Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Чақалоққа тўй керакми?

Чақалоққа тўй керакми?

Ўртада ҳаракатланаётган машҳур автомобилни қуршаб яна тўртта автомашина йўлни тўлдирган. Ундан олдинроқдаги автомашинада эса камера кўтариб олган йигит буларнинг барини тасмага тушириш билан банд. Ҳаммаси бўлиб 20 чоғли машиналарнинг ўтиб кетишини кутганлар қанча.

Биров ҳавас қилди. Кимдир эса ният. “Тўй яхши-да”, – деди биров. Кимдир эса: “Бу тўй эмас, чақалоқни туғруқхонадан олиб келишяпти”, – деди. Дархақиқат, марказдаги машинада ёш ота билан она. Оппоқ йўргакдаги чақалоқ ўртада. Бу фаровонликдан дарак, деди кўрганлар. Лекин шу пайтда кимнингдир юрагига ғулғула тушди. Бу каби чиқимлар мени абгор қилиб қўймасмикан, ўйлади яна биров. Хуллас, бекатдагиларнинг ҳаммаси гўдакнинг ота-онасига муносиб бўлиб вояга етишини тилаган ҳолда, бу каби ҳолатларни исрофгарчиликка йўйишди. Хақиқатдан ҳам, инсон Аллоҳ таоло ато этган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка масъул эмасми? Бу борада Қуръони Карим бундай таълим беради: “…шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф сураси 31-оят)

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер деганлар”. (Имом Бухорий ривояти)

Сўнгги пайтларда чақалоқни туғруқхонадан чиқариш маросимини тўйга айлантириб олганлигимиз айни ҳақиқат. Илгарилари ёш онани аяб машина чақириларди. Қариндош – уруғ қўлидан келганича ёрдам берар, она билан болани асраб-авайлар эди. Энди эса тўй ўтказиляпти. Эртак қаҳрамонлари «Маша билан медведь» ким учун томоша кўрсатишяпти. Чақалоққа эмас, албатта. Онанинг ҳам кечагина икки йўлнинг ўртасидан қайтганлиги ёдида эмас. Очиқ сочиқ. Баъзи аёлларимиз тор шимда ҳам туғруқхонадан чиқишаяпти. Нима эмиш, видеога олинармиш. Чиройли чиқармиш. Тоғора, товоқ, сарполар ва унинг оқибатида юзага келаётган дилхираликлар бизнинг миллатимизга тўғри келиш – келмаслигини нега ўйлаб кўрмаймиз?! Ўн беш, йигирма мингга китоб сотиб олишга оғринамиз. Лекин бундай тантаналарда барча неъматларни тўкиб – сочиб қўямиз. Спиртли ичимликларни қаторлаштирамиз. Ёш йигитларимизнинг ичиб олиб, “шер” бўлиб кетганларини кўриш жуда оғир. Бу манманлик, исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Фарзанд тарбиялаш учун эса билимли бўлиш талаб қилинади. Маънавияти қашшоқ ота билан она қандай қилиб фарзанд тарбия қилади?! Шунинг учун, Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа олиму-уламоларимиз қолдирган бебаҳо хазиналар ҳамда бугунги кунда маънавиятимизга, динимиз мусаффолигига, юртимиз тинчилигига ўз ҳиссасини қўшаётган устозларимиз китобларини, Навоий ҳазратларининг асарларини, Бобур шеъриятини, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, шунингдек, яна жуда кўплаб ёзувчи ва шоирларимизнинг асарларини ўрганайлик. Фақат китобдангина биз ўз саволларимизга жавоб топамиз. Ахир китобдан яхшироқ дўст йўқ дейдилар.

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби
вазифасини бажарувчи Махмуджон Абдусаитов