Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / “Чўкаётган” масжид сайёҳлар ва олимларнинг эътиборини жалб этмоқда

“Чўкаётган” масжид сайёҳлар ва олимларнинг эътиборини жалб этмоқда

Масжид Покистон шимолидаги Акбарпур қишлоғида жойлашган бўлиб, нафақат ўзининг бетакрор ва ажойиб меъморчилиги, балки пойдеворининг ўзигахослиги билан ажралиб туради. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, масжид хонақоҳи ҳар йили ерга бир сантиметр чўкиб бормоқда. Шунга қарамасдан, ибодат маскани жуда яхши аҳволда, бинода биронта қам ёриқ, бузилиш аломатлари йўқ.

Масжид жойлашган ҳудуд учинчи мўғуллар императори Абулфатх Жалолиддин Муҳаммад Акбар номига қўйилган. У 1556 – 1605 йиллардаги ҳукмронлик даврида бутун Ҳиндистон субконтинентини босиб олиб, Мўғуллар империясини кенгайтирган. Акбар номини илм-фан ва иқтисоднинг гуллаб-яшнаши билан боғлашади. Унинг ҳукмронлиги даврида бир нечта ислом ёдгорликлари, шунингдек, кутубхона ҳам қурилган. Унда 24 000 дан ортиқ санскрит, урду, форс, юнон, лотин, араб ва кашмир тилларида ёзилган асарлар сақланган.

Мусулмон император фақат аёллар учун мўлжалланган Фатехпур-Сикри кутубхонасини ҳам ташкил этган. Мусулмонлар ва ҳиндларга таълим олишлари учун бутун мамлакат бўйлаб мактаблар қуришга буйруқ берган.

“Чўкаётган” масжидга келсак, шоҳ Акбар уни сўфий шайх Охун Панж Бобга атаб 400 йил илгари қурдирган. Ўша даврдан бери масжид 1,3 метр ер қарига чўккан. Бу масжидда шайх ибодат қилган, ўз шогирдларига билим бериш билан шуғулланган.

Алоқалар бўлимида хизмат қилувчи мухандис Малик Вакар ва масжид раҳбари ёрдамчиси Иқбол Шоҳнинг сўзларига кўра, масжиднинг ер тагига чўкиш сабаблари аниқланмаган. Ибодатхонага кириш учун махсус зинапоялар қурилган. Бу ерда ҳали ҳам ҳар куни 5 маҳал намоз ўқилади.