Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дунё ва охират саодатига эришаман десангиз…

Дунё ва охират саодатига эришаман десангиз…

Кимга мол – дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ – эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир.

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр – савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).

Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар (Имом Муслим ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бунданда) чиройли жой (жаннат) бордир. (14-оят).

Мол-дунёга муҳаббат қўйиш инсоннинг табиатида бор. Бу муҳаббат бўлмаса, дунё обод бўлмайди.

Аллоҳ таоло Фажр сурасида марҳамат қилади: “Яна (фоний эканини била туриб) мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан севасиз” (20-оят).

Ислом инсон мол жамлаш орқали эришадиган турли фойдаларни инкор қилмайди. Балки Қуръони карим бир неча ўринда молни хайр – яхшилик деб атаган.

Мол жамлаш одобларига риоя қилиш лозим. Мол Аллоҳ таолоники эканини англаш, Аллоҳ таолонинг розилиги учун мол неъматига шукр келтириш шарт. Мулкдор бўлиш оғир масъулиятдир. Мол-дунё топиш йўлларига ва манбаларига аҳамият бериш ўта зарур. Молу дунё ва бойлик одобларидан бири оила аъзолари ва қарамоғидагиларга нисбатан қизғанчиқ бўлмасликдир.

Давлатманд кишиларнинг зийнати сахийлик ва яхшилик қилиш саналади. Ислом динининг бойликка муносабатини белгилашда, Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!” (Мунофиқун сураси 9-оят).

Яъни: эй, ҳақиқий иймон келтирган бандалар, қўлингиздаги мол-дунё, бойлик, мансаб-амал, шон-шуҳрат, фарзандлар ва уларнинг ташвиши сизларни Аллоҳга ибодат қилиш ва У Зотга итоат этишдан тўсиб қўймасин. Кимки Раббига ибодат қилишдан кўра дунё зийнатини афзал кўрса, бас, ўшалар қиёмат кунида зиён кўргувчидир! Биз сизларни мол-дунё ва бола-чақалар билан имтиҳон қиламиз. Мана шу икки неъматдан инсон яхшилик йўлида фойдаланса, катта савоб қозонади ва юқори даражаларга эришади. Аксарият ҳолларда бойлик тўплаш ва бола-чақа ташвиши кишини гуноҳ ва ҳаром ишларни содир этишга ундайди. Шу сабаб ҳам Аллоҳ бандаларни шу икки нарса билан синайди. Ояти каримада “бола-чақа”дан олдин “бойлик” лафзининг келтирилиши мол-дунёнинг фитнаси кучлироқ эканига ишорадир.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, ҳар бир уммат фитнага учрайди. Умматимнинг фитнаси бойликдир”, деб айтганларини эшитганман” (Термизий, имом Аҳмад, имом Табароний, Ҳоким ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасансаҳиҳ-ғарибдир”, деган). “Фитна” сўзи аслида сифатини билиш учун олтин ёки кумушни эритиб кўриш, текшириш маъносини англатади. Луғатларда эса бу сўзнинг имтиҳон қилиш, азоб-уқубат, адашиш, васваса, ёқиш, ёндириш, мол-дунё, бола-чақа, куфр, зулм, гуноҳ, ҳақдан тойилиш, мажнунлик, қатл қилиш ва шу каби кўплаб маънолари учрайди. Бу ҳадисда “фитна” сўзи адашиш, чалғиш, гуноҳга ботиш, ҳақдан тойилиш маъноларини ифодалаб келмоқда. Ўтмишда ўтган ҳар бир уммат, халқ, қавм фитнага учраган, залолатга кетган. Бунга эътиқоднинг бузуқлиги – куфр, ширк, ахлоқий иллатлар – кибр, ғурур, ношукрлик, маъсият, лаззатларга берилиш ва ҳоказолар сабаб бўлган. Аммо мусулмон умматининг фитнага учрашига айнан мол-дунё, бойлик, уни тўплаш, ўзаро мусобақалашиш сабаб бўлар экан. Чунки банда эҳтиёткорлик билан иш тутмаса, бойлик уни ибодатлардан чалғитади, ихлосдан тўсади ва охиратни унуттиради. Демак, агар бандада сахийлик сифати бўлса, бойлик уни юксак мақомларга кўтаришидан ташқари, агар нафсга қул бўлинса, уни фитнага солиши, тўғри йўлдан адаштириш ҳам мумкин экан.

Мўмин одам бойлик масаласида қуйидагиларни билиб олмоғи лозим: 

1. Агар иймони бўлмаса, кенг ризқ ва мол-дунёсининг кўплиги уни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлаб қола олмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ (азоби)дан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир. (Уларнинг ҳоли) худди Фиръавн одамлари ва улардан аввал ўтган (кофир)ларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари (куфрлари) сабабли азоблади. Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир” (Оли Имрон сураси, 10-11-оят).

Бошқа сурада шундай дейилади: “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин – ҳалок бўлсин! (Аниқки,) у қуриди – ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ. Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!” (Масад сураси, 1-5-оят).

Кимки иймон ва тақво соҳиби ҳамда сахий ва очиққўл бўлса, шундай бандаларга бойлик манфаат келтиради. Аллоҳ таоло айтади: “Бас (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан – дўзахдан огоҳлантирдим. Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур! Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот ундан (яъни, дўзахдан) йироқ қилинур” (Лайл сураси, 14-18-оят).

Яна бир бошқа оятда шундай дейилади: “На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар – ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар” (Сабаъ сураси, 37-оят).

2. Мол-дунё ва бойлик банданинг бу дунёда умрбод, мангу яшаб қолишини ҳам таъминлай олмайди. Аллоҳ таоло айтади: “(Кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) ҳар бир бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгайки, у (топган) мол-дунёси ўзини мангу (ўлмайдиган) қилиб қўяди, деб ўйлайдиган ҳолида (фақат) мол тўплаган ва ўша (мол-дунёси)ни ҳисоб-китоб қилиб (бирон савобли ишга сарфламасдан) юрган кимсадир. Йўқ (унинг бу ҳисоб китоби бекордир)! Қасамки, у албатта чилпарчин қилувчи (дўзах)га ташланур!” (Ҳумаза сураси, 1-4-оят).

3. Ҳақиқий мўмин хоҳ бой, хоҳ камбағал, хоҳ ўртаҳол бўлсин, Аллоҳ таолога ибодат қилади, яхшиликка шукр қилиб, мусибатга сабр этади. Бой ёки камбағал бўлиш уни бандалик вазифаларини адо этишига таъсир қилмайди. Бой бўлса, ҳовлиқиб, камбағаллик вақтида тушкунликка тушмайди. Балки ҳар бири Аллоҳнинг тақдири эканига аниқ ишонади. Доимо Аллоҳга илтижо ва дуода, У Зотнинг зикрида юради. Мана шу ҳолат бандани дунё ва охират саодатига олиб боради.

Юқоричирчиқ тумани бош имом-хатиби С.Акилхонов