Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дунёдаги энг ёмон ношукрлик

Дунёдаги энг ёмон ношукрлик

Осмондан раҳмат ёмғирини ёғдириб, ўлик ерни тирилтирган Парвардигорга ҳамду-санолар бўлсин. Оламларга раҳмат бўлиб келган зот Пайғамбаримизга саловоту-саломлар бўлсин.

Ислом шариати Арабистон ярим оролида вужудга келиб, бутун дунёга тарқалиб, илму ирфон, маърифатда ва инсон қалбининг энг гўзал хулқларини ер юзига тарқалишида ер юзининг сайқали бўлган Самарқанду Бухоро, Мовароуннаҳр диёри барча халқларга намуна бўлган. Ота-боболаримиз қолдирган маънавий бойликни хозирги кунда ер юзи олимлари кашф этиб тугатолмаётир. Аммо биз уларнинг зурриёти, фарзандлари бўла туриб, нега бугун орқада қолмоқдамиз?! Не сабаб биз ўз аждодларимиз меросидан фойдаланишда ортда қолишимиз керак?!

Инсон ўз вужудида фитрий бир туйғу – жаннатни кўриб келганлиги ва Оламлар роббисига берган “ал-Мисоқ”- даги ваъдасига вафоси ўлароқ гуноҳ қилса хафа бўлади, агар хайрли, савоб иш қилса хушнуд бўлади, севинади. Бу унинг фитрий иймонидандир. Аллоҳ таъоло инсон қалбига иймон уруғини экиб, сўнг бу дунёга келтирди. Кейин эса ўша иймонни ўстириб, қувватлаш учун, уни илм-маърифат суви билан суғориш учун ва куфур деган қароқчидан сақлаши учун ақл неъматини берди. Инсон эса бу дунёга келиб, ўзининг яратган Зотга берган ваъдасини унутиб, гуноҳ қилиб қўяди. Шунда унинг қалбига бир қора доғ тушади. Банда агар тавба қилса, ўша доғ кетади, покланади.  Агарда яна гуноҳ қилса, ўша доғ борган сари каттариб, охири бутун қалбини чулғаб олади. Натижада, иймони ҳам қоронғу бўлиб, ўзини қилаётган ишларини сарҳисоб қила олмай саросимада қолади.

Агарда инсон тавба қилиб яхши амалларни кўпайтирса, илм-маърифат ҳосил қилса, худди ёмғир ёғиб баҳорда ўлик ерни тирилтириб, бутун дунёни гулчамбарга тўлдиргани каби, унинг қалби ҳам ёришиб, гўзал хулқлар билан хулқланади ва натижада, у инсонда қўлидан ва тилидан ёмон ишлар содир бўлмайди. Шунда у ҳақиқий мусулмон бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 Мусулмон киши!

“ Унинг тилидан ва қўлидан ўзга мусулмонлар саломат (омонда) бўлган кишидир. Муҳожир киши эса Аллоҳ қайтарган ишлардан ўзини тийган, қайтган кишидир” – деб марҳамат қилдилар!.

Мусулмон инсон ўзини яратган зот – Аллоҳга доимо ҳамду сано айтади. Ўзини яратиб, неъматлар билан неъматлантириб қўйгани учун шукроналар келтиради. Аммо бирон – бир неъматга ношукурлик қилса, албатта, Аллоҳ у неъматни бандасидан олиб қўяди. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони Каримда  “Агарда (берган неъматим, тақдиримга) шукур қилсаларингиз (неъматларимни) кўпайтириб бераман. Ва агарда ношукурлик қилсаларингиз менинг азобим қаттиқдир!” – дея марҳамат қилади (Иброҳим сураси 7-оят).

Шу ўринда биз инсонга қанча неъмат берилгани тўғрисида мулоҳаза қилиб кўрсак.  Инсон дунёга келганида унинг тўрт мучаси мукаммал, комил аъзолар билан дунёга келади. Ундаги биргина кўзни олсак, эҳ – ҳе, унинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёсдир…

У очилса ҳамма борлиқдаги нарсаларни кўради, юмилса кўрмай қолади. Яхши нарсаларни кўриш учун очади, ёмон нарсалар келса юмади, кўрмайди. Яхши – ёмонни, таниш – нотанишни, пок ва нопок нарсаларни ажратиш, сақланиш ва билиш учун кўзнинг ўрни беқиёсдир. Ҳатто олдидаги чуқурни билиб кўриш учун кўз керак. Бир жойга бориладиган бўлса, манзилга олиб борадиган йўлни кўриб, ҳам билиб кейин борилади. Хуллас, оддий бир инсон аъзоси ҳисобланган кўз неъматининг аҳамиятини айтиб тугата олмаймиз. Ўз фикрини ёзиш ва бир илмни ўқиб ўрганиш учун ҳам, албатта, кўз неъматининг ўрни катта. Энди инсон танасидаги қулоқ, бурун, қош, киприклар, тиш, кўз ва ўз мақсадини билдирадиган, Қуръон ўқиб, Роббисига тавба қиладиган тилнинг қадричи. Бундан ташқари, қўл ва оёқ неъматларининг ҳаётдаги ўрнини ким айтиб тугата оларди. Аммо булар кўриниб турган аъзолар (неъматлар), булардан ташқари ичимизда кўринмай турган қанчадан – қанча ички аъзоларимиз бор. Уларни мисол тариқасида эслаб ўтсак: “Бир луқмани, таомни кўзимизда кўриб, қўлимизда ушлаб тозалаб, оғзимизга солдик. Олдинги тишларимиз ўткир бир қаватли бўлиб, шу луқмани кескир пичоқдай кесиб олди. Сўнг икки жағимизда тегирмон тошидек, япалоқ озиқ тишлар билан уни яхшилаб эздик. Озиқ тишлар босилганда оғзимизда оби раҳмат чиқиб ўша луқмани хўллаб эзилишини таъминлади. Сўнг ичкарида ўтимиздан эзилаётган нарсанинг иссиқ – совуқлиги, қаттиқ – юмшоқлигига лойиқ ўт суви (кислота) ажралиб чиқди, ўша луқма эзилгач томоғимиз ичкарига, ошқозонга олиб бориб ташлади. Ўт билан аралашиб ҳазм жараёни бошланди. Шу ўринда ошқозон ости бези ўз вазифасини адо этиб, озиқадаги глюкоза ва бошқа элементларни ажратиб қонга керакли глюкозани ажратиб олди. Кейин ичакка ўтгач, ичак ҳам ўзидаги луқмадан керакли моддаларни сўриб қонга ўтқаза бошлади. Жигар хам ўз навбатида қонни тозалаб турибди. Ичакда таом сўрилиб, буйракка сувлари ва қолган кераксизлари эса йўғон ичакка ўтиб кетаётир”.

Мана инсон еган биргина луқма таоми учун қанча нарса (аъзо) хизмат қилаётганини бир ўйлаб кўрсин. Энди ўзидан ташқарида унга қанча берилган неъмат борки, уни ҳисобини банда билмайди. Аллоҳнинг каломида шундай дейилган:

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этдик. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар!  Хақиқатан, инсон зоти ўта золим ва ношукурдир” (Иброҳим сураси, 34 – оят).

Одам боласи шунча неъматлардан фойдаланиши учун энди у тирик бўлиши лозим. Тириклик эса инсон ўз қўли билан бажарадиган иш эмас. Луқмон сурасининг 34 – оятида: “Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қаерда ўлишини хам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва огоҳдир”.

Инсон қачон, қаерда ўлишини билмаганидек, ўзининг қачон дунёга келишидан ҳам бехабардир. Ҳеч бир киши “Мен Наполеон даврида яшасам деб, ўша даврда яшай олмайди. Ҳамма нарса Лавҳул Маҳфузда ёзилган, белгилаб қўйилганидек бўлур. Шу сабаб ҳар бир тирик жон ўзига берилган ҳаёт, умр неъматининг қадрига етиши лозим…

Энди ўз жонига қасд қилувчи инсонлар бу ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсинлар.

