Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Болажонлар ўртасида намоз ўқиш бўйича танлов

Болажонлар ўртасида намоз ўқиш бўйича танлов

Шу кунларда Татаристон Республикаси мухтасиблигида болажонлар ўртасида намоз ўқиш бўйича танлов бошланди. Кўпчилик туманларда ушбу кўрик-танловни баҳорги таътилда ўтказиш режалаштирилган бўлса-да, бир қанча мухтасибликларда танлов ўтказиб бўлинди. Апастовский, Высокогорский, Лаишевский, Агрызский, Сабинский мухтасибликлари шулар жумласидандир.

Танлов Ислом қадриятларини тарғибот қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодда динга бўлган муҳаббатни шакллантириш, намоз ва Қуръон ўқишга бўлган қизиқишни орттириш мақсадида ташкил этилди. Танлов уч гуруҳда ўтказилмоқда:

  1. Мактаб ёшига етмаган ва 1-2-синфда таълим олаётган болажонлар ўртасида. Бу гуруҳдаги шарт – 2 ракат намоз ўқий олиш, Ислом асосларини билиш;
  2. 2-3-синф ўқувчилари иштирок этадиган бу гуруҳдаги шарт – 5 вақт намоздан бирини овоз чиқариб ўқиб бериш, “Қунут” дуоси ва “Оятал Курсий”ни ёддан айтиб бериш, имон шартларини билиш ва лозим бўлганда баъзи саволларга жавоб бера олиш;
  3. Иштирокчилари 5-6 синф ўқувчилари бўлган гуруҳ. Шарт – 5 вақт намоздан бирини овоз чиқариб ўқиб бериш, “Қунут” дуоси ва “Оятал Курсий”, азон, азондан кейинги дуо, “Тақаббал” дуосини ёддан айтиб бериш, фарзлар, имон шартларини билиш, “Фотиҳа” сурасининг тафсирини айтиб бериш ва лозим бўлганда баъзи саволларга жавоб бера олиш.

Танловда ўғил болалар ҳам қизлар ҳам иштирок этиши мумкин. Қатнашувчиларнинг билимини малакали муаллим ва имомлар баҳолаб боради.

Шуниси аҳамиятлики, намоз ўқиш билан биргаликда бошқа диний танловлар ҳам ўтказилади. Масалан, катталар учун дуолар танлови, қорилар мусобақаси.

Таъкидлаш жоизки, бу каби танловлар диний идоранинг аҳоли ўртасида Исломга бўлган қизиқишни орттириш бўйича амалга ошираётган ягона лойиҳаси эмас. Ҳозирги кунда Қозон шаҳридаги Галиев масжидида ҳар шанба куни “Бир кунлик мактаблар” лойиҳасининг учинчи мавсум дарслари давом этмоқда. Намоз ўқиш қоидалари ва Ислом асосларига бағишланган ушбу дарсларга 110 нафар киши қатнашмоқда. Курс дастури 5 машғулотни ўз ичига олади: “Кириш дарси” (атамалар, Исломда ҳалол ва ҳаром, таҳорат), “Намоз дарси” (намоз ўқиш тартиби, сура ва дуолар), “Ислом арконлари” (рўза, закот, ҳаж), “Ақида дарси” (ақида, имон шартлари), “Сийрат дарси” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳаётлари ва пайғамбарлик). Ҳамма дарслар текин, машғулотлар ҳам татар ҳам рус тилларида олиб борилади. Ушбу лойиҳанинг ўтган икки мавсумида 170 нафар киши дарсларга қатнашди.