Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Бизга бузғунчилик ярашмайди

Бизга бузғунчилик ярашмайди

Бугун 2017 йилнинг 26 декабрь куни ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги томонидан Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид махсус чора-тадбирлар Дастури асосида ташкил этилиб келинаётган семинарларнинг навбатдагиси Қибрай туманидаги “Маданият” ва “Ёнариқ” маҳаллаларининг фаоллари ва аҳолиси билан 28-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилди. Унда вилоят бош имом-хатиби, туман ҳокими ўринбосари, туман бош-имом хатиби иштирок этишди.

Учрашув аввалида Хайруллоҳ домла Турматов жаннатмонанд Ўзбекистон каби юртда тинч ва осуда ҳаёт кечираётганимиз бебаҳо неъмат эканлиги, дунёнинг турли бурчакларида инсонлар ана шундай неъматга зор бўлиб кун кечираётганлари, экстремизм, турли хил жанговор ҳаракатларнинг қурбони бўлиб, ватансиз, бошпанасиз, очарчиликда умр ўтказаётганликлари ҳақида гапириб, огоҳликка ва бепарво бўлмасликка чақирдилар.

Дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан қарамоғимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бунёдкорлик борасида амалга оширилаётган ишларга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини таъкидладилар.

“Ватанимиз, миллатимиз, динимиз, шаънимиз, келажагимиз учун масъулиятни ҳис қилиб, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам юзимиз ёруғ бўлиши учун имкониятлардан фойдаланган ҳолда, сидқидилдан бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, Аллоҳ таоло ўйлаганимиздан-да, кутганимиздан-да зиёдасини беради, иншаАллоҳ. Зеро, бизга бузғунчилик ярашмайди…”, – дедилар Х.Турматов.

Тадбир сўнгида анъанага содиқ қолган ҳолда, вилоят вакиллиги томонидан маҳалла кутубхонаси учун маърифий, тарбиявий китоблар совға қилинди.

Тингловчилар суҳбат жуда мазмунли ва таъсирли бўлганлигини таъкидлаб, уларга кўтаринки кайфият, ғайрат ва шижоат бахш этганлигини эътироф этдилар.