Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дуонинг қабул бўлиш шартлари (иккинчи мақола)

Дуонинг қабул бўлиш шартлари (иккинчи мақола)

Аллоҳни танидингиз, бироқ унинг ҳаққини адо этмадингиз!

Демак, олим зот биринчи навбатда «Аллоҳни танидингиз, бироқ, Унинг ҳаққини адо этмадингиз», демоқда. Бу нима дегани? Аллоҳни таниш дегани, биринчи навбатда эшитилган маълумотларга таяниб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони танишликдир. Кўпчилик эшитган: “Аллоҳ якка-ю ягона илоҳ, Аллоҳ олий зот, Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, ҳамма нарсани эшитади, бутун мавжудот-у, маҳлуқотни Ўзи яратган, йўқдан бор қилган зот…”.

Шу ва шунга ўхшаш Аллоҳ Ўзи бизга билдирган маълумотларни биламиз. Шу билан ўзимизни овутамиз: «Биз Аллоҳни таниймиз!» деймиз. Мана шу танишлигимиз қандай танишлик ҳисобланади, токи биз таниган Зотни қалбимизда ҳис қила олмасак?!

“Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб турибди” деб, Аллоҳдан бошқа бирор бир инсон кўра олмайдиган жойда хиёнат қилсак?!.

“Аллоҳ бизга ризқ беради, мен-ку, майли, ҳатто океанларнинг тубида, ҳали инсоният етиб бормаган чуқурликларда, кўз илғамас чиғаноқлар ичига кириб олган маҳлуқини ейимликсиз қолдирмаяпти-ку” – деб бошимизни сарак-сарак қилсаг-у, ризқ йўлида бемалол ёлғон ишлатаверсак?! Бундан ҳам катта зиддият борми?

Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 12-оятидан 15-оятигача мўминларга хитоб қилади:

«Айтинг (сўранг): «Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» Айтинг: «Аллоҳники». У ўз устига (осмону ердаги бор мавжудотга) раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб қўйгандир. У албатта сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган Қиёмат кунига тўплайди. Фақат ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар. Кеча ва кундузга жо бўлган бор нарса унингдир. У эшитгувчи, билгувчидир. Айтинг: «Ўзи ризқланмай – таомланмай (барчани) таомлантирадиган, осмонлар ва ернинг яратгувчиси бўлган Аллоҳдан ўзгани дўст тутайми?!»

Айтинг: «Албатта мен Аллоҳга бўйсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр қилинганман)». Ҳаргиз мушриклардан бўлманг! Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ кунда (Қиёматда Аллоҳ томонидан) бўладиган азобдан қўрқаман».

Оятда Аллоҳни танишлик билан иш битмаслиги очиқ, равшан айтилмоқда. Аллоҳни танидим, деб даъво қилган шахс Аллоҳдан ўзгани ҳақиқий, мукаммал маънода дўст тутиши мумкин эмаслиги баён этилмоқда. Аллоҳ таоло мана шу буйруқни бергач, давомидан: “Ҳаргиз мушриклардан бўлмангиз!» деди. Демак, Аллоҳни танимоқликнинг энг асосий даъвоси – ана шу илоҳнинг йўлидан мутлақ, оғишмай юриш дегани экан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққини адо этиш орқали ўша танишликни даъво қилиш мумкин экан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида Аллоҳнинг ҳаққи хусусида сўз очиб, бу – Аллоҳдан бошқасига ширк келтирмаслик, деганлар. Тўғри, бу сўзни кўпчилик, Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмаслик, яъни намоз ва шунга ўхшаш диний ибодат номини олган ишларни бошқага қилмаслик, деб тушунадилар. Аммо Аллоҳга бошқасини шерик қилмаслик дегани, аслида, ҳар бир масалада, ҳар бир жабҳада, кеча-ю, кундуз, еру, самода, уйда-ю, ишда, жамиятда-ю, оила ичида яққол кўзга ташланади. Аллоҳ таоло қайсики оятида: «Эй иймон келтирганлар, уни қилинг, буни қилинг» деган бўлса, ўзини мўминман, деган одам, Аллоҳни танийман, деган даъвоси мавжуд кимса, албатта ўша ишни сидқидиллик билан бажармоғи талаб этилади. Робб таоло бир ишдан огоҳлантирган бўлса, ҳеч нарсага қарамасдан, ўша ишни тарк этмоқ – Аллоҳни танийман, деган кимсанинг шиори бўлмоғи лозим. Буни эса инсон Аллоҳни чин маънода таниб олиш орқали топади.

Ҳазрати Алий таҳорат олаётганларида, кўпинча беҳуш ҳолатда йиқилиб тушар эканлар. Бунинг сабаби сўралганида, у зот: “Мен Кимнинг ҳузурига чиқаётганимни билмайсизларми?» деган мазмунда жавоб берар эканлар. Ҳа, Алий розияллоҳу анҳу Аллоҳни чин маънода таниган зот эди. Шу боис ҳам, унинг ҳаққини бажаришда Аллоҳдан бошқа дўст изламаган. Энг таҳликали пайтларда ҳам фақат Аллоҳга ёлвора олган ва шунинг учун ҳам у зотнинг дуоси қабул бўлган.

Бошқа бир саҳобий – ҳазрати Умарнинг ҳаётига бир назар солинг. Аллоҳни таниган ва шунинг билан биргаликда, у зотнинг ҳаққини адо қилган буюк инсон – Умар! Дунёнинг мана-ман деган баҳодирлари унинг ҳузурига келса, қўлидаги идишлар қалтираб тушиб кетарди. Шундай бўлса-да, Умари одил бир аёлнинг эътирозига индамай бош эгиб турган. Умарни жим қилган эътиқод нима эди: у Аллоҳни таниган эди холос. Аёл киши Аллоҳ юборган Қуръондан ҳужжат келтирди, деган ва жим бўлган, Умар нотўғри айтди, деб, бутун уммат олдида айбини тан ола билган. Аллоҳнинг ҳаққини шу тақлид бажаргандан сўнг, Умарнинг бир парча қоғозига Нил дарёси тўлиб тошмай, нима бўлсин. Кўз илғаб бўлмас масофада кетаётган қўшинга хитоб қилса, Аллоҳ унинг огоҳлантирувини етказишига энди нима қиламиз ажабланиб.

Ҳазрати Умар ва саҳобаи киром Аллоҳни танишликка даъво қилишган ва ўзлари таниган Зотнинг буйруқларига лаббай дея олишган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ уларнинг дуоларини қабул қилган. Аллоҳни танийман, деб, Унинг ҳад-ҳудудлари тинмасдан бузилса, бу мантиқсизликни кўриб турган Улуғ Зот бу бечора қалблар Аллоҳнинг Зотини ҳақиқий маънода таниб олганларидан сўнг дуони ижобат айласа, не тонг!

Иброҳим Адҳамдан Аллоҳ рози бўлсин.

(Давоми бор)

Манба: Islom.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan