Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Буюк масъулият ёхуд имом хатиб ким ва у қандай бўлиши керак?

Буюк масъулият ёхуд имом хатиб ким ва у қандай бўлиши керак?

«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво маъносини билдиради. Шунингдек, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини ҳам англатади. Демак бир сўз билан айтганда, имом кишиларни эзгу мақсадлар сари етакловчи ва ҳидоятга йўлловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор:

“Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Робби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ):“Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво)қиламан”, деди…”

Юқоридаги ояти кариманинг мазмунидан шуни англашимиз мумкинки, имомлик вазифаси бу буюк мартабадир. Шу билан биргаликда имомлик вазифаси ўта нозик ва масъулиятлилиги билан ҳам ажралиб туради. Чунки, имом одил, фахм-фаросатли, бор вужуди билан инсонларга, жамиятга хизмат қилишга чин дилдан киришган киши бўлмоғи лозимдир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қуръони Каримнинг оятларида имом яхшиликка чорловчи маъноларида қўлланилган. Шу сабабли, кўп оятларда келган «имом» сўзи Пайғамбарлар, Расулларга нисбатан ишлатилган. Чунки, улар кишиларни фақат яхшиликка чорловчи, қалби пок, соф иймон эгалари бўлишган. Бугунги кундаги имомлардан ҳам мана шу сифатлар талаб этилади. Демак, имом ҳидоятга бошловчи ва эзгу ишларга йўллайдиган шахсдир. Пайғамбарлар, уламолар ва солиҳ кишилар хайрли ишларнинг имоми ва пешвосидир. Юқоридаги оятлар ва фикр-мулоҳазаларни ҳулоса қилиб айтганда, имом чуқур диний илмга эга бўлган, адолатли, диёнатли, мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган, халқни фақатгина яхши нарсаларга буюрадиган шахс бўлиши лозим.

Аллох таоло Каломи шарифида илмнинг нақадар улуғлиги ҳақида кўп оятларни нозил қилган. Жумладан:

«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар сураси 9-оят) мазмунли ояти каримага чуқур назар ташласак моҳиятини тафаккур қилсак, ҳозир жамият ҳаётида имом хатибларнинг ўрни, мавқеи катта ва масъулиятли эканини ҳис этамиз.

Дарҳақиқат, Ислом дини имом хатиблар зиммасига катта масъулият юклайди. Имом хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати ила диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, ибодатларни адо этишда, маросимларни ўтказишда ва динимизнинг эзгу таълимотларини мўмин-мусулмонларга тўғри етказишда уларнинг муҳим ўрни бор. Лекин бу ўта масъулиятли вазифаларни калта фикрлаш орқали, оммага турли сўзларни тарқатиш, мусулмонлар орасида фитна ва келишмовчиликлар келиб чиқишига сабабчи бўладиган сўзларни айтиш имом хатибнинг катта хатоси ҳисобланади. Чунки, фитна ҳар кандай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Меҳроб масъулияти!

Масжидларда дунёвий сўзларни сўзлаш, жанжаллашиш, баҳслашиш, баланд овозда гаплашиб беҳуда сўзлар билан одамларга озор бериш, фитна-фасод, иғво қилиш катъиян ман этилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замон охирлашганда умматларимдан бир қанчалари масжидларга йиғилиб, дунё сўзлари билан машғул бўлишади. Зинҳор улар билан ўтирманг. Чунки, уларнинг Аллоҳга ҳожатлари йўқдир» деб огоҳлантирганлар.

Имом Бухорий ривояти.

Меҳроб бу — ваъз-насиҳат, илм-маърифат, зиё-нур, одоб-ахлоқ, ҳалоллик, поклик, меҳр-оқибат, тўғри сўзлик бир сўз билан айтганда Аллоҳ таолонинг бизларга юборган соф Ислом дини моҳиятини етказадиган маскандир. Меҳроб – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига иршод қилган, саҳобалар, мужтаҳид уламолар, дин пешволари турган масжидларнинг юраги ҳисобланади. Кишининг тириклиги юрагининг уриши билан бўлса, меҳробнинг тириклиги унда турган масъул кишининг тўғри сўзлиги, омонатпарвалиги билан бўлади. Шунинг учун ҳам имомдан улуғ вазифа – меҳроб масъулиятини бор вужуди билан ҳис этишга буюрилгандир.

Фитна котилликдан хам ашаддийрокдир!

Бугунги кунда ижтимоий тармоқ деярли барчанинг кундалик ташвишига айланган десак, муболаға бўлмайди. Замонавий уяли алоқа воситаларининг деярли барчаси интернетдаги маълумотларни бир зумда кафтингизга намоён қила олади. Лекин бу маълумотлар ичида ишончли ва ишончсизлари бир вақтда намоён бўлади.

Шуни асло унутманки ёлғон гапириш ва фитна чиқариш мўмин- мусулмонларга ҳос иш эмас. Мана шундай фитнали гаплар, уламолар устига туҳмат қилиш каби иллатларни мусулмонлар ичидан айнан имомдан содир бўлиши бу катта хатодир. Чунки, Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган:

“Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз…!”

Наҳотки, мусулмон мусулмон тўғрисида ўзи аниқ билмаган нарсалар борасида катта гумонда бўлиши мумкин?! Агар у гумон қилиб муҳокама қилаётган мусулмон уламо бўлса-чи? Бунинг гуноҳи янада катталашмайдими? Нима учун ўзи гумон қилган нарсалар ҳақида шу кишининг олдига бориб айтмайди, ўзи билан суҳбатлашмайди ва агар айби бўлса ўзига айтмайди? Бутун оммага чиқиб уламолар хусусида муҳокама қилишга, барчани бирдек қора дейишга Аллоҳдан қўрқмаса. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида қуйидагича марҳамат қилганлар:

“Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Бундан ташқари кишилар орасида фитнага сабаб бўлувчи сўзларни айнан меҳробдан туриб айтишлик ҳам мумкин эмас. Чунки, айтилаётган сўзлар айрим масалаларда ихтилоф, низо ва фитна чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Куръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Фитна котилликдан хам ашаддийрокдир…» (Бакара 191-оят).

Хулоса, ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон тўғрисида фақатгина яхши гумонда бўлиши лозим, бирор уламони муҳокама қилишга ва айниқса, билиб билмай айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини яхши англаши керак. Бугунги кунда барча учун ўрнак бўлувчи, доимо омманинг нигоҳида турувчи имомлар айтаётган ҳар бир сўзларини тўлиқ англаб, халқга ҳам фақатгина яхшиликка етакловчи нарсаларнигина айтишлари лозимдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни билиб билмай хато қилиб қўйишдан, бирор мусулмон борасида ёмон гумонда бўлишдан сақласин! Барчаларимизни айтаётган сўзларимиз энг аввало ўзимизнинг дунё ва оҳиратимиз учун қолаверса, атрофдагиларнинг манфаати, юртнинг тинчлиги, юксалиши учун сабабчи бўладиган ҳайрли сўзлар бўлишини Ўзидан сўраб қоламиз!

Тошкент вилояти бош-имом хатиби ўринбосари

Қибрай тумани «Дўрмон» жоме масжиди

имом-хатиби М. Миржалилов