Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЧОРАСИЗНИНГ ЭНГ ТЎҒРИ ҚАРОРИ

ЧОРАСИЗНИНГ ЭНГ ТЎҒРИ ҚАРОРИ

Бир ҳомиладор кийик боласини дунёга келтириш арафасида дарё яқинидаги бир ўрмон томонга келди. Энди болалай деганида бирдан осмонда момақалдироқ гумбурлади. Осмондан яшин тушиши оқибатида ўрмонда ёнғин пайдо бўлди. Она кийик ўша жойдан сўл томонга юришга мажбур бўлди. Оҳиста юриб борар экан камонда ўқини тўғрилаб турган овчига дуч келди. Ундан қочаман деб ўрмоннинг ўнг томонига йўл олганди, не кўз билан кўрсинки, бу томондан оч шер ҳамла қилишга тайёр бўлиб келаётган эди.

Она кийик ҳайратда қолди. Тўрт томондан хатар қуршовида. Ортга қайтай деса, ўрмонда ёнғин тобора кучайиб бормоқда! Тўғрига қараб юрса, дарёдан сузиб ўта олмай чўкиб кетади! Ўнг томонда овчининг ўқига нишон, чап томонидан эса оч шерга озуқа бўлиши тайин! Ҳеч қаерга қочиб қутула олмайди! Она кийик тақдирга тан бериб, шу ҳолатда фақат ўзигагина боғлиқ бўлган ишни қилишга қатъий қарор қилди. У ҳам бўлса, ўша турган жойида боласини дунёга келтириш. Бошқа иложи ҳам йўқдай эди. Воқеа қандай якун топди, деб ўйлайсиз?

Шу пайт осмонда момақалдироқ гумбурлади. Яшиннинг кўкимтир ёғдуси овчининг кўзини қамаштирди. Натижада она кийикни мўлжаллаб отган ўқи шерга тегди. Шер шу заҳоти ўлди. Шаррос ёққан ёмғир ўрмондаги оловни ўчирди. Она кийик эса боласини эсон-омон дунёга келтириб олди. Чиқарилган тўғри қарор – қўлидан келадиган, ўзига боғлиқ бўлган ишни танлаб, бажаргани сабабли она кийик ҳам, боласи ҳам соғ-омон қолди.

Бу воқеадан ибрат олишимиз лозим!

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шу каби лаҳзалар бўлади. Ҳар томондан қийинчиликлар қуршаб олгандай бўлади гўё. Шундай ҳолатда нима қилган маъқул?

Бундай вазиятда қўлидан келадиган, ўзи қодир бўлган ишларни қилиш лозим бўлади. Қолганини эса, яъни ўзига боғлиқ бўлмаган, имконияти, лаёқати етмайдиган масалаларни бутун башарият ҳаётини илоҳий қоида асосида тадбир қиладиган Зот Аллоҳ таолога топшириши керак!

МУҲИМ БИР ҚОИДА!

Ҳар қандай оғир вазиятга тушсангиз-да, бошингизга қанчалар оғир мусибат етган бўлса ҳам: “Ё Раббим, қаршимда катта ташвишим турибди”, деманг, балки: “Эй ташвиш ва мусибатлар, менинг буюк Раббим бор”, денг. Бундай ҳолатда Аллоҳга боғланинг, намоз ўқиб дуолар қилинг. Шунда барча ишни тадбир қиладиган Зот, албатта, ғам-ташвишларингизни аритади, қийинчиликлардан кейин енгилликлар беради, иншааллоҳ.

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]