Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Бухорийни ўрганамиз 2

Бухорийни ўрганамиз 2

Имом Бухорий мужтаҳид олимлардан бўлганлар:

Бунга “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоблари мисол бўла олади. У зот китобларидаги бобларни фиқҳ бобларига мослаштириб ёзганлар. Гоҳо бир ҳадисни китобнинг турли бобларида келтирганлар. Уларнинг ҳаммасида ҳадисдан олинадиган фойдаларига ишора қилганлар. Бобларнинг таржимасида кўплаб оятлар ва ҳадисларни ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг сўзлари ва фатволарини келтирганлар. Бу бобларнинг фиқҳи ва далолатини баён қилиш учун олимлар китоблар ёзганлар. Бу эса “Олимлар орасида Имом Бухорий таржималарининг фиқҳи” деган сўзнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Ёзган китоблари:

1-   “ Қазоё ас-Саҳоба ват-Тобеъин”
2-   “Ат-Тарих ал-Кабир”
3-   Ат-Тарих ас-Сағир
4-   Ал-Қироату халфал-Имом
5-   Биррул-волидайн
6-   Холқу афъолил-ибод
7-   Китобуз-Зуъафо
8-   Рафъул ядайни фис-солаҳ
9-   Ат-Тарих ал-Авсат
10-Ат-Тафсир ал-Кабир
11-Ал-Жомеъ ал-Кабир
12- Китоб ул-Ҳиба
13- Ал-Муснад ал-Кабир
14- Китоб ул-Ашриба
15-Асома ас-Саҳоба
16-Китоб ул-Ваҳдон
17-Китоб ул Мабсут
18-Китоб ул-Илал
19-Китоб ул-куно
20-Ал адаб ал-муфрад

Тарих китобларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида, ой нури тушиб турган кечаларда ёзганлар.

Имтиҳон қилинишлари

Имтиҳон қилинишлик солиҳларнинг суннатларидандир. Амир Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий Бухорога, Муҳаммад ибн Исмоилга одам жўнатиб, болаларига “Жомеъ”, “Тарих” ва бошқа китобларини ўқиб беришини сўради. Имом Бухорий элчига: “Мен илмни хорламайман, инсонлар эшикларига кўтариб бормайман. Агар сенда илмдан бирон нарсага ҳожат бўлса, болаларингни ҳузуримга юборгин”, – дедилар. У Имом Бухорийга яна одам юбориб, болалари учун хос мажлис қилишини, улардан бошқалар ҳозир бўлмаслигини сўради. Имом Бухорий буни ман қилиб: “Бирор кишини хосламайман”, – дедилар.

Холид  Ҳорис ибн Абу Варқў ва бошқалардан ёрдам сўради. Улар Имом Бухорийнинг мазҳаби ҳақида гапириб, уни шаҳардан чиқардилар. Имом Бухорий уларнинг ҳаққига дуоибад қилдилар. Бир ой ўтар ўтмас Тоҳирийнинг буйруғи билан шаҳарда Холидни зарарига хукм қилинди. Эшакка тескари ҳолда миндирилиб, шаҳар айлантирилди. Ҳорисни аҳволи бошқача бўлди. У аҳли оиласи билан балоланди. Васфлаб бўлмайдиган даражадаги азобларни кўрди.

Имом Бухорий Нишопурга юзландилар. Амирнинг қаршилиги билан у йўлдан қайтдилар. Хартангга келганларида (Хартанг Самарқанддан икки фарсах узоқликдаги қишлоқ) – шу ерда рамазон ойининг охирги кечаси, шанба куни ҳуфтон намози вақтида вафот этдилар.

Ҳайит куни, пешин намозидан кейин, 256 ҳижрий йили дафн қилиндилар. 62 йил умр кўрдилар.

Вафотларидан кейинги олимларнинг сўзлари:

Олимлардан “Сидқда туғилди, гўзал ҳаёт кечирди, нурда вафот этди”, деган сўз нақл қилинган.

Абдулвоҳид ибн Одам ат-Тувависий: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушумда кўрдим. У киши билан саҳобаларидан бир жамоа бор эди. У зот бир жойда турар эдилар. У кишига салом бердим. Саломимга жавоб қайтардилар. Мен: “Нега бу ерда турибсиз?” – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутуб турибман”, – дедилар. Бир неча кундан кейин Бухорийнинг вафотлари хабарини эшитдим.  Сўраб – суриштирсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрган соатимда вафот этган эканлар”, – деди.

Жомеъни қийинчилик, душмандан қўрққанда ва касаллик вақтида ўқишлик машҳур ишлардан бўлган. Бу ҳақдаги сўзлар Имом Субкий ва бошқа олимлардан ривоят қилинган.

Бу китобни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг нафсларига нисбат берганлар.

Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийдан ривоят қилинади:

Мен фақиҳ Абу Зайд Марвазийдан “Бир куни Рукн ва Мақом орасида ухлаётган эдим. Тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот: “Эй Абу Зайд қачонгача Шофеъийнинг китобини ўқийсан! Мени китобимни ўқимайсанми?” – дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг китобингиз қайси?” – дедим. Шунда у зот: “Муҳаммад ибн Исмоил (яъни Бухорий)нинг Жомеъси”, – дедилар.

Имом Бухорий ҳақларида олимларнинг сўзлари:

Амр ибн Фаллос: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга маълум бўлмаган ҳадис, албатта, ишончли ҳадис эмасдир”, – деди.

Ҳофизлар тўртта: Абу Жаръа Рой шаҳрида, Муслим ибн Ҳажжож Нишопур шаҳрида, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқанд шаҳрида, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорода деганлар.

Қибрай тумани “ Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обид