Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Бухорода табиий офат талофотлари бартараф этилмоқда

Бухорода табиий офат талофотлари бартараф этилмоқда

Куни кеча 27 апрель куни республикамиз ҳудудига кириб келган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказди.

Айниқса, Бухоро вилоятида кўп қаватли уй-жойлар, аҳоли хонадонлари, нотурар бинолар ҳамда маданий мерос объектларига жиддий талофотлар етказилгани аниқланган.

Бундан ташқари, вилоят бўйича 42400 дона дарахт синиши қайд қилинган. Бинолар ва дарахтлар остида қўйилган 415 та автотранспортга жиддий зиён етган.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, жами 41 нафар фуқароларга шундан, 32 нафар енгил, 7 нафар ўрта ва 1 нафар фуқарога оғир тан жароҳати етган. Шунингдек, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу табиий офат жабрдийдаларига Аллоҳ таолодан сабр ва офият тилайди. Бунинг оқибатида вафот этган бир нафар юртдошимизнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.

Юртимизга келган ушбу кучли шамол ва ёғингарчилик натижасида бўлган талофатга сабрли бўлиш, Аллоҳга истиғфор айтиб, бундан ҳам ёмон бўлмагани учун шукр қилиши лозим. Шундай мусибатларга сабр қилиш –чидаш, имон тақозо қилган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишдир. Ҳадиси шарифларга мурожаат қилсак, тоат ва ибодат, гуноҳлардан сақланиш баробарида мусибат ва қийинчиликлар етганда сабрли бўлиш мусулмон кишининг асосий фазилатларидан экани айтилади.

Аллоҳ таолонинг иродаси ила етган балоларга сабр қилиб, Ундан савоб умид қилиш лозим. Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир”, дея марҳамат қилган. Банда учун Аллоҳ у билан бирга бўлишидан ортиқ мукофот борми!? Яна бир ояти каримада: “Албатта, сабрлиларга ажрлари ҳисобсиз тўлиқ берилур”, дея хушхабар қилинган (Зумар, 10).

Ҳадиси шарифларда мусулмонга етган мусибат унинг гуноҳларига каффорот экани айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга етган ҳар бир мусибат туфайли Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради, ҳатто унга кирадиган тикан учун ҳам” деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Айни вақтларда Бухоро вилояти ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорликда кучли шамол оқибатида етказилган зарар оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бугун, 28 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида, Бухоро вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни кўздан кечирди. Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув ўтказилди. Турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.

Бундай тезкор ва амалий амалий саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар қандай вазиятда давлатимиз эътиборида эканини яққол ифода этади.

Ўз навбатида, ўлкамизда шу кунларда ноқулай об-ҳаво ҳукм суриши, жанубий-ғарбдан кучли шамол, чангли бўрон кириб келиши ва айрим ҳудудларда қисқа муддатли жала ёмғирлар ёғиши эҳтимоли борлигини инобатга олиб, транспорт воситаларни хавфсиз жойларга олишни ҳамда эҳтиёт чораларини кўришни илтимос қиламиз!

Таъкидлаш зарурки, айрим ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида кучли бўрон оқибатида бошпанасиз қолган одамлар гўёки оммавий тарзда Бухоро шаҳрига вақтинчалик яшаб туриш учун кетаётгани ҳақидаги хабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотларни ҳар қандай шаклда тарқатиш Ислом дини таълимотларда қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини яна бир бор ёдга соламиз.

Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос дуоларни ўқиш ҳақида баён этилган. Шундай дуоларни қилиш муроду мақсадга етишга катта васила бўлганини бир неча бор ўз тасдиғини топган. Жумладан, шамол қаттиқ бўлганда “Аллоҳумма, лақҳан ва лаа ъақийман” – “Эй, Аллоҳ! Уни ёмғирли шамол қилгин, офат келтирадиган қилмагин!”, мазмунидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади.

Сўзимиз якунида, табиий офат жабрдийдаларига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қиламиз.

Ҳақ таолодан шу кунларда юртимизда бўлаётган кучли шамол ва ёғингарчиликларнинг салбий оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлишини сўраб, Аллоҳ таоло юртимизни турли балои-қазолардан Ўзи асрасин!