Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Буюк боболаримиз ибрати
Imom Buxoriy

Буюк боболаримиз ибрати

Ҳар бир давлатнинг ўз тарихи бор. Ҳар бир давлат тарихида ўтган олимлари билан, ватанпарварлари билан, унутилмас кунлари билан фахрланиб яшайди ва ёшларга ибрат қилиб кўрсатади. Алҳамдулиллаҳ бизнинг юртимизда ҳам ватанимизни дунёга танитган қолаверса, дунё тарихида ўчмас из қолдирган етук алломаларимиз, бобокалонларимиз номи абадий барҳаётдир. Уларнинг қолдирган илмларидан дунё аҳли ҳозиргача фойдаланиб келмоқда ва иншааллоҳ қиёматгача ҳам фойдаланишади. Буюк боболаримизнинг ибрати илму фан билан боғликлиги бизларнинг кимнинг фарзандлари эканлигимизни яққол билдириб туради. Бугун мен сизларга имом Бухорий ҳазратларининг ибратларидан мисол келтираман. Бу ибрат бугунги баъзи бир адашган, ақидаси бузуқ, ватанга туҳмат тошини отаётган ёшларимизга жуда катта дарс бўла олади.

Қуръони каримдан кейинги иккинчи китоб саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўпламини тузган улуғ аллома, имомуд – дунё олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълумдир. Ул хазрат илм чўққисида мақсадига эришгач ватанни қўмсаб Бухорога қайтишини маълум қилади. Атрофидаги барча олимлар, устозлар, шогирдлар қолаверса, арабу- ажам йиғлаб бу фикрга норози бўлиб, буюк муҳаддисни арабистонда қолишини сўрайдилар. Аммо Ватан соғинчи бобомизни ўз фикрида қолиб Бухорога қайтишни ундайди. Таниқли Ислом шоири Боқоний «Бухорий бобом» шеърида шундай мисраларни келтиради:

Қолинг деб йиғлади ажаму-араб,

Бобом йўл олдилар ватанга қараб.

Она юрт шунча ҳам азизми ё Раб,

Бухорога қайтди Бухорий бобом.

Бу воқеа тарих зарварақларидан ватанни севиш борасида дунёни ларзага келтирган воқеа сифатида жой олган. Азизларим, буюк боболаримиз ҳаётидан ибрат олиб яшасак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз ва доимо адашмасдан юрамиз. Бобоколонларимизнинг бизга қолдирган ибратли хаёти ҳаммамиз учун катта бир мактабдир. Фақат биз ёшларимизга бу ибратни ўз вақтида етказиб, уларнинг тарбиясига жиддий ёндаша билишимиз зарур.

Чирчиқ шаҳар «Амир ўғли Хасанбой» жоме масжиди имом ноиби Шокиржон Эшметов