Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ДЕҲҚОНКИ ДОНА СОЧАР…

ДЕҲҚОНКИ ДОНА СОЧАР…

Юртимизга баҳор фасли яна ўзининг таровати ила кириб келди. Миллатимиз қадимдан баҳорни кутиб яшайдиган, дини ва анъаналари асосида меҳнатни, хусусан, деҳқончиликни ўз ўрнига қўядиган халқ.

Динимиз ҳар бир соҳада ўзининг етук кўрсатмаларини бергани каби, касб қилиш, тирикчилик борасида ҳам бандаларга олий кўрсатмаларни берган. Хусусан, деҳқончилик борасида Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда атрофлича гапирилган.

Имом Қуртубий «Ал-Жомеъ ли аҳкамил Қуръан» асарида зикр этишича, ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъозани (“Аъузу биллаҳ…”) айтганидан кейин Воқеа сурасини 63–67-чи оятларини ўқисин. Бу дуо деҳқон учун барака эшиклари очилишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ. Бундай дуо қилиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка, қурғоқчилик каби бало-офатлардан сақланиши гарови экан.

Имом Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва тажрибадан ўтганини айтади.

Барча пайғамбарлар ҳалол ризқ талабида бирор касбнинг бошини тутишган. Бирлари деҳқончилик, бирлари чўпонлик, бирлари темирчилик, бирлари дурадгорлик  билан ҳаёт кечирдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ёшликларида қўй боққанлар, кейинчалик тижорат қилганлар, Мадинаи Мунавварадан бир неча мил узоқликдаги Журф деган жойда деҳқончилик қилганлар.

Ким бирор касб қилаётганида буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб қиляпман, зиммамдаги ҳақни адо қиляпман, деб ният қилса, ажрларга эришади. Қайси иш Аллоҳнинг амрларига мувофиқ қилинса, албатта, унда барака бўлади. Барака эса бозорда сотиладиган, улкан маблағ эвазига топиладиган нарса эмас, балки ҳалол касб, шариатга мувофиқ ишнинг ичига яшириб қўйилган.

Ҳалол касб ва деҳқончилик ҳақида аждодларимиз ўз асарларида ҳам зикр қилиб ўтишган. XI асрда яшаган Кайковуснинг “Қобуснома” асарида: «Эй фарзанд, агар деҳқон бўлсанг, барча деҳқондин билимлироқ бўлғил ва ҳар бир экинни эксанг, вақтидин ўтказиб экмағил. Агар вақтидин ўн кун бурун экканинг икки кун вақтидин сўнг экканидан яхшироқдур. Ҳамма вақт ерни тарбият қилғил, деҳқончилик пешасидин (яхшилигидан) баҳраманд бўлгайсан» дейилган.

Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида эса шаҳар ва қишлоқ халқини ижтимоий табақаларга ажратиб, деҳқонлар, ҳунармандлар, чорвадорлар, олимлар, табиблар ва бошқалар ҳақида сўзлаб, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтади. Турли касблар, айниқса, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва чорвачиликка оид фикрларини баён этади. У деҳқон, ҳунарманд ва чорвадорларни жамиятнинг моддий бойликларини юзага чиқарувчи сифатида таърифлайди.

Алишер Навоийнинг меҳнаткаш инсонни улуғловчи, меҳнат тарбияси ҳақидаги фикрлари “Ҳайратул аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Маҳбубул қулуб” асарлари ҳам мавжуд. Жумладан, Навоийнинг “Маҳбубул қулуб” асарида: “Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ билан ризқ йўлин очар. Агар ростлиқ ва салоҳи бордур, уйи Солиҳ ноқасидин намудордур. Қўши ҳам икки зўр пахлавон, юкига бўйин сунуб олида равон; иш қилурда ҳамдам ва ҳамқадам, деҳқон аларни сурарда андоқки Одам… дея таърифланади заҳматкаш деҳқон.

Мамлакатлар маъмурлиги ҳам, элнинг хотиржам, тўқ яшаши ҳам айнан халқимиз меҳнатига боғлиқ. Деҳқоннинг йил бўйи қиладиган ҳаракати элга қут-баракага сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло деҳқончиликларимизга кут-барака, меҳнаткаш деҳқонларимизга куч-қувват ато этсин.

Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ,

Пискент тумани “Мулла Бўта қози” жоме масжиди имомхатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan