Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Бугуннинг гапи

Бугуннинг гапи

Бугунги исми жисмига муносиб қишнинг қировли кунларига барчамиз гувоҳмиз. Қаерда бўлмайлик ўзимизни иссиқроқ жойга уряпмиз. Бомдод намозини жамоат билан ўқиш ниятида тезроқ ичкарига кириш учун масжид сари одимлаб борар эканман, масжид айвонида (ташқарида) намоз ўқиётган ўрта ёшли намозхонга кўзим тушди. Хаёлимдан “Ичкарига кириб ўқиса бўлмасмикан”, деган фикр ўтди. Оёқ кийимимни ечиб хонақох сари борар эканман, уни такбир айтаётганига гувоҳ бўлдим, демак, ишга шошиляпти, шу сабаб намозини ўзи ўқиб олмоқчи. Мени ҳайратга солган нарса шуки, уйида ўқиб кетиши мумкин  бўлган намозини Аллоҳнинг байтида ўқишига бўлган ихлоси, савоб умидида қилаётган ғайрати эди.

Ичкарига кирганлар суннатни ўқиб, фарз вақтини кутиб, зикр ила машғул бўлиб ўтиришибди. Масжидда ажиб сокинлик ҳукм сурмоқда. Шу пайт орқамдан кимнингдир пичирлаган товуши келди, бу эса бир оз ғашимга тегди. Кимлигига назар солиш иштиёқи ғолиб келиб секин кўз қирим билан орқага қарадим. Ҳали мўйлаби сабза урмаган ёш бир йигит ёнидаги дўстига намоз ўқишни ўргатаётганди: ният, руку, сажда… Дўстига улуғ ибодатни ўргатаётганига бир ҳавас қилган бўлсам, ёшларимизнинг ширин уйқусидан воз кечиб, тонгда Аллоҳнинг уйида ҳозир бўлиши қалбимни сурурга тўлдирди.

Бир қарашда оддийгина кўринган ҳолатлар мен учун фидоийликнинг намунаси бўлиб кўринди. Албатта, буларда катта ибрат бор… Шу жиҳатларни кўрсатиб қуйган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Беихтиёр кўнглимдан: “Аллоҳим, Сенинг уйинг сари кексаю ёш бирдек умид билан ошиқмоқда, ўзлигини унутган уммат яна Роббига юзланмоқда. Бу, албатта, яхшилик аломатидир!” – деган ўйлар ўтди.

Оҳангарон тумани “Чил қори” жоме масжиди

имом – хатиби Орифжон Хусенов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan