Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Диний ислоҳотлар ривожи йўлида

Диний ислоҳотлар ривожи йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб сафари давомида халқ ичига кириб бормоқда, одамларнинг турмуши, касб-кори, ҳаёти ва шароити билан қизиқиб, ташвишу муаммоларига алоҳида эътибор билан қараяпти. Хусусан, Юртбошимиз вилоятимизга ташрифи чоғида жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан танишиб, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Бу ҳақда навбатдан ташқари сессияда гапирилди.

Шу ўринда, мен бир имом-хатиб сифатида давлатимиз раҳбарининг муқаддас Ислом динини маънавий тарбиянинг муҳим воситаси сифатида кенг тарғиб килаётгани, Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони Каримни ўрганишга чақираётгани, масжидларни обод этиш ва ҳамюртларимизни муборак Ҳаж ибодатига боришини таъминлаш борасидаги даъватларидан қаттиқ таъсирланганимни алоҳида эътироф этишим жоиз.

Президентимиз фаоллар билан учрашувда вилоятда диний-маърифий ишлар масаласига ҳам тўхталиб, динимиз равнақи ва ривожи учун тегишли кўрсатмаларни берди. Жумладан, барчамизни илм олишда мусобақалашишга чақирган раҳбаримиз: «Қуръонни эшитиш, эшита билиш – у маънавият, у маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди, агар уни эшитолсак, эшиттира олсак – бу муваффақият бўлади, элимизга нур келади», деган фикрларни билдирди.

Дарҳақиқат, Қуръони Карим турли ахлокий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий, сиёсий ва бошка муаммоларга шифодир.

Шунингдек, Куръони Карим мўминларга шахсий, ақидавий, оилавий, ижтимоий, халқаро, сиёсий, иқтисодий ва бошка соҳаларда раҳматдир.

Халқимиз азалдан Қуръонни эъзозлаб, улуғлаб келган. Уни тўлиқ ёд олган қориларнинг ҳурмати доимо юқори бўлган. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида Қуръон тиловати бўйича қорилар мусобақасига Республика бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда, хусусан, Бўка туманида ҳам тайёргарлик кўриляпти.

Юртбошимиз вилоятимиздаги масжидларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, улардан таъмирталабларини тўлиқ қайта реконструкция қилиш лозимлигини таъкидлагани ҳам халқимизни қувонтирди. Муқаддас Ислом динимизда масжид Аллоҳнинг уйи, дейилади. Масжид фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Қуръони Карим тиловати каби ишлар билан обод қилиш учун барпо қилинади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча масжидларда мўмин-мусулмонларнинг бекаму кўст ибодат қилишлари учун энг қулай шароитлар муҳайё қилинмоқда. Албатта, масжид қуриш, уни обод қилиш энг буюк ишлардандир. Зеро, Усмон ибн Аффондан ривоят қилинади, у киши мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Ким савоб умидида битта масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаш бино қуради», деганларини эшитганман, дедилар ( Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳа, муқаддас динимизга бўлган эътибор янги босқичга кўтарилди. Йилдан-йилга муборак Ҳаж ва Умра сафарларига бораётганлар сафи ортиб, улар учун яратилаётган шароитлар ҳам кенгаймоқда. Президентимиз бугунги кунда дин хизматчилари, ибодатга бел боғлаган юртдошларимизни атрофдагиларга ўрнак бўлиш, ҳаётда қоқилган ёки адашганларни тўғри йўлга бошлашга даъват этмоқда. Ана шундай мўмин-мусулмонлар Ҳаж ибодатига бориши лозимлигини айтмоқда. Бу жуда тўғри фикр.

Ҳаж инсоннинг умрида бир марта насиб этиши мумкин бўлган ўта масъулиятли, шарафли ибодатдир. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, ўзининг юксак маънавияти, маданияти, маърифати, эзгу амаллари билан атрофдагиларга ибрат ва кўмакчи бўлиши динимиз талабидир.

 

Азимжон АЛИМЖОНОВ Тошкент вилояти Бўка тумани
«Қодирхон маҳсум» жоме масжиди имом-хатиби