаёл суриб кетарди. Одатлари жуда ҳам кам ва оҳиста гапирар, гапиришни истасалар хассаларини ерга бир-икки бор оҳиста урар ёки тамоқ қириб қўяр, атрофдагилар қулоқ тутса юзда табассум билан гапирар, йўқса ҳеч нарса бўлмагандек индамай қўяверар, хуллас кўпни кўрган ҳикматли инсон эдилар.

Бир муддатдан сўнг йўл-йўлакай автомашина ичида ўша одатига кўра хассаларини ерга бир-икки бор оҳиста қоқиб қўйди.

Тингловчидек юзларига қарадим.

Бир лаҳза сукут сақлаб турдида, сўнгра чўзиқ овозда: “Домла-а-а!”, деб сўз бошлар экан, шундай деди:

“Айрим одамларга ҳайронсан, душманим, душманим, деб душманларидан нолиш ва нафратланишдан нарига ўтмайди. Аслида, душман ҳам беҳикмат яратилмаганми, дейман…

Улар бор, инсон доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшайди. Етти ўлчаб, бир кесади. Яхшилик ва дўстликнинг қадрига етади. Шу маънода душман ҳам ўзи билмаган ҳолда рақибига дўстлик қилиб қўяди, десам нотўғри бўлмас-а, ҳа домла-а-а…”.

Яқинда у кишининг вафот этганини эшитиб қолдим. Охиратлари обод, жойлари жаннатда бўлсин!

Ўйлаб кўрсам, ушбу содда сўз остида ҳам катта ҳикмат бор экан. Зотан, доно халқимиз орасида “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”, деган нақл бор.

Балки, “Қари билганни пари билмас”, деб шуни айтсалар керак…

Бугун дунёнинг кўплаб заминларида турли ғаразли кимсаларнинг ваҳшийликлари натижасида кўп сонли инсонлар ҳам маънавий, ҳам жисмоний, ҳам иқтисодий зиён-захмат чекмоқда.

Уларнинг кўплари майиб-мажруҳ, қанчалари бева ва тул, қанчалари етим-есир, қанчалари оч ва сувсиз ҳамда бошпонасиз хатарли ҳаёт кечирмоқда. Улардан бир нечталари бегуноҳ дунёдан кўз юмса, уларнинг яқинлари айрилиқ азобида ёнмоқда.

Буларнинг барчаси огоҳ бўлмаслик, тарих сабоқлари ҳамда бугун атрофда содир бўлиб турган ҳодисалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва мудхиш оқибатларидан ибрат олмасдан, шошқалоқлик билан бемаслаҳат иш кўриш натижасидир. Халқимизда “Ўз уйингни ўзинг асра” деган ажиб бир нақл ҳам бор.

Ҳар вақт шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам душмани бор бўлган. Шундай экан, ҳар балони душмандан кўриб, нолиб ўтиришда нажот йўқ. Балки, ўйлаб, бомаслаҳат, зукколик ва ибрат билан иш тутмоқ даркор.

Буларнинг барчаси огоҳ бўлмаслик, тарих сабоқлари ҳамда бугун атрофда содир бўлиб турган ҳодисалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва мудхиш оқибатларидан ибрат олмасдан, шошқалоқлик билан бемаслаҳат иш кўриш ва қарор қабул қилиш натижасидир. Халқимизда “Ўз уйингни ўзинг асра” деган ажиб бир нақл ҳам бор.

Бугунги душманлар аввалгилардек “содда душман” эмас. Улар рақиби томон ўз элчиларини юбориб, маълум талаб ва шартларини қўйиб, бажарса бажарди, аксинча уларнинг заминига уруш очишларини ошкора билдирганидек очиқдан-очиқ душманлигини изҳор этмайди.

