Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БИЗНИНГ УЙДА ЙЎҚЛИГИМИЗНИ ҲИС ЭТАР ЭКАН

БИЗНИНГ УЙДА ЙЎҚЛИГИМИЗНИ ҲИС ЭТАР ЭКАН

Бугун ҳам ишлар жуда кўпайиб кетганидан уйга кеч келдим.

Одатда ҳар куни шу вақтда фарзандларим билан кун давомида нималар қилгани, эртага нима қилмоқчи эканликлари ҳақида бир муддат болажонча суҳбатлашамиз.

Шу дамда олти ёшли қизалоғим оқ қоғоз кўтариб келди ва “Дада, қаранг, нима чиздим…”, дея уни қўлимга тутқазди.

Қоғозда рангли қаламлар билан бир оиланинг ҳаётий тасвири туширилган.

Қизим унда ўзининг болажонча ўй-хаёли ва тафаккури билан онасини кўпдан бери орзу қилиб юрган тебранувчи курсида кийим тўқиб ўтиргани, акаси икки укасининг қўлларидан тутиб, боғлар орасида сайр қилдириб юргани, ўзи эса хизмат кийимида уйни супириш ва саришталаш ишлари билан банд ҳолда эканини тасвирлаган…

Сурат жуда ҳам чиройли ва таъсирли акс эттирилган.

Ўзининг ушбу болаларча тасвирлаган санъат асарини эса суратнинг юқори қисмига “Bizning oila”, деб номлаб ҳам қўйган.

Суратда барчанинг ҳурмат ва ўз вазифалари ўзига хос тарзда акс эттирилган.  Ҳатто онасининг орзу қилиб юрган курсини ҳам кўриш мумкин.

Қаранг, бола қанчалар эътиборли бўлар экан…

Уни бир муддат томоша қилдим ва чиройли чизилганини эътироф этган ҳолда: “Қизим, булар ким?”, деб сўрадим.

Қизим: “Бу бизнинг оиламиз”, дея суратдагиларни бирин-кетин изоҳлай кетди.

Шунда мен: “Во-о-о ажаб, мен қани?”, деб ўзимнинг тасвиримни сўрасам, у: “Сиз… Им-м-м…”, дея ишора бармоғини лабларига босганча суратга икки сония боқиб жим турдида, сўнгра “Сиз ИШДАСИЗ”, дея табассум билан жавоб қилди ва расм чизишда хато қилмаганидан ўзини хотиржам ҳис этди.

Қизимнинг болаларча берган ушбу соддагина жавобини эшитган, суратни эса мен билан биринчи бор кўриб турган онаси: “Дадаси, қаранг, болалар ҳам сизни уйда кўп бўлолмаслигингизни ҳис этишади. Улар сизни доимо соғиниб яшайди, уйда имкон қадар кўпроқ бўлишингизни истайди”, деди.

Мен эса қизимга табассум билан ҳазилоно тарзда: “Қизим, ҳеч бўлмаса, сумкани кўтариб ишга кетаётганим ёки уйга қайтиб келаётганимни тасвирлаб қўйгин-да…”, деб қўйдим. Шу сўзларни айтдиму, сездиролмадим, бироқ, қизимнинг оддийгина айтган сўзларидан вужудим жим-жим этиб титраб кетди.

Шу ўринда хотирам четида сақлаб қўйилган бир сўзнинг чироғи ёнди. Бундан бир неча йил олдин махсус режа асосида Тошкент вилоятининг шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда таълим муассасаларида соҳа вакиллари билан ҳамкорликда маънавий-маърифий мавзулардаги ўқув семинарлари юзасидан сафарда эдим. Ҳамкорларимиздан олима аёл – Жамила Шермуҳамедова Жамила Тошпўлатовна ўз маърузаси давомида шундай деган эдилар: “Статистик маълумотларга кўра, аксар оталарнинг бир кеча-кундуз давомида ўз фарзандлари билан юзма-юз мулоқотлари кўпи билан атиги 16-17 дақиқани ташкил этади”.

Гоҳо, ишдан чарчаганимиз ёки асабларимиз торайиб кетганидан бизнинг йўлимизга кўз тикиб, интизор ўтирган дилбандларимизнинг бизларга болажонча талпинишлари, ҳаракат ё сўзларига жаҳл қилиб юборасан киши.

Ёки ҳаммаси жойидадек, улар билан дилдан суҳбатлашиш ортиқча ёки тоғдек оғир туюлади. Ҳақиқатки, уйдаги вақтимизнинг асосий қисми эса уйқуда ўтади.

Барчамиз мустақил Она ватанимиз ва шу Она заминимизнинг нурли келажаги учун хизмат қиламиз. Тўғри, бу энг шарафли хизмат. Шунингдек, бандлик ҳам катта неъмат. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг шундай сўзлари бор эди: “Иш кўплиги-ю, вақт йўқлигидан нолиманг. Вақт кўплиги-ю, иш йўқлигидан қўрқинг. Одамни абгор қиладиган нарса – бекорчилик”.

Бироқ, ушбу хизматларимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам фарзандларимиз келажаги эканлигини унутмаслигимиз керак экан.

Фарзандларимиз биз оталарни уйда кўп бўлолмаслигингизни ҳис этишар, улар бизни доимо соғиниб яшар, уйда имкон қадар кўпроқ бўлиб, улар билан ширин суҳбат қуришимиз, ўз билганларимизни ўргатишимизни исташар экан!

Яратган барчамизга меҳрибон ота бўлиш, аҳлимиз ва фарзандларимиз кўзларимиз қувончи бўлиши бахтини насиб қилсин!

 

Зангиота тумани бош имом-хатиби

НУРАЛИ Мавланов