Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

БУЮК ШАФОАТ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

«Аллоҳ таоло айтади: Дўзахдан бирор кун (бирон бир вақт) да Мени эслаган ёки бирон бир ўринда Мендан қўрққан кимсани чиқаринглар» (Термизий ривояти).

Шарҳ:

Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга доимо Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига бўлган карами ва раҳмати ҳақида хабар берар эдилар. Қуйидаги оятлардаги зикр қилинган даҳшатли кунда ушбу раҳмат намоён бўлади.

“Гуноҳкор ўша кун азобидан қутилиш учун ўз болаларини ҳам, хотини ва ака-укасини ҳам, уни ўзига олган қабиласини ҳам ва ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам фидо қилишни, сўнгра ўзи нажот топишни истайди” (Маориж сураси, 11-14- оятлар).

“У кунда киши ўз ака-укасидан, онаси ва отасидан, хотини ва боласидан қочади. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор” (Абаса сураси, 34-37-оятлар).

Ушбу кунда Мавлои карим бандаларига қиёмат кунигача кечиктирган раҳмати ила муомала қилади. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хабарини берган улуғ раҳматдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг юз раҳмати бордир. Ундан бир қисмини инсонлар, жинлар, ҳайвонлар ва жониворлар орасида тақсимлаб қўйган. Ўша бир раҳмат туфайли улар меҳрибонлик ва раҳм қилишади. Ва ҳатто ваҳший ҳайвонлар ҳам болаларига меҳрибонлик қилишади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларига раҳм қилиш учун тўқсон тўққизта раҳматини олиб қўйган», деб айтдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу қиёмат кунигача кечиктирилган улуғ раҳмат қуйидагича намоён бўлади: Аллоҳ таоло дўзахда абадий қолишга маҳкум бўлмаган бандаларни баъзи бандаларига шафоат қилдиради. Сўнгра, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи шафоат қилади ва кўпгина қавмларни дўзахдан чиқаради. Шафоат қилинган қавмлар ичида ушбу ҳадисдаги мазкур  икки тоифа «Бирор бир вақтда Мени зикр қилган ёки бирон бир ўринда Мендан қўрққан кимса» лар ҳам бўлади.

Биринчи тоифа:

Аллоҳ таолони  бирор бир вақтда зикр қилган кимсалардир.

Ҳадисдаги «Бирор кун» дан мурод ўша куннинг ҳаммаси эмас, бир қисми бўлади.

«Аллоҳни бирор кун зикр қилган» нинг маъноси эса Аллоҳ зикридан ғофил бўлиб қолиб, сўнгра У Зотни зикр қилган (эслаган) ва унга тасбеҳ, таҳмид айтиб, ёлғиз Робб дея эътироф қилган бўлади.

Бас, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг ушбу ҳолатини мақтаб, унинг ўзи  жуда ҳам ёрдамга муҳтож бўлганида эслайди ва унинг ушбу зикри  Робби ҳузурида нажот топишига сабаб бўлади.

Иккинчи тоифа эса:

Аллоҳ азза ва жалладан умр сонияларининг бирида,  бирон бир маъсият қилиш имкони бор жойда  қўрққан бўлади. Унга  Аллоҳни  эслатгувчилардан бири  эслатиб  ана шу нарсадан тийилиб қолган ёки бирон бир мазлум уни Аллоҳдан қўрқитиб,  ўша ҳолатида Аллоҳдан қўрқиб зулмдан тийилган ёки бўлмаса бу мискин гуноҳлар денгизига ғарқ бўлган бўлиб, қалбида иймоний бир чўғ порлаб, маъсиятдан қайтган бўлади.

Бани Исроиллик киши ҳолига боқмайсанми? Амакисининг қизи билан зино қилмоқчи бўлган чоғида у қиз: «Аллоҳдан қўрққин!» – деди ва у Аллоҳдан қўрқиб ўзини тийди. Вақтики икки инсон билан бир ғорга кирганларида ғор оғзини катта ҳарсанг тош тўсиб қўйиб, бу ғордан қутилиб кетишдан ноумид бўлишди. Шунда улардан ҳар бири ўзининг солиҳ амалларини эслаб васила қилишди. Мазкур кимса ҳам амакисининг қизи ила бўлган ҳолатни эслаб, Аллоҳ учун ўша ишни қилмаганини васила қилганида ҳарсангтош бир миқдор сурилди. Бу маъруф ҳадисдир.

Ушбу кимса Аллоҳдан ҳаётининг бир онида ва бир ўрнида қўрққани сабабли У Зот унинг қўрқувини зое қилмасдан,  мушкулотидан чиқариб қўйди.

Шунингдек, албатта Аллоҳ таоло унинг ушбу амалига дунёдагина савоб беришдан карамли Зот бўлиб, ҳали охиратда ҳам  мана шу иши учун улуғ савоблар ато қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Роббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор” (Раҳмон сураси 46 оят).

Яъни, Робби ҳузурида туриб, қилган ишларига ҳисоб беришидан қўрқан ва  гуноҳни тарк қилган кимса учун икки жаннат бордир.

Мужоҳид ва Иброҳим Нахаъий раҳимаҳумаллоҳ:

«Бу – бирон маъсиятни қасд қилиб, сўнгра Аллоҳни эслаб қолган ва  Ундан қўрқиб бу ишни  қилмаган кимсадир», – деб айтишган.

Икки жаннат: Бири Роббидан қўрққани ва яна бири шаҳватини тарк қилгани учундир (Тафсири Қуртубий, 17/176 га қаранг).

 

Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг «Мин сиҳоҳил аҳодийсил қудсийя» китобидан.

 

Пискент тумани «Собирхон ота» масжиди имоми
Суннатуллоҳ Абдулбосит