Билакс, улар ўзларини энг яқин ва мададкор дўстдек кўрсатишни, ўзлари эса уруш майдонида асло кўринмасликни маъқулроқ ва манфаатлироқ, деб билади. Ўз мақсадларига шу тариқа тез ва осонроқ эришади. Жумладан, улар ҳарбий қўшин ва қурол харажатларисиз, шунингдек, қон тўкиш ва турли ташвиш-хатарларсиз, биргина “пуф” сўзи билан кифояланиб, содда халқни ўзи билан ўзини ёки қўшниси билан уруштиради, уларнинг қурол, озиқ-овқат ва дори-дармонга бўлган эҳтиёжини кучайтиради, ўзлари эса жанг майдонида на руҳан, на жисмонан ва на иқтисодан зиён кўради. Балки, иқтисодий манфаатлари юқори бўлиб, ўз муродларига осонгина эришади.

Биргина мисол. Кечагина бир қатор араб давлатларида бошланган, сабаблари эса турлича таҳлил этилган “Араб баҳори”, дея аталмиш фожияли кунларни, бугун эса ҳаммасидан ошиб тушган, қанчадан қанча пайғамбарларнинг азиз хоклари жойлашган муқаддас икки диёр – Сурия ва Ироқда пайдо бўлган “ИШИД” номи оситидаги бир гала тўдаларларнинг чанг-тўзонларини мушоҳада қилиб кўрайлик. Яширин душманлар даставвал араб халқининг боши узра гўё баҳор келгандек, иш бошлади. Аслида эса уларнинг бошларига кузнинг тўзонли, ундан кейин эса қишнинг бўронли кунларини солмоқчи эди. “Кутилган натижа”га эса нафақат араб аҳли, балки бутун дунё шоҳид бўлмоқда. Бугун Сурия, Ироқ, Яман каби давлатларда миллионлаб инсонлар ўз ватандошлари томонидан ўққа тутилди.

Инсоният, давлат эртаси ҳисобланмиш ёшларнинг таълим-тарбиясичи…

Яна қанчалаб санаб бўлмас маънавий, жисмоний ва иқтисодий зарарларчи…

Ўз уйини ташлаб, омонлик тилаб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрган миллионлаб қочоқларчи…

Дунё бағрига сиғдира олмас қувноқ ва завқларни тангадек гўзал ва порлоқ кўзларига сиғдира олган ёш болалар қалбидаги қўрқувларчи…

Тоғлар кўтара олмас меҳр ва шафқатларни заиф вужудларида кўтара олган оналар вужудидаги изтироб ва аламли дахшатларчи…

Денгизнинг қора уммонлари этагида қуриган дарахт шохичалик кучи бўлмаган балонли қайиқларда унинг аёвсиз уммонларини кечиб ўтаман, деб денгиз қаъридан “қўним” топаётган бегуноҳларчи…

Уларни санашга ҳам, таъбири учун ҳам тиллар ожиз…

Аждодларнинг неча асрлик меъроси ва меҳнатлари бир лаҳзада издан чиқса-я…

Давлатни давлат қилиш, тинч, осуда ва фаравон ҳаётни барпо этиш учун бир неча йиллар, балки асрлар керак бўлса, уни йўқ қилишга бир лаҳза ҳам кифоя экан.

Шу дамларда ойнаи жаҳонда Суриядаги кўп қаватли юзлаб уйларни кўрсатишди. Қани энди улар ичидан одам зоти нари турсин, ойнага осилган бир парча парда тополсам…

Ҳа… Мана бу ишларни фитна, дейдилар.

Бежизга Пайғамбаримиз Муҳаммад (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин): “Фитна уйқудадир. Ухлаб ётган фитнани уйғотган ва қўзғаган кишини Аллоҳ лаънатласин!”, деб, фитна ва унинг ёмонликларидан огоҳ этмаганлар. (Имом Рофиъий ривояти).

Келинг, мана шу яширин душман номини “кўринмас учинчи қўл”, деб атайлик, нима дейсиз…

Атрофга боқиб, бугун шундай заминда доно ва меҳрибон арбоблар бошчилигида фаравон ҳаёт кечираётганинг учун беихтиёр шукроналар айтиб юборасан киши.

Агар огоҳ сен…” асари муаллифи Н.Жўраев таъбири билан айтганда, бугун юртимизда янгиланишлар жараёни шу даражада тезлашдики, ҳар бир кунимиз йиллар мазмунига тенг бўлмоқда. Турмуш тарзимиз ҳам, онг ва тафаккуримиз ҳам тубдан ўзгармоқда. Бу бевосита истиқлол, ислоҳот ва мана шу икки тушунчани ўз ҳаёти ва меҳнат фаолиятида мужассам этган далатимизнинг биринчи Раҳбари номи билан боғлиқ.

Истиқлолнинг биринчи кунларида динга бўлган кескин эркинлик натижасида дин ниқоби остида юртимизга кириб келган турли диний секталар ва уларнинг ёшлар онгу эътиқодига таъсири, вақтлар ўтиб Андижон шаҳрида бир гуруҳ қуролланган жиноятчилар томонидан 2005 йилнинг 12-13 май кунлари содир этилган аҳмақона ҳаракатлар, 2010 йилнинг 11-15 июнь кунлари Қирғизистон Республикасининг жануби – Ўш шаҳри ва Жалолобод вилоятида ўзбек миллатига мансуб аҳолига нисбатан содир этилган қонли фожиа ва хунрезликлар бизнинг она заминимизга “кўринмас учинчи кўл” душманлар томонидан оҳиста босилган илк қадамлар эди.

Бу қадамлар заҳри ўз вақтида ҳис этилди ва бу борада энг маъқул ҳамда муносиб чоралар кўрилиб, соя солиши мумкин бўлган фожиали кунларнинг олди олинди.

Таассуфки, бу ҳолатлардан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан ёки бу борада қабул қилинган қарорларни тўғри баҳоламай, тубанларча ўй сурувчи кимсалар ҳозир ҳам орамизда йўқ эмас.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида аждодларимизнинг маънавий меъросларига дахл қилган турли диний секталарнинг не чоғлик хатарли эканлигини “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида” асарини, Андижон шаҳридаги ҳолатни “Ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди” асарини, Қирғизистонда содир этилган воқеаларни “Биз ҳар томонлама бағрикенг халқмиз” асарини ўқиган, бу борада хорижий давлатларнинг етук арбоблари, сиёсатчилари, ишбилармонлари, ОАВ вакиллари ҳамда юртдошларимиз томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар билан танишган инсон борки, ўзбек халқи Арбоби бутун дунё мамлакатлари раҳбарларига ўрнак бўла оладиган, тарихий улкан иш тутганига мутлоқ амин бўлади!

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди:

Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ киши бирор хабар келтирса, (унга) аниқлик киритиб кўринглар. Бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилмишингизга надомат қилувчи бўлманглар!”. (“Ҳужурот” сураси, 6-оят).

Шуни доимо ёдда тутиш керакки, ояти каримадаги “фосиқ” ўз фаолияти давомида ўзини асло ва асло душман сифатида кўрсатмайди. Аксинча, меҳрибон ва жонфидо дўстдек намоён этади.

Ушбу ҳақиқатни 2015 йил юртимизнинг қатор телевиденияларида намойиш этилган, Саид-Абдулазиз ЮСУПОВ муаллифлигида тайёрланган халкаро терроризм моҳиятини очиб берган “Оқ ва қора” телекўрсатувда ҳикоя қилинган ибратли тарихдан ҳам уқишимиз мумкин.

Юқоридаги учта ҳолатларнинг барчаси “кўринмас учинчи кўл” душманларнинг юртимиз узра усталик билан юборган “фосиқ хабарчиси” эди. Агар бу ҳолатларга аниқлик киритилмай, саёз ва шошқалоқлик билан ёндошилганида бугун ҳолат бошқача бўлиши, ўз қавмимиз, яъни ўзимизга ўзимиз мусибат етказиб қўйишимиз, тушунганимизда эса барчасига кеч бўлиши мумкин эди.

