Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / БИЗ МУҲТОЖ БЎЛГАН ТАЪЛИМ

БИЗ МУҲТОЖ БЎЛГАН ТАЪЛИМ

Муовия ибн Ҳакам Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиётган эдим, қавмдан бир киши акса уриб юборди.

Мен: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», – дедим.

Намозхонлар менга шиддат ила қарашди.

Мен: «Онам мени йўқотиб қўйсин, мунча ҳам ёмон қараяпсизлар?» – дедим.

Шунда улар қўллари билан сонларига ура бошлашди ва мен улар гапиришдан тўхташимни истаётганларини тушуниб қолиб, жим бўлдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач, мени чақирдилар. У зотга отам ва онам фидо бўлсин! Мен у зот каби гўзал таълим берувчини у зотдан аввал ҳам, кейин ҳам асло кўрмадим. Аллоҳга қасамки, мени койимадилар, урмадилар ва ҳақорат ҳам қилмадилар.

Кейин, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта бу намозда инсон сўзидан бирор нарса бўлиши дуруст эмас. Албатта, бу тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидир”, – деб айтдилар” (Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим услубларига қанчалар ҳам муҳтожмиз. У зот алайҳиссалом намозда гапириш ман қилинганини билмай гапириб юборган саҳобани биз каби фисқ-у фожирликда айблаб, турфа лақаблар билан ҳақорат қилмадилар. Қаттиқ койиб, шарманда ҳам қилмадилар. Ваҳоланки, улуғ саҳобалар ҳам ўша саҳобага ишоравий танбеҳ беришган эди.

Мана шу каби чиройли услубда таълим бериш, билмаган инсон устидан кулиш, айблаш ва ҳақорат қилиш эмас, унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам каби гўзал ахлоқ билан тушунтиришни ўрганайлик.

Зеро, Аллоҳ таоло:

«Дарҳақиқат, сизлар – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир», деб марҳамат қилган (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳнинг «Ар-расулул ал-муаллим соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асолийбуҳу фит-таълим» китоби асосида

Суннатуллоҳ Абдулбосит тайёрлади