Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дунё – ҳикмат излаганга ҳикмат, иллат излаганга иллатдир

Дунё – ҳикмат излаганга ҳикмат, иллат излаганга иллатдир

Ўз замонасининг қаҳрамони бўлган бир инсон билан суҳбат уюштирган журналист навбатдаги саволини берди:

– Сизнинг ҳаётингиздаги энг бахтли кунларингиз нечанчи йилларга тўғри келади?

Қаҳрамон: 

– 1930-35-йиллар,-деб жавоб берди.

Журналист:

– Тушунмадим? У йиллар халқнинг бошига оғир кунлар келиб, катта йўқотишлар бўлган-ку, ноҳотки…-деди.

Қаҳрамон:

-Майли, нима бўлганда ҳам менинг болалигим ўша йилларга тўғри келди,-деб жавоб берди.

Ҳа азизлар! Ким дунёда бўлаётган ишларга шукр кўзи билан қараб, яхшилик умид қилса,  Аллоҳдан оқибати хайрли бўлишини сўраса, албатта, бахтли ҳаёт кечираверади.

Агар ким дунёда бўлаётган ишларга иллат кўзи билан қараса, ҳеч қандай ҳолатда ҳам бахтни ҳис қила олмайди. Аслида, бизни бу коинотда борлигимиз, яшаётганлигимиз буюк неъмат.

Навоий бобомиз: «Кобушсизликдан ҳеч ҳам омагил малул, оёғи йўқларга қараб шукр қил!», -дедилар.

Яъни, агар ҳаётда кийишга йиртиқ бир кавуш ҳам тополмайдиган даражада қийналиб қолсанг ҳам, хўрлигинг келиб ношукрлик қилиб қўймагин, балки кавушга имконияти бор-у, лекин оёғи йўқларга қараб шукр қил!

Ҳа азизлар! Очиғи охирги вақтда кўп ношукрлик қилганимиз рост, боқимандаликка ўрганиб қолган, берилаётган моддий ёрдамнинг қадрига етмаётганлар ҳам кўпайиб кетгани рост.

Бир маҳаллада ишлайдиган ходим айтяпти: «Маҳалламиздаги доим моддий ёрдам ҳисобига кун кўришга одатланиб қолган оилага ҳокимият ташаббуси билан яна фермердан сигир моддий ёрдам сифатида олиб берилди. Оиласи билан сигирни олиб келяпмиз. Эр-хотин ўзаро гаплашяпти.

Эри: Қанчага оларкин?

Хотин: Билмадим, етти миллионга олса керак, аввалгиси бундан кичикроқ эди, олти миллионга сотдингиз-ку…

Маҳалладан вакил бўлган одам шу даражада уялиб кетганини айтдики… Кейинроқ суришти, уни ҳам сотиб юборибди, дейди.

Тўртлик

Юпинлар кўп, лек саноқли собирлари,

Тўй саройида, лек ямоқли чодирлари.

Тўрт муча соғ, лек тиланчи қодирлари,

Бу ишлардир қиёматдан бир аломат.

Ҳеч қачон ношукрлик қилмаслигимиз лозим. Чунки ношукрлик ҳамма ишларимиз Ўз қўлида бўлган Зот тақсимотига эътироз билдиришдир. Бу жуда ҳам катта гуноҳ бўлиши билан бирга қўлимизда борини ҳам йўқ бўлишига сабаб бўлади.

Дунё ҳеч қачон шокирлардан ҳам ношукрлардан ҳам ҳоли бўлмаган. Шокирларнинг шукри ўзларига фазилат бўлса, атрофдаги ношукрларни шукрга чақириб туриши динимиз уларга юклаган масъулиятдир.

Бежизга амри маъруф ва наҳий мункар шариатда фарз қилинмаган. Айниқса, бугунги синов оғир бўлаётган кунларда бир-биримизга кўпроқ Ҳақни эслатувчи, бир-биримизга яхшиликда ёрдамчи бўлайлик. Дунё халқлари бу синовли кунлардан қандай ўтаётганини кўриб турибмиз.

Улар ҳам бизни кузатишяпти, қани Исломга гўзал амал ва ҳизмат қилишда пешво бўлган буюк тарихга эга юртнинг бугунги вакиллари бу синовли кунларда ўзини қандай тутяпти деб, биз бугунги синовли кунларда, ҳақиқий мусулмонни тақдирга рози бўлишини, ҳақиқий мусулмоннинг шукрини, ҳақиқий мусулмоннинг сабрини, ҳақиқий мусулмоннинг халқига шафқатини, ҳақиқий мусулмоннинг ватанига муҳаббатини, ҳақиқий мусулмоннинг дини учун, келажаги учун қайғуришини, ҳақиқий мусулмоннинг итоатини кўрсатишимиз лозим.

Бундан бошқалар исломнинг, миллатнинг буюклигини ҳис қилишсин.

Булардан бошқаси бизларга ярашмайди.

«Бешкаппа» жоме масжиди имом хатиби Тўйчиев Миршавкат