Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дуонинг қабул бўлиш шартлари (биринчи мақола)

Дуонинг қабул бўлиш шартлари (биринчи мақола)

Бугун биз сиз азизларнинг эътиборингизга муҳим масалалардан бирини ҳавола этиш ниятимиз бор. Бу масала шунчалик муҳимки, бир неча йиллардан бери мусулмонлар орасида долзарб бўлиб келади. Ўта нозик мавзуни очишда Аллоҳ таъолодан ёрдам сўраймиз.

Бугун кўпчилик берадиган битта савол бор: Аллоҳ таоло Қуръони Каримда, Ғофир сурасининг 60-оятида: «Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан» деб, бандаларига хитоб қилади. Мана шу оятда Робб таоло бизга ваъда бермоқда, дуо қилинг, ижобат қиламан, деяпти. Аммо нима учун биз Аллох таолога тинмасдан дуо қилмокдамиз, У эса дуоларимизни ижобат қилмаяпти. Нима учун шундай? Бу ерда биз тушунмаган бир нарса борми, ёки оят бошқача тафсир қилинадими?

Бундай саволлар анчадан бери берилади. Шу қадар узоқ вақтдан бери бериладики, бундан бир неча асрлар илгари яшаб ўтган зоҳид, олим зотлардан бири – Иброҳим Адҳам раҳимаҳуллоҳга ҳам бу савол йўлланган экан. У зотнингн жавоби қуйидагича бўлган: «Чунки сизларнинг калбларингиз ўнта нарса сабабли ўлган!!!»

Демак, Иброҳим Адҳам ўз ижтиҳоди билан бу масалани ечишга уринган экан. Яъни, кўпчилик тушунмаган ўнта нарса сабабли дуо ижобат қилинмаётганини у зот англаб етган экан. Келинг, бугун ушбу мақоламизда биз ана шу ҳақда фикрлашайлик.

Авваламбор, Иброҳим Адҳам томонидан айтилган ўша ўнта нарсани эслаб ўтсак.

1. Аллоҳни танидингиз, бироқ Унинг ҳаққини адо этмадингиз;

2. Аллоҳнинг Китобини ўқидингиз, бироқ унга амал қилмадингиз;

3. Шайтонни душман деб даъво қилдингиз, бироқ уни яхши кўрдингиз;

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишни даъво қилдингиз, бироқ унинг асари ва суннатларини тарк қилдингиз;

5. Жаннатни севишни даъво қилдингиз, бироқ унга муносиб амал қилмадингиз;

6. Жаҳаннамдан қўрқишни даъво қилдингиз, бироқ гуноҳлардан тийилмадингиз;

7. Ўлимнинг хақиқат эканини даъво қилдингиз, бироқ ўлим учун тайёргарлик қилмадингиз;

8. Бошқаларнинг айблари билан шуғулланиб, ўз айбингизни унутдингиз;

9. Аллоҳнинг ризқини еб, Унга шукр этмадингиз;

10. Ўликларингизни дафн этдингиз, бироқ улардан ибрат олмадингиз!

(Давоми бор)

Манба: Islom.uz