Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Деҳқончилик – ризқимиз манбаи

Деҳқончилик – ризқимиз манбаи

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, баҳор фаслига ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни ҳоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олишимиз мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур” (Аъроф сураси 58-оят).

Деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш шарафли вазифадир. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар еканлар, ҳаёлан Аллоҳ билан боғланиб, Ундан ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Қўлларидан келган барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккул қиладилар. Таваккулларининг самараси ўлароқ ҳосиллари кам бўлса баракали, кўп бўлса даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган инсон деҳқончилик, боғдорчилик ва қишлоқ хўжалиги ишларига жиддий эътибор беради, унга мухаббат ва масъулият билан ёндашади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам деҳқончиликнинг фазилати борасида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Жумладан, Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган бир ҳадисда  Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: Мусулмон инсон кўчат экса, кейин бирор инсон ,қуш ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан одамга садақа қилганнинг савоби ёзилади” (Имом Муслим ривояти).

Демак, кўчат ўтқазган ва экин эккан инсоннинг меҳнати зое кетмайди. Ундан еган барча жонзотлар орқали соҳибига садақа савоби ёзилиб туради.

Қуръони каримда барча мавжудотлар қатори набототлар ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши ҳақида баён қилинган.

Етти осмон, Ер ва ундаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан унга тасбеҳ айтур. Лекин, сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли зотдир” (Исро сураси, 44-оят).

Расулуллоҳ (с.а.в.) икки қабр устига ҳўл хурмо дарахтининг шоҳини суқиб, унинг айтаётган тасбеҳи туфайли қабр аҳлининг азоби егиллатилишидан хабар берганлар. Ана шу ҳадисга кўра, дарахтлар ва ўсимликларнинг тасбеҳлари уни эккан ёки парвариш қилган инсонларнинг савоб дафтарига ёзилиши ҳақида уламои киромлар айтиб ўтганлар.

Аллоҳ таоло зироат ҳосилини инсонларга ризқ қилиб берган экан, инсон ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Деҳқончилик соҳасида кузда олинадиган ҳосиллар ёки кейинги йиллардаги ризқ-рўзлар баҳорда қилинган меҳнатга ҳар томонлама боғлиқдир.

Шу ўринда шаҳар ва қишлоқ  жойларда учрайдиган бир муаммо ҳақида сўз юритсак. Шаҳар ва маҳаллаларимиз кўчалари кўркига кўрк қўшувчи, инсон кўрганда кўзи қувнайдиган  экилган гул ва манзарали дарахтлар ёки қишлоқ жойларида ҳали ҳосили тўлиқ йиғиб олинмаган пахтазор ва далаларда ёки янги экилган буғдойзорларда чорва ҳайвонларини боқиш, уларни пайҳон қилиш афсуски, учраб туради. Бу қанчалик оғир гуноҳ эканлигини Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларидан билиб олишимиз мумкин. Жумладан, Aллоҳ таоло экинларни пайҳон қилишни фисқу-фасод ишлар жумласидан санаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят).

Ушбу оятда экинларни пайҳон қилувчилар фитначилар билан бир қаторда зикр этилди. Оқибатлари ҳам ўхшашдир. Яъни, Аллоҳ бундай бузғунчи инсонларни ёмон кўради.

Бундай кишиларга нисбатан турли хил моддий жарима ва жазоларнинг қўлланиши ҳам адолатдандир. Аллоҳ таоло барчамизга шаҳримиз ва маллаларимиз кўчаларига мевали, манзарали дарахт ва гулларни экиб обод қилишдек савобли ишга муяссар қилиб, уларни асраб авайлашга барчага тавфиқ ато этсин. Деҳқонларимизнинг ҳосилларига Яратганнинг ўзи барака берсин. Юртимиз тинч ва обод бўлсин!

                                            Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди
                                                имом-ноби Абдурашид Исмаилов