Нима учун ўз жонига қасд қилишади?

“Худодан қўрқмаса”. Уламолар: “Оилада фарзандларни Худодан қўрқадиган, бировнинг ҳаққига тажовуз қилмайдиган қилиб тарбия қилиш ҳар бир ота-онага вожибдур. Болаларга бешикдалигиданоқ иймон калимасини талқин қилиб бошлаш, кейинчалик Аллоҳ таолодан қўрқиш йўлларини тушунтириш лозим”, – деганлар.

“Тўғри бўлсанг Аллоҳ албатта мукофот, ажр беради, агар хато қилсанг унга бир зажр берилишини аниқ билгин”, деб тушунтириб, Аллоҳ ҳамиша кўриб, билиб турибди деган тушунчани, ғояни сингдириш лозим. Бу эса президентимиз Шавкат Мирзиёев жаноблари айтганларидек “ҳалоллик вакцинаси” деб айтилади.

Фарзандга аввало оилада меҳр-муҳаббат кўрсатиш лозим. Ҳар бир ишда, жой ва жамоатда, уюшмада узининг шиори бўлади. Оиланинг шиори эса  меҳр-муҳаббатдирки, бу бахтли оилани юзага келтиради. Уламолар айтадиларки: “Оиланинг асосий шиори – меҳр-муҳаббат ва мурувватдур”.

Демак, оилада меҳр кўрмади-ми, унга мурувват кўрсатилиб, эътибор берилмадими, бола яхшилик қилишга ёки яхшилик кўришга ишонч ҳосил қилмайди. Натижада, у ҳаёт деб аталмиш улкан бу оламда ўзини гўё ёлғиз, унга ғамхўр, унинг ғам-ғуссасини эшитадиган бирон-бир киши йўқдек ҳис қилади. Охир оқибат ўзини бу дунёда кераксиз ва ортиқча одам санаб, бу кўнгилсиз, зерикарли ҳаётдан тезроқ қутулгиси келади, ўз жонига қасд қилишга уринади… Шу орқали барча муаммони ҳал қилмоқи бўлади.

Иймони бут бўлган ҳар бир инсон бу дунёда яшар экан, ҳар бир иш Аллоҳнинг амри, қазойи-қадари билан бўлишига иймон келтириб, ишонади. Ва ўзининг ҳаётдаги ўрни белгиланган вақт ва жойда бўлишлигини аниқ тақдир деб билади. Ва албатта, инсон бу дунёга синов учун келгани, синов эса меҳнат ва машаққатдан иборат эканлигини англайди.

Балад сурасининг 4-оятида: “Дархақиқат, биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик!” – дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло.

Синов инсон ўзи кутган, кутмаган жойдан келиши ва ҳар-хил бўлиши мумкин. Албатта биз ҳар қандай синов учун сабр қилишликка ва ундан қутулиш учун Аллоҳдан ёрдам сўрашликка буюрилганмиз. Қурони каримда Аллоҳ таъоло:

“Ҳар бир қийинчилик учун албатта иккита енгилчилик бордур”, – дейди (Шараҳ сураси 5 – 6 оят).

Муфассирларимиз бу дунёда ҳам унинг яхши оқибати ва охиратта ҳам улуғ ажри бўлишини баён қилиб ўтганлар.

Албатта, инсон бу ҳоли ҳаётлик даврида қандай қийинчилик келишини билмайди. Аммо ҳар не иш бўлса, тақдир билан бўлишига ишониши, иймон келтириши лозим. Бошқа бир кишининг ҳаётини кўриб, “Меники нега уникига ўхшамайди” деб, ҳаётдан нолиш керак эмас. Ҳар бир одамга ҳар хил синов келиши мумкин. Бу борада Қурони Каримда шундай келади: “Албатта биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу – жон ва мева – чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтихон қиламиз” (Бақара сураси, 155 – оят).

Ушбу суранинг юқоридаги оятида эса: “Эй мўминлар! Сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (мендан) мадад (ёрдам) сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, – дейилади.

