Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Биз тутадиган рўза – энг мукаммал рўза

Биз тутадиган рўза – энг мукаммал рўза

Ислом дини ҳар томонлама мукаммал диндир. Мукаммаллигини унинг ҳаётга татбиқ бўлиши жараёнидан билса бўлади. Масалан, хамр(ароқ)нинг ҳаром қилиниши. У мусулмонлар ҳаётидан аста-секинлик билан чиқариб ташланган. Шунингдек, намоз ҳам аввал бошда икки ракат-икки ракат ўқилган. Кейин Мерожда эллик вақт намоз фарз қилинган, аммо Мусо алайҳиссаломнинг саъй қўшишлари билан беш вақтга келган ва яна авваллари Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилган, ҳижратнинг ўн етти ойи ўтибгина Каъбага юзланилган. Аввал азон бўлмаган, яна бошида жамоат намозининг илк ракатларига кечикиб келган одам дастлаб ўтказиб юборган ракатларини ўқиб олиб, сўнг имомга иқтидо қилган ва ҳоказо.

Ҳозирги кунда ибодатлар билан ўтказишга уринаётганимиз баракотли Рамазон ойининг рўзаси ҳам бирдан мана шу шаклда фарз бўлган эмас, балки илгари бошқачароқ қоидалар жорий қилинган. Дастлаб ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон киргунича эди. Шу муддат ичида овқатланиб олмаган одам фақат кейинги кун ифтор вақтидагина таом ейиши мумкин бўларди. Яна жинсий алоқа қилиш ҳам ман этилганди. Шу сабабли саҳобалар ҳаётида бир мунча қийинчиликлар кўринди, баъзи хатоларга йўл қўйилди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бандалари тоқати нимани кўтаришини ҳам, келажакда бу ибодатлар қандай кўриниш олишини ҳам жуда яхши билади.

Албатта, У зот бугун қандай намоз ўқиётган бўлсак, худди шу шаклда буюрмоққа қодир эди. Лекин бандаларини яхши билган Зот уларнинг табиатларига мос равишда шариат қонунларини аста-секинлик билан такомиллаштириб борди. Аввал бошда баъзи қийин ҳолатларга солиб, сўнг енгиллик ато этиб, бандалари қалбида шукр-қаноат ҳиссини тарбиялади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз тутаётган рўза энг мукаммал шаклдаги рўза, биз амал қилаётган шариат – энг баркамол шариатдир.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди

имом-хатиби Х.Холбоев