Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ЧИНОЗ МАСЖИДЛАРИ ЧИРОЙ ОЧМОҚДА

ЧИНОЗ МАСЖИДЛАРИ ЧИРОЙ ОЧМОҚДА

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг жойлардаги масжидларда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, қишги мавсумга тайёргарлик тадбирлари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятнинг туман ва шаҳарларига ташриф буюраётгани ҳақида хабар бериб келмоқдамиз.

Бугун – 2019 йилнинг 27 ноябрь куни ҳам анъанага мувофиқ Чиноз тумани диний соҳа ходимларининг иш фаолиятини ўрганиш, қайта қурилаётган ва таъмирланаётган, шароити яхшиланаётган масжидларда олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Хусусан, “Яллама”, “Қулаҳмадхўжа” ва “Саидрахмон тўра” жоме масжидларидаги таъмирлаш ишлари билан танишилиб, керакли маслаҳат ва кўрсатмалар берилди. Янгитдан қурилиши мўлжалланган “Қози маҳалла” жоме масжидининг янги лойиҳаси муҳокама қилинди, намозхонлар учун барча шароитлар ва қулайликлар ташкил этилиши бўйича фикр алмашинилди. Ушбу масжид қурилиши учун янги ер ажратилди, эндиликда янги жойда кўркам, замонавий масжид қад ростлаши назарда тутилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Чиноз туманининг баъзи масжидларида ўз ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда қўшимча даромад топиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. “Яллама” жоме масжиди ана шундай масжидлардан бири ҳисобланади. Ўтган мавсумда масжидга қарашли ҳудудга қурилган иссиқхонага қалампир экилиб, даромад олинган бўлса, бу йилги мавсум учун бақлажон кўчатлари ҳозирлаб қўйилган. Олинган даромад ва ҳомийларнинг кўмагида масжидда янги, қулай, замонавий талабларга жавоб берадиган таҳоратхона барпо этилди.

Чирой очаётган Чиноз тумани масжидларини кўриб, кишининг кўзи қувнаши шубҳасиздир. Масжид ходимлари ва қавми билан учрашиш асносида, мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бардавом бўлиши, динимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти учун хайрли дуолар қилинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan