Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Дабдабали тўйлар кимлар учун?

Дабдабали тўйлар кимлар учун?

Қишлоқларда унчалик эмас-у, аммо шаҳарда тўй бериш жуда қийин бўлиб қолди. Тўйхоналар қиммат, ҳар бир ўринга фалон минг сўмдан пул харажат қилинаётир. Ўғлини уйлантираётган хонадон қишлоқда 50 миллион атрофида пул сарфласа, шаҳарда, ўз-ўзидан аёнки, 100 миллион сўм харажат қилмоқда.

Халқимизда кўрпангга қараб оёқ узат, деган гап бор. Кўп тўйларда шунга риоя қилинмайди. Қарз ҳавола қилиб бўлса-да, номдор санъаткорларни чақиришади. Бир соатга фалон сўмга келувчи «бирров»чилар ҳам кўпайган. Ҳамма ҳам тўй мавсуми бошланишидан манфаатдор-да. Ана шунинг ўзида оила бюджетидан 5-10 миллион сўмлик ортиқча харажат чиқиб кетади. Бир кунлик тўй деб оила 3-4 йил қарз узиш билан овора бўлади.

Яқинда шаҳарда бир тўйда иштирок этдим. У ердаги исрофгарчиликни кўриб рости ўзимнинг ҳам виждоним қийналиб кетди. Уч хил овқат, ичимликни-ку айтмай қўяверасиз. Овқатни ейилгани ейилди, қолгани қолди. Бўлинган ярим-ёрти нонларнинг қанчаси ортиб қолди. Ноз-неъматларга тўла тўкин-сочин дастурхонимизга кўз тегмасин деймиз, аммо элимизда «Нимани  хор тутсанг, шунга зор бўласан», деган нақл ҳам бежиз айтилмаган[1].

Аслида бизда ҳамманинг нияти жиддий ва холис: қисқартирилган, аммо орзу-ҳавасли тўй. Бу орзуси тушмагур чегара билмаганидан кейин аёлларимиз нима қилишсин?  Ҳа, ота-оналаримиз ўзлари билганича, қурблари етганича тахтни қуриб берадилар-у, аммо бахтни қуриб бера оладиган даражада қудратли эмас. Афсуски, кўпчилик оилаларнинг бахтсизлиги, ўзаро тушунмовчилик ва низоларига ўша қурилган тахтнинг катта-кичиклиги, тилла-кумушлиги, безакли-камтарлиги, дабдабали-ҳаминқадар эканлиги сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам бўлади… Яна одамлар «сеп ҳеч нарса қилиб бера олмайди, агар келин эпли бўлмаса», дейишади. «Бойлик билан бахтни сотиб олиб бўлмайди» деган фикрга ҳам минг йиллар аввал исбот топиб бўлинган. Бу гапларни ҳамма ёддан билар экан, шунча ғалва нима учун[2]?

Хўш, олдин ота-боболаримиз қандай тўй қилишган? Тўй куни қурби етса, битта қўй сўйиб, етмаса битта ош тайёрлаб, маҳалланинг оқсоқолларига уйланаётганини эълон қилиб келинни олиб келаверган. Келин томон қурби етса, куёвга битта кўйлак, чорси(қийиқ) ва дўппи ҳозирлаган, қурби етмаса, келиннинг ўзи тиккан битта чорси берилган. Шу аснода тинч, осойишта, тоқатдан ташқари талаблар гирдобига ғарқ бўлмай, камтарона, қулай ҳаёт бошланган ва кўп йиллар қўша қариб, тотув, иноқ, ҳавас қилса арзигулик умр кечиришган.

Атрофингизга бир қараб қўйинг. Ўйлаб кўринг. Фалончи қизини (ёки ўғлини) тўйида фалон артистни олиб келибди, шаҳарнинг энг қиммат тўйхонасида тўй қилиб берди, тўйида у қилди, бу қилди, деб юрганлар қанча?  Шу каби тўйлар орқасидан қарзга ботиб юрганлар қанча? Мана шундай тўй қилиш оқибатида янги келин-куёвлар ва уларнинг ота-оналари орасида гап чиқиб бузилиб кетаётганлар қанча? Ёш келин-куёв ажрашиб кетаётганда ўша тўй зўр бўлди, деб гапириб юрган одамлар нима қилиб бера олади? Ҳеч нарса! Улар шу оилани ғийбатини қилиб ҳеч чарчамайдилар. Этибор бериб қарасангиз, қизини (ёки ўғлини) тўйига казо-казоларни чақирмай камхаражат тўй қилганларнинг фарзандлари кўп йиллар бирга яшаб, қўша қариганларини кўрасиз.

Келинг, тўйлардаги энг долзарб муаммоларни кўриб чиқамиз.

Тўйлардаги минглаб кишини чақириб уларни таомлантириш… Ахир бу очиқдан-очиқ исроф, ношукурчилик-ку? Минг кишига ош бериш Фиръавнга ўхшаб Худоликни даъво қилган сингари, ширк ва ношукурчиликдан бошқа нарса эмас. Одамларнинг ризқини сиз эмас, Аллоҳ беради.

Бир тўйга бордик. Тўйхонанинг дарвозаси олдида кириб келаётган меҳмонларни  карнай-сурнай ва жонли мусиқа кутиб олаяпти (скрипка, виолончель чалишаяпти), тўйхонанинг ичида эса яна хонандалар гуруҳи. ҳаммаёқ қулоқни батанг қиладиган даражада шовқин. Шоколадли фонтан, мева-чевалар минораси, шампан винолар пирамидаси… Бундай «мўъжиза»ларни Ғарб кашф қилган бўлса ҳам, хориж тўйларида байрамона, бироқ камхарж дастурхон бўлади. Сиз ортиқча сармоянгизни инсонларнинг энг муҳтожмандига, касалмандига бериб, қанчадан-қанча савобга қолишингиз ҳақида ҳам ўйлаб кўринг.

Ҳамманинг чангига тўйинган торт… Болалигимда кўрган тўйларимда келин-куёв олдидаги дастурхонда катта патнисда пушти кремли торт турарди. Энди эса патнис тобора катталашиб, қаватма-қават бўла бошлади. Дастурхонингиз тўла ноз-неъмат бўлса, шу қимматбаҳо тортсиз тўй ўтмайдими? Рақсга тушганларнинг дупир-дупир чангига тўйинадиган тортнинг бор-йўқлигини, очиқ гап, меҳмонлар сезмайди ҳам. «Торт едириш» операцияси эса кўпчиликка эриш туюлади: келин-куёв оналарига бир бўлакдан торт едирган бўлишади. Шартми шу? Бироз шошмай турсангиз, келинингиз ўзи пиширган пишириқдан оғзингизга тутади, куёвингиз иссиқ нон билан қаймоқ кўтариб боради.

Пуфаклар учиши, тутунлар тарқалиши, ким нима қилаётгани монитордан кўрсатиб турилиши… Мана шу майда-чуйдалар унча-бунча тўй эгасининг қаддини букиб қўйяпти. Ниятимиз, бугун орамиздаги бир-иккита чўнтагимиз полвонроқ жорий этаётган янгиликлар эртага «Ота-бобомиз қилган шу ишни» қабилида болаларимиз тилидан янграмасин, бидъату хурофот, исрофгарчилигу риёкорликка айланиб кетмасин. Ўша нимадир ёш оиланинг бахти, тинчини таъминлашга қодирми? Иккиланиб қолганимизда, шу саволни ўзимизга бериб жавоб изласак, керакмас нарсалар ўз-ўзидан рўйхатимиздан чиқиб кетаверади.

Бир бой туй қилибди-ю ҳар бир одамга қайтишида 1 тадан қўй хадя қилибди. Бир одам қўйни судраб кетаётганида ғудраниб сўкинармиш. Бир одам “Биродар, нега сўкиняпсиз” деса, “Ану фалон бой тўйда қўй берди-ю, хасислигидан арқони билан бермади” деган экан. Демоқчиманки, хар қанча дабдабали тўй қилинг ҳеч ким миннатдор бўлмайди[3].

Бугунги никоҳ тўйларида ҳар биримиз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган антиқа ишларга гувоҳ бўлаяпмиз. Қаранг, келин билан куёвни тўйхона ташқарисидан то келин-куёв ўтирадиган “тахт”гача қуллар, ҳа-ҳа, ишонаверинг, тўрттадан қул тахтиравонда кўтариб, олиб боришмоқда! Бунақасини қадимги подшоҳлар ҳақидаги киноларда кўрар эдик. Келиннинг “қадамига гуллар сочилмоқда”, ён-атрофларида оловли фавворалар отилмоқда.

Тўйга авваллари ният қилиб, машҳур ҳофизларни чақиришарди. Улар тўй эгаси кўнглидан чиқариб берган пулни олиб кетишарди. Кўпинча ўртадан тушган пулга қаноат қилишарди. Бугунги тўйларга айтилган, айтилмаган ўнлаб ҳофизу, ҳофизалар ташриф буюришмоқда. Уларнинг бахтига фонограмма деган нарса бор. Концертлар, телевиденияда чиқишлар, катта байрамлар майли эди, энди тўйларда ҳам бирорта хонанда жонли қўшиқ айтмай қўйган.

