Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Бойлик молнинг кўплигида эмас…

Бойлик молнинг кўплигида эмас…

Аксар инсонларнинг фикрича, бойлик – бу пул, ер, кўчмас мулк ёки тижоратда маълум ҳиссага эга бўлишдир. Уларнинг наздида шу нарсаларга эга бўлмаган кишилар бой ҳисобланмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бойликнинг ҳақиқий маъносига назарларини қаратдилар.

» ليس الغنى عن كثرة العرض، ولكن الغنى غنى النفس».

Бойлик молнинг кўплигида эмас, балки нафснинг бойлиги – тўқлигидадир. (Имом Муслим ривояти).

Қанча – қанча инсонлар бор, катта бойликларга эга бўла туриб, фақирлар каби ҳаёт кечирадилар. Улар доим хавотирда, безовта ҳолда яшайдилар. Қамбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, мол – дунёсини янада кўпайтириш пайида бўладилар. Моллари камайиб қолишидан қўрқиб, хайр – саховат қиладиган ўринда зиқналик қиладилар. Кўпинча мол –дунё кетидан қувиб, қариндошчилик ришталарини узиб қўядилар. Энг ёмони, дунё бир жилва қилса, динларига ҳам бепарво бўладилар. Бу каби ҳаёт – фақирнинг ҳаёт тарзидир. Чунки улар Аллоҳнинг тақсим этганига рози бўлмайдилар.

خبيب بن عدي رضي الله عنه يقول: كنا في مجلس فجاء النبي – صلى الله عليه وسلم – وعلى رأسه أثر ماء فقال له بعضنا: نراك اليوم طيب النفس فقال : «أجل والحمد لله» . ثم أفاض القوم في ذكر الغنى فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم » :   لا بأس بالغنى لمن اتقى ، والصحة لمن اتقى خير من الغنى ، وطيب النفس من النعيم» .( صحيح سنن ابن ماجة ).

Ҳубайб ибн Адий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз суҳбатлашиб ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Бошларида сувнинг асари кўриниб турар эди. Ул зотга қараб:

– Бугун сизни хурсанд ҳолда кўраяпмиз, – дедик.

– Ҳа, Аллоҳга ҳамд бўлсин! – дедилар.

Кейин одамлар бойлик ҳақида суҳбатлаша бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аллоҳдан қўрқадиган киши учун бойликни зарари йўқ. Тақводор учун сиҳат-саломатлик бойликдан яхшидир. Кўнгил хотиржамлиги бойликдир, – дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

وَلا تَمُدَّنَ عَيْنَيْكَ إِلَى مَا مَتَّعْنَا بِهِ أَزْوَاجاً مِنْهُمْ زَهْرَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا لِنَفْتِنَهُمْ فِيهِ وَرِزْقُ رَبِّكَ خَيْرٌ وَأَبْقَى) (طـه:131)

Яъни, “Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Раббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир» (Тоҳа сураси, 131-оят).

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг ўғилларига насиҳат қилиб дедилар: “Ўғлим, агар Худодан бойликни сўрасанг, қаноат неъмати билан сўрагин. Чунки қаноати бўлмаган инсоннинг ҳар қанча моли бўлса ҳам, бой бўлолмайди”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимки мусулмон бўлиб, кифоя қилгудек ризқланган бўлса ва Аллоҳ таоло ўша берган ризқига қаноатли этиб қўйган бўлса, батаҳқиқ ўша киши нажот топибди” (Имом Муслим ривояти).

 قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:» وارض بما قسم الله لك تكن أغنى الناس»

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, шунда инсонларнинг энг беҳожатига айланасан” (Имом Термизий ривояти).

 قال النبي صلى الله عليه وسلم : » من أصبح منكم آمنا في سربه، معافى في جسده، عنده قوت يومه، فكأنما حيزت له الدنيا بحذافيرها «.

Салама ибн Убайдулло ибн Мисан Ансорий оталаридан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан (Имом Бухорий ривояти).

قال النبي صلى الله عليه وسلم: «انظروا إلى من هو أسفل منكم، ولا تنظروا إلى من هو فوقكم، فهو أجدر أن لا تزدروا نعمة الله عليكم».

 Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло барчамизни қаноат неъмати билан ризқлантирсин!

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме

масжиди имом-хатиби Авазхўжа Бахромов

манбалар асосида тайёрлади