Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Чорвадорликдаги масъулият

Чорвадорликдаги масъулият

Аллоҳ таоло инсонни бутун мавжудотларнинг сарвари, яратилмишларнинг гултожи қилди. Унга мукаррамлик мартабасини бериб, ададсиз неъматлару, саноқсиз имкониятларни тақдим этди. Ана шу неъматлардан бири – чорва ҳайвонларидир. Зеро, Аллоҳ таоло уларни инсонга бўйсундириб, улардан кўп манфаатлар кўрадиган қилиб қўйди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّا خَلَقْنَا لَهُمْ مِمَّا عَمِلَتْ أَيْدِينَا أَنْعَامًا فَهُمْ لَهَا مَالِكُونَ

وَذَلَّلْنَاهَا لَهُمْ فَمِنْهَا رَكُوبُهُمْ وَمِنْهَا يَأْكُلُونَ

وَلَهُمْ فِيهَا مَنَافِعُ وَمَشَارِبُ أَفَلَا يَشْكُرُونَ

Яъни: “Ахир улар учун Ўз “қўлимиз” иши билан чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Яна уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардан ва ўшалардан (гўштларидан) егайлар. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир, шукр қилмайдиларми?” (Ёсин сураси, 71–73-оятлар).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсон учун яратганини зикр қилиб, бандасини шукрга чақирмоқда. Чорва ҳайвонларида инсоният учун кўплаб манфаатлар бор эканлигини баён қилмоқда. Мисол учун, улар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилади. Юнгларидан иссиқдан, совуқдан ҳимоя қилувчи кийимлар тўқилади. Шунингдек, энг асосийси Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонлар гўштини ейишни ҳалол қилди.

Умми Ҳоний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг ҳузурингизда баракадан ҳеч нарса кўрмаяпман”, – дедилар. Мен: “Қайси баракани айтяпсиз?” – деб сўрадим. Шунда у зот: “Аллоҳ таоло уч нарсага: қўйга, хурмога ва оловга барака берди”, – дедилар (Имом Табароний “Ал-Кабир”да ривоят қилган).

Яратган чорва ҳайвонларини инсон учун нафақат неъмат қилиб берди, балки уларга баракотларни ҳам ато қилиб қўйди. Шундай экан, уларга яхши муносабатда бўлиш талаб этилади. Акс ҳолда, неъматга ношукрлик бўлиб қолади.

Саҳл ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туянинг олдидан ўтдилар. У туя озғинлигидан эти суягига ёпишиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Уларни яроқли ҳолатида мининглар ва (сўйиб) енглар”, дедилар (Ибн Хузайма ривояти).

Ҳайвонларга раҳм қилган кишига Аллоҳ таоло раҳм қилади. Саҳрода чанқаган итга сув тутган аёлга жаннат башорат қилингани ҳақидаги машҳур ривоят бунга ёрқин далилдир. Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган жониворларни боқиш, вақтида суви ва емини беришда савоб бор. Бу мулкка барака киришининг яна бир сабабидир. Сўйсангиз – гўштида, сотсангиз – пулида барака бўлади.

Аллоҳ таоло чорвадорларнинг қалбига раҳм-шафқат, билакларига куч-қувват, чорваларига баракот ато қилсин.

 

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулахад Саиджахонов