Ҳозирги кунда энг авж олган тўйлардаги иллатлардан бири – катта экранда келин-куёвларнинг “love story”сини ҳаммага қўйиб беришдир.  Куёв Аллоҳ таоло инъом этган аёлини, фарзандларининг бўлғуси онасини нафақат жисмонан, балки назардан ҳам асраши керак. Ҳозир эса бунинг акси ўлароқ куёв мана, кўриб қўйинглар, кимга уйланаётганимни дегандек, келиннинг очиқ ўтиришини кўз-кўз қилишгача борилмоқда. Ахир бу даюслик эмасми?

Имом Насоийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) даюсга, яъни онаси, синглиси ва аёлини бегоналардан қизғанмайдиганга, Аллоҳ таоло қиёмат куни раҳмат назари билан қарамайди, деб умматни огоҳлантирганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бошқа бир ҳадисларида: “Даюс киши жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аслида тўй қилишдан мақсад, икки ёшнинг никоҳини билдириш эди. Буни икки оила ва уларнинг энг яқин қариндошларига билдириш етарли. Бутун дунёга жар солиш шарт эмас! Минг кишини йиғиб, ўзини, бойлигини, қўли узунлигини кўз-кўз қилишнинг асло ҳожати йўқ[4]!

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов пойтахтимиздаги тўй ва маъракаларни ихчамлаштиришга киришди, деб ёзади «news.uz».

Шаҳар ҳокими фармойиши билан тасдиқланган тартибномага кўра, эндиликда Тошкент шаҳрида тўй-ҳашам, тантана, маросим ва бошқа оилавий тадбирларга таклиф этилганлар сони 300 кишидан ортмаслиги шарт.

Чекловлар жумласига яна қуйидагилар киритилган:

– енгил машиналар сонини чеклаш (фақат келин-куёвга);

– аудио соз-овозларни пасайтириш;

– миллий қўшиқларни кўпайтириш;

– келин саломни никоҳ тўйи вақтида тўйхонанинг ўзида ўтказиш ва турли совғалар беришни йўқ қилиш.

Тўй ва азага боғлиқ маъракалар ҳақида маҳалла фуқаролар йиғини хабардор қилиниши шарт этиб қўйилган. Бундан ташқари, ўтказиладиган тадбирларда диний мавзудаги маъруза кўзда тутилган бўлса, фақат дин соҳаси вакили, имом-хатиб томонидан маъруза қилиниши шарт қилиб белгиланди[5].

Дабдабали тўй бир кунда ўтиб кетади, ёшларнинг бахтини ҳеч ким ўйламаяпти. Ажрашишлар кўп. Ундан кўра тўйни ихчамлаштириб, ёшларнинг бахтига кўпроқ эътибор бериш керак, деб ўйлайман[6].

Ҳаммамизни бошимизга тушадиган савдо – бу тўй. Лекин  бу дабдабалар ким ва нима учун, билмадим… Тўй ҳақида, тўйлардаги исрофгарчилик, тўйдаги дабадабабозлик ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Қарорлар қабул қилинди, тавсиялар ишлаб чиқилди, кўрсатувлар қилинди, мақолалар ёзилди, катта йиғилишлар қилинди ва ҳоказо. Демак, айтган билан, ёзган билан бўлмас экан. Бу муаммони йиғилишда ҳал қилиб бўлмас экан. Ҳаммаси аввалгидек, ҳатто аввалгидан ҳам ошиб тушмоқда. Менинг фикримча, ҳамма гап ўзини ислоҳ қилишда қолган. Буни ҳаммасини ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда. Лекин кўпчиликнинг онгига буни сингдириш учун жуда кўп вақт керак. Қачонки инсонлар бошқалар учун яшашни тарк қилишмас эканлар ва барча нарсаларнинг ҳисоб-китоби борлигини, исрофнинг натижаси яхшилик билан тугамаслигини жамиятимиздаги ҳар бир инсон англаб етмас эканлар тўйлар ихчамлашмайди, дабдабали бўлишда давом этаверади.

 

Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Мўминова Азизахон

 

[1] Аминбой ВАФОЕВ, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби

[2] www.darakchi.uz  сайтидаги Азиза ҚУРБОНОВАнинг “Қиз узатаётган ва келин тушираётган оналар диққатига!” номли мақоласидан олинди.

[3] www.ok.ru   сайтидаги “Тўйлардаги ТОП-10 исрофгарчилик” номли мақоласидан  олинди.

[4] www.mazmun.uz  сайтидаги Тўра Муроднинг “Президент танқид қилган мавзу журналист нишонида” номли мақоласидан  олинди.

[5] www.darakchi.uz   сайтидаги “Тошкентдаги тўйларда келин-куйовнинг  валсга тушиши, пул сочиши, гул отиши  ҳамда торт кесиши таьқиқланди” номли мақоласидан олинди.

[6] www.ok.ru  сайтининг “Тўйлар ҳақида ўйлар…” номли мақоласидан олинди.