Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / БМТ ОЛИЙ КОМИССАРИНИНГ МЬЯНМАДАГИ ВОҚЕАЛАР ЮЗАСИДАН БАЁНОТИ

БМТ ОЛИЙ КОМИССАРИНИНГ МЬЯНМАДАГИ ВОҚЕАЛАР ЮЗАСИДАН БАЁНОТИ

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Хусайн Мьянмада бўлаётган мудҳиш воқеалар юзасидан баёнот берди. У барча тарафларни зўравонлик ишлатишни тўхтатишга ва давлат органларини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқдан келиб чиққан ҳолда ўзларининг функционал мажбуриятларини амалга оширишга чақирди.

“Мен хавфсизлик хизмати ходимларига ҳужум қилиниши тўлалигича қоралайман, чунки шу сабаб қанчадан – қанча инсонлар ҳалок бўлди ва минглаб кишилар уйларини тарк этишга мажбур бўлди”, – дейди олий комиссар Зайд. “Афсуски, бу содир бўлмоқда. Йиллар давомида инсон ҳуқуқларининг доимий ва тизимли равишда бузилиши, шу жумладан, 2016 йил октябридаги ҳужумлардан кейинги ўта шафқатсиз хавфсизлик чоралари, эҳтимол, зўравонлик экстремизмининг шаклланишига олиб келди ва охир оқибат ҳамма ютқазди”.

“Воқеаларнинг бундай ўзгариши жуда ҳам ачинарли. Шундай бўлиши мумкинлиги олдиндан айтилганди ва бунинг олдини олиш мумкин эди”.

Олий комиссар барча тарафларни кейинги зўравонлик ишлатишни қўллаб – қувватлашдан огоҳлантирди. У сиёсий раҳбариятни нафрат уйғотувчи сафсаталарни, шу жумладан ижтимоий тармоқлардагиларини ҳам таъқиб қилишга чақирди.

Зайд, шунингдек, баъзиларнинг ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро ходимларнинг бу воқеаларнинг шериги эканлиги ёки бу ҳужумларни қўллаб – қувватлаганлиги ҳақидаги гапларидан ташвишда эканлигини билдирди.

“Умуман масъулиятсизлик билан айтилган бу гаплар зўравонликнинг кейинги ривожига имкон яратиб бериши мумкин”, – деди у. “Мен ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳақида айтилган ушбу асоссиз айбловлар, ташкилот ва унинг ходимларини хавф остига қўйиб, натижада улар керакли ёрдамни кўрсата олмай қолишлари мумкинлигидан ташвишдаман”.

Олий комиссар Зайднинг сўзларига кўра, хавфсизлик ходимларига ҳужум қилганлар жавобгарликка тортилиши лозим, ҳудди шундай аҳолига ҳужум қилганлар ҳам. Буларнинг барчаси халқаро ва инсон ҳуқуқларига  мувофиқ амалга оширилиши лозим. Давлат органлари хавфсизлик хизматларига куч ишлатмаслик, инсоннинг яшашга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилиб, зиён ва жароҳат етказмасликка уринган ҳолда ҳаракат қилишларига доир аниқ кўрсатмаларни бериши шарт. Бундан четга чиққанлар сўзсиз жавобгарликка тортилиши лозим. Зайд, шунингдек, ҳукуматни азият чеккан ҳудудларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда кўмаклашишга чақирди.

“Давлат ўз ҳудудида бўлганларни ҳеч қандай камситишларга йўл қўймасдан, ҳимоя қилишга мажбур”, – деди Зайд. “Мен Мьянма ҳукуматини тинчлик ва тартибни ўрнатиш учун инсон ҳуқуқларини қурбон қилмасдан, Кофи Аннан раҳбарлигидаги Ракхайн штати бўйича маслаҳат комиссияси тавсияларига амал қилишга чақираман”.

Олий комиссар Зайд, шунингдек, 2016 йил октябридан бери Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтган ўн минглаб қочоқлар қаторига қўшилган 8700 дан ортиқ мусулмонларнинг аҳволидан ташвишда эканлигини таъкидлади. У халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, қочоқлар масаласида Бангладешга ёрдам беришга чақирди.