Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ДУОНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ДУОНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай эди: агар бомдод намозини ўқисалар, одамларга сўзлашдан олдин ўн марта ушбу дуоларни айтардилар:

«Аллоҳдан бошқа маъбуд-барҳақ йўқ, У ягона, Унинг бирон-бир шериги йўқ. Барча мулк Унга хос ва ҳамма мақтов Ўзигадир. У тирилтиради ва ўлдиради. У ҳар нарсага қодир Зот».

Сўнг энг улуғ истиғфорни ўқир эдилар:

«Эй Аллоҳим! Сен Парвардигоримсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлгунимга қадар Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сенинг номинг билан ёмонликларимдан паноҳ сўрайман. Менга берган барча неъматларингни эътироф этаман. Гуноҳларимни бўйнимга оламан. Сендан бошқа ҳеч бир зот уларни мағфират эта олмайди». Имом Бухорий ривояти.

Яна ушбу дуоларни ҳам айтардилар:

«Ислом табиати ва ихлос калимасига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дини ва Исломга мойил ҳамда мусулмон, мушриклардан бўлмаган отамиз Иброҳим алайҳиссалом миллатига биноан субҳга дохил бўлдик».

Қуйидаги дуоларни ҳам ўқирдилар:

«Эй Аллоҳим! Амрим хомийси бўлган динимни менга салоҳиятли эт, яшайдиган дунёимни менга фойдали қил, қайтиб борадиган охиратимни менга яхши этгин, ҳаётни ҳар бир яхши амалда менга зиёда қилгин. Ўлимни ҳамма ёмонлик ва ёвузликдан менга роҳат айла!»

Абу Дардонинг қуйидаги дуолари билан ҳам дуо этардилар:

«Эй Аллоҳим! Сен Парвардигоримсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ. Ўзинггагина таваккал этдим. Сен улуғ арш Роббисисан. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади ва хоҳламагани бўлмайди. Куч ва қувват фақат Олий Улуғ Аллоҳ биландир. Мен биламан, чиндан ҳам Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳар бир нарса илмини билади. Эй Аллоҳим! Мен Сенинг номинг билан нафсим ёмонлигидан ва тасарруфлари Сенинг измингда бўлган барча махлуқотлар зараридан паноҳ тилайман. Чиндан ҳам Парвардигорим тўғри йўлга бошлайди».

Бу дуоларни ҳар бир мурид – изловчи ҳифз қилиб олмоғи лозим. Ҳар бир мусулмон киши бомдод намозига чиқишдан олдин уйида субҳ намози суннатини адо қилиб олмоғи зарур. Сўнгра масжид томон ушбу дуоларни ўқиб юради:

«Эй Аллоҳим! Сендан сўровчилар ҳаққи сўрайман, мана шу юришим ҳаққи, мен уйимдан ёмонликни ҳам, кибрликни ҳам, риёни ҳам, обрў-эътиборни ҳам истаб чиқмадим. Мен ғазабингдан сақланиш ва розилигингни топиш мақсадида чиқдим. Оташи дўзахдан қутқаришингни Сендан сўрайман, гуноҳларимни мағфират этишингни тилайман. Бас, Сендан ўзга ҳеч бир зот хатоларни кечирмайди». Ибн Можа ривояти.

Масжидга кирганда Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу дуоларни ўқийди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Сизлардан бирингиз масжидга кирса, аввал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсин, сўнгра қуйидаги дуони ўқисин:

«Эй Аллоҳим! Менга раҳмат эшикларингни очгин!»

Сўнгра биринчи сафни ирода этсин ҳамда муқаддам айтилган дуо ва зикрларни айтиб – дуо қилиб, жамоатни кутиб турсин».

Намоздан кейин масжиддан чиқишда ушбу дуоларни айтади:

«Эй Аллоҳим! Мен Сенинг фазлингни сўрайман!»

Бомдод намозини адо этгандан кейин қуёш чиққунга қадар масжидда бўлиши мустаҳабдир. Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишларича, у зот алайҳиссалом айтдилар: «Бир киши жамоат билан субҳ намозини адо этса, сўнг қуёш балқигунга қадар масжидда Аллоҳ зикри билан машғул бўлиб ўтирса ва қуёш чиққандан кейин икки ракат намоз адо этса, унга ҳаж ва умра савобига ўхшаш тўла-тўла мукаммал ажр бўлади». Имом Термизий ривояти.

Унинг вазифалар билан ўтадиган вақти тўрт хил бўлсин: дуо, зикр, қироат ва фикр. Имкониятига қараб уларни адо этсин. Кундалик вазифасини ва яхшиликларини адо этишдан уни машғул этадиган турли тўсиқ-ғовлар ҳақида фикр этсин. Аллоҳ неъматлари шукрини тўла адо этиш ғамида бўлсин.

Иккинчи вирд (вазифа) – қуёш чиққандан то чошгоҳ вақти ўртасида адо этиладиган вирд. Бу эрталабдан уч соатлар ўтганда бўлади. Агар кун ўн икки соат деб фараз этилса, бу унинг тўртдан биридир. Бу вақт жуда шарофатли фурсат бўлиб, унда икки вазифа мавжуд:

  1. Зуҳо – чошгоҳ намози. Унинг вақти қуёш чиққандан то завол вақтининг ярмисига тенг вақт ичида, яъни қуёш кўтарилган вақтдан то заволдан олдинги вақтга қадар. Ҳазрат Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини тўрт ва Аллоҳ хоҳлаганича ундан зиёда ракат қилиб адо этардилар, деб айтилган.
  2. Бетобларни зиёрат этиш, жаноза намозида иштирок этиш ёки илм мажлисида ҳозир бўлиш ё бирон-бир муслимнинг ҳожатини раво этиш каби инсоний хизматларни адо этади. Агар бундай хизматлардан биронтаси бўлмаса, ўзини қироат ва зикр билан машғул этади.