Хар қачон бир иш қилмоқчи бўлсак, унинг тўғри иш ёки нотўғрилигини, ҳалол ё ҳаромлигини билиб, сўнгра унга амал қилишимиз лозим бўлади.

Мана шу жойда биз иймоннинг шартларидан бири: “Ҳар бир қилинган яхшилигимизга Аллоҳнинг ўзи ажр, мукофот беришига ишондим ва ҳар бир қилинган ёмонликка жазо беришига ишондим, иймон келтирдим, деган туйғуни ҳис қилишимиз ва шунга кўра амал қилишимизга тўғри келади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир юрт ва элатнинг фуқароси, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ўзини ёш ёки ўта қари ё касал ёхуд аёл демай – ўз жонини шу замонда дунёга келтириб қўйган Роббиси – Аллоҳга тўла ишонч ва чексиз шукрона ўлароқ, Ватанга, ўзи яшаб, ундан фойдаланаётган замин учун ўз ҳиссасини қўшмоғи ва ёрдам қилмоғи керак. Қолаверса, ўзини бекордан бекорга яралиб қолган, ҳеч кимга кераксиз деб санамасдан, шу заминда, шу оилада ва шу ватанда унинг ўз ўрни ва мавқеи борлигини билиши, каттадур ё кичикдур ўз масъулияти мавжудлигини ҳис этмоғи даркор. Зеро, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар ҳар бирингиз (гўё) чўпондирсизлар. Ва ҳар бирингиз қўл остингиздаги (инсонлар ва ишлардан) албатта сўралурсизлар!” – деб марҳамат қилганлар.

Фарзанд ўзининг вазифаларини тўлиқ бажариши ва шу йўлда қийинчилик ва машаққатга сабр қилиши, устозлари ва ота – онасига итоатда бўлиши лозим. “Зеро, бошлиққа итоат қилиш Аллоҳнинг амри бўлади” – дейдилар уламоларимиз.

Ота – она ҳам оилада ўз масъулиятларини тўла бажариб, маҳаллий ҳокимиятга итоат қилиши лозим. Юқоридан эшитган гап ва тергашларга сабр қилмоғи керак. У кишига халқдан ва юқори ташкилотлардан етадиган жабр – ситам, гап-сўзларга сабр ва матонат билан туриши энг гўзал инсоний фазилатлардандир.

Демак, инсон ўз бошига келаётган жабр – ситам ёхуд ёқимсиз ҳолатлардан жуда тушкунликка тушмаслиги ва ўзини йўқотмаслиги, балки Аллоҳга сабр қилиши ва намоз ўқишлиги билан ёлвориши ва ёрдам сўраши керак экан. Шунда жамиятда бир – биридан хафа бўлишлар, бир – бирини қир пичоқ қилишлар ва ўз жонига – Аллоҳ берган энг улуғ неъмат – ҳаётига қасд қилишлар, ўзини ўзи ўлдиришлар бўлмаган бўлар эди. Қанчадан қанча ота – оналар фарзандим деб доғланмаган ва қанчадан қанча фарзандлар етим қолмаган бўлар эди.

Зеро, биз кимнинг авлодларимиз?! Бизнинг ота – боболаримиз ким бўлишган?! Бир ўйлаб кўрайлик.

Улар ер юзини титратган қўмондон, ер юзига дарс берган муаллим, ер юзининг муаммосини ҳал қилиб берган алломалар ва ер юзи халқининг энг гўзал хулқи бўлмиш Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқи билан тарбия қилган тариқат пешволари, улуғ Нақшбандий боболаримиз эмасмиди?!

Нега биз бугун ота – боболаримиз йўлидан юрмаяпмиз?! Нега фарзандларимизга у зотларни танитмаяпмиз?! Нега ўзимиз ўша зотларни ўгитларидан фойдаланиб, ўз ҳаётимизга татбиқ этмаяпмиз?!

У зотларнинг хар бир сўзлари биз учун бир маржон ва дуру гавҳар эмасми?!

Ахир “Дил ба ёру, Даст ба кор” деб бежиз айтишмаган…

Ўртачирчиқ тумани бош имом-хатиби А.Абдусатторов