Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дехқончилик фазилати

Дехқончилик фазилати

Бизларни тупроғи серунум, боғлари серҳосил, бозор ва дастурхонлари тўкин сочин юртни тақдир қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Абдул Ҳасан Мавордий «Дунё ва дин одоби» китобида «Касбларнинг асл устуни уч нарсага боғлиқ. Улар зироат, тижорат ва саноатдир. Менимча дехқончилик касбларнинг энг покизаси ва афзалидир» деганлар.

Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 8 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда бу йил мураккаб вазиятни хисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 мартда экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлишини алоҳида таъкидладилар.

Муфтий ҳазратлари ҳам юртимиз мўмин-мусулмонларига оят ва хадислар асосида ердан унумли фойдаланиш, ҳар қарич жойни обод қилишга буюрганини батафсил тушунтириб бердилар.

Деҳқон Аллоҳ таоло уруғни қандай ундириб, ўстираётганига гувох бўлади. Бу борада Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади:

«Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?». (Воқиъа сураси 63-64 оят).

Бошқа оятда бундай дейилади: «У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилдик. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Хосил йиғиш кунида (муҳтожларга) хаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, у исроф қилгувчиларни севмайди». (Анъом сураси 141-оят).

Аллоҳ таоло берган неъмаларни санаб саноғига ета олмаймиз. Биз бу неъматларни исроф қилсак, яъни унумли фойдаланмасак, албатта охиратда сўраламиз.

Оятда бундай дейилади: «Сўнгра, ўша кунда, албатта,берилган неъматлардан сўраласиз». (Такаасур сураси 8-оят).

Мусулмон учун ҳалол луқма топиш учун сарфланган вақти ибодат ҳисобланади. Экин экиш ҳам савобли иш.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани хам унинг учун садақадур, йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир, қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади»дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Деҳқончиликнинг яна бир фазилати.

Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қиёмат бўлиб қолса ва бирортангизни қўлида хурмо дарахти бўлса уни экиб қўйсин» дедилар».

Имом Аҳмад ривояти.

Деҳқон эккан уруғ ва кўчати униб чиқгандан кейин то қуриб қолгунча Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади.

Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: «Етти осмон, ер ва уларда бор жонзод Унга тасбеҳ айтур, лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат У халим ва кечиримли зотдир». (Исро сураси 44-оят).

Деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат қилган, ҳалол ризқ топган, ўзи ва бошқаларнинг манфаати учун кўчат эккан инсон ажру мукофотга эришади.

Нурафшон шаҳар «Саид Ибн Ваққос» жоме масжиди

 имом хатиби Баҳодир Аширматов