Доно халқимиз “Сўнги пушаймон ўзинга душман” деганидек, қилмишдан сўнги надоматдан кимга наф…

Давлатимизнинг биринчи Раҳбари И.Каримов таъкидлаганларидек: “Огоҳ бўлинг, одамлар! – деган даъват ҳамиша бонг ургандек янграб туриши керак. Фахрланиш мумкин ва лозим бўлган бебаҳо қадриятлар – ўз мустақиллигимизни, тинчлигимизни, жамиятда миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги тотувликни асранг.

Ўз эркимизни қандай тасарруф этиш, уни бугунги мураккаб ва баъзан шафқатсиз дунёдаги ҳаддан зиёд хавф-хатарлардан сақлаш ҳар биримизга боғлиқдир”.

Шу дамда “автобусда топилган ҳикмат” ёдимга келди:

“Ҳаётда инсон қадамининг тойилиши ернинг яхмалак ёки сирпанчиқлигидан эмас, оёқ қадамининг нотўғри босилишидан экан. Акс ҳолда барча қоқилган бўлар эди. Зотан ҳаёт йўлларида яхмалак ёки сирпанчиқ бўлмаган йўлнинг ўзи йўқ”.

Ҳа, аслида ҳам шундай. Чунки, ҳаёт йўлининг ҳар қадами сирпанчиқликлардан иборат. Айниқса, бугунги асрда.

Дарҳақиқат шундай. Ҳар ким ўзининг ақл қаричи билан иш тутиши энг катта фожиадир. Бугунги мураккаб бир даврда кўпни кўрган улуғлар, олиму фозиллар ва раҳбарларнинг маслаҳат ва кўрсатмаларига монанд иш тутган ва огоҳ бўлган инсонгина бахтли ҳаёт кечиради.

Имом Бухорийнинг (У зотга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) “Ал-Адаб ал- Муфрад” асарида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилади:

Ҳасан (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) Аллоҳга қасамки, бомаслаҳат иш тутган қавм сўзсиз ўзлари олдидаги энг афзал йўлга бошланади”, деди ва қуйидаги оятни ўқиди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло ўзи яхши кўрган бандаларини “Уларнинг ишлари ўзаро ўрталарида маслаҳатли ҳолда амалга оширилади”, деб сифатлайди”. (“Шуро” сураси, 38-оят).

Азиз Ватандошлар! Дунёда душманлар ҳам беҳикмат яратилмаганини ҳис этган ҳолда, тарих сабоқлари ва айни дамда атрофда содир бўлаётган ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, бугун биз қандай заминда, нек арбоблар бошчилигида, қандай маънавий ва моддий неъматларга бурканиб яшаётганимизни чуқур ҳис этмоғимиз, унинг қадрига етиб, ўз Уйимизни Ўзимиз асрамоғимиз даркор!

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун биз “ИШИД” мисол фирқаларнигина ёмонлигини англаб, ундан огоҳ бўлиб яшашнинг ўзи билан ҳозир ва бундан кейин ҳам авж олиб бораверадиган фитналар хавфидан омон қолмас эканмиз. Зотан, бу мисол фирқа эртага ағдарилса, индинига яна бошқаси “кўринмас учинчи қўл” кўмагида ҳеч ким кутмаган оёқ остидан ўзгача кўринишда гавдаланиб келаверади.

Балки, Она Ватанимизда амалда ҳамон мавжуд бўлган, азиз ота-бобо ва она-момоларимизнинг тутган оқилона йўллари бўлмиш – мазкур “Ҳужурот” сурасининг 6-оятига мовофиқ йўл тутмоғимиз бизни марра ва нажот сари етаклайди.

Зангиота тумани бош имом-хатиби

НУРАЛИ Мавланов