Учинчи вирд – зуҳо вақтидан то заволга қадар вақт ичидаги вазифа тўртта, яъни зикр, намоз, қироат ва фикрдан иборат. Бундан иккиси зиёда:

  1. Касб-кор, тирикчилик билан машғул бўлиш, бозор-ўчарга бориш. Агар тожир бўлса, ростгўйлик ва омонатга хилоф иш тутмай тижорат этиш. Агар бирон-бир ҳунарманд бўлса, қўл остидагиларга насиҳат ва раҳм-шафқат кўрсатиб иш олиб бориш. Ҳамма машғулот ва касбу-ҳунарларда Аллоҳ зикрини ҳеч қачон унутмаслик ҳамда оз нарсага қаноат этиш. Аллоҳ бу ҳақда хабар бериб айтади: «Эй мўминлар! Сизларни мол-дунёларингиз, фарзандларингиз Аллоҳ зикридан машғул этмасин. Кимда-ким зикруллоҳни унутса, бас, ана шулар зиёнкордирлар» (Мунофиқун сураси, 9-оят).
  2. Қайлула – бир оз мизғиб хордиқ чиқариш. Маълумки, кундузи бир оз истироҳат олиш кишига кечалари қоим бўлишда ёрдам этади, чунончи саҳарлик (таом емоқ) этиш – кундузи рўза тутишда дармон бўлади. Агар истироҳат учун ухласа, завол (туш)дан олдинроқ огоҳ бўлишга тиришсин ва вақт киришидан олдин намозга ҳозирлик кўрсин.

Билинг! Бир кеча кундуз йигирма тўрт соатдан иборат. Шу вақтнинг учдан бирида ухлаш кифоя. Бу саккиз соатни ташкил этади. Кимки бу вақтдан оз ухласа, жисми тўла истироҳат топмаган бўлади. Бундан зиёда вақт ором олиш ҳам инсонни дангаса – ялқов этади. Кечаси кўпроқ ухлаб дам олган кишининг кундузи қайлула этишига ҳожат йўқ, балки кимки кечаси кам ухлаган бўлса, кундузи шу камликни тўлдириш учун ухлаб ором олса бўлади.

Тўртинчи вирд – завол билан пешин намозларидан фориғ бўлгунга қадар вақт ичидаги вазифа. Бу кундузги вирдларнинг энг қисқа ва энг афзалидир. Бу вақтда агар муаззин азон айтиб қолса, унинг азонини такрорлаш лозим. Сўнг тўрт ракат намоз ўқийди. Бу ибодатни осойишта – ором билан адо этиши мустаҳаб, зеро, шу вақтда осмон эшиклари очилган бўлади. Сўнгра пешин намозини ва унинг суннатини адо этади. Ихтиёрий равишда тўрт ракат нафл намоз ўқийди.

Бешинчи вирд – аср намозигача бўлган вақт ичида у киши зикр айтиши, намоз ўқиш, турли хайр-эҳсон амалларини бажариши билан машғул бўлади. Амалларнинг энг яхшиси намоздан кейин намозни кутиб туриш.

Олтинчи вирд – аср намозининг вақти бўлганда то қуёш сарғайгунга қадар бўлган вақт. Бу муддат орасида икки аср ва мағриб – шом намозларига айтилган азон ўртасида фақат тўрт ракатли намоз ва аср намозининг фарзи мавжуд, холос. Сўнг тўрт қисм вазифа – зикр, намоз, қироат ва фикр юритиш билан машғул бўлади. Бу ҳақда биринчи вирдда айтиб ўтилди. Бу вақт ичидаги энг афзал ибодат – бу тадбир ва фаҳмлаш билан ўқилган Қуръони Карим.

Еттинчи вирд – қуёш сарғайгандан то мағриб ва шом намозига қадар бўлган фурсат энг шарофатли вақт бўлиб ҳисобланади. Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Саҳобаи киром шом – кечки вақтни эрталабки вақтдан ҳам кўпроқ ҳурмат айлаб, кўп ғанимат билардилар. Бу вақтда тасбеҳ айтиш кўп мустаҳабдир. Хусусан, истиғфор айтиш яхши. Мағриб бўлиши билан кундузги вирдлар ниҳояланади. Бас, банда аҳволини мулоҳаза қилиб, ўзининг ҳисоб-китобини қилсин, зеро, ҳаёт йўлининг бир масофаси бугун камайди. Билсинки, умр кунлардан иборат, унинг ҳар бир кунининг ўтиши билан жумла умр тугаб бораверади». Имом Ҳасан Басрий яна айтадилар: «Эй Одам боласи! Дарҳақиқат, сен кунлардан иборатсан, агар бир кунинг ўтса, баъзи аъзойинг ўтади. Киши бугунги куни кечаги кунига баробар бўлдими, деб фикр этсин. Агар бугун у яхшилик этган бўлса, Аллоҳга бу тавфиқ учун шукрлар айласин. Агар бунинг акси бўлган бўлса, бас, у тавба қилиб, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор этсин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади. Салафи солиҳлардан бир жамоа ҳар куни садақа-эҳсон этишни хуш кўрардилар ва имкон борича турли хайротларда жаҳд этардилар».

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшонхўжаев Саидрохим