Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Биз бахтли яшаймиз (ҳаётий воқеа)

Биз бахтли яшаймиз (ҳаётий воқеа)

– Дадаси… – дея гап бошлади Муҳайё.

– Ҳа, нима дейсан?

– Вақтнинг ўтишини қаранг, ҳали уй-жойимизни қуриб битира олмаяпмизу, қизларимиз ҳам кўзга кўриниб қолибди.

– Нималар деяпсан, ўзи калланг жойидами хотин?! Ҳали қизларимиз мактабда ўқишадику, – деб эри хотинига бурилиб қаради.

Хотини қошларини чимириб, кўзини айёрона сузиб гапини давом эттирди: – – Ҳа энди, ҳадемай мактабни битирадида. Униси-буниси орқаваротдан суриштиришяпти экан, – деди.

– Хўш, шунга нима қил демоқчисан?

– Халиги, сиз ҳам бошқаларга ўхшаб Россияга бориб ишлаб келсангиз. Тўй томоша, мебел, уй-жой дегандек, – деб секингина эри томон кўз қирини ташлади.

– Ҳеч қаерга бормайман. Шунча одам қишлоқда яшаб, тирикчилигини ўтказяптику. Тўй қиляпти, ҳеч ким эрсиз ҳам, уйлана олмай, хотинсиз ҳам қолгани йўқ. Бизнинг ота – онамиз Россияга бормаса ҳам шунча болани уйли, жойли қилди.

– Ҳа энди, аввалги вақтлар бошқа эди-да, ҳозир бошқача. Куёвнинг сарпо-суруғига фалон миллион сарфлашяпти ахир. Элдан чиқиб қаерга ҳам борасиз?!

– Хе сени ўша сарпо-суруғинггаям, одамларингаям…

– Дадаси, қизишманг, ўзингизни босинг. Ўзингиз мундоқ ўйлаб кўринг, мен рост айтяпман…

Эр бироз ўйга толиб қолди.

– Уфф, – деди. Ўйлаб қараса хотини ҳам бежизга бу гапларни айтмаётгандир. Қишлоқда хам кўпчилик четга чиқиб кетган-ку. У ёки бу  билан гаплашиб кўрсамикан? Бир чораси топилар…

Ордан 3-4 кун вақт ўтди. Бир куни кечқурун Шавкатни излаб бир йигит уйига келди. Икковлон алланималарнидур гаплашди, сўнг “Хўп бўлади”, деб хайрлашдилар. Эртаси куни эр кечга яқин кийим-кечакларини олиб, керакли анжомларни халтага жойлаб, хотини ва болаларига “Яхши ўтиринглар, мен ўзим хабар бераман”, дея уйдан чиқиб кетди.

Орадан бир-икки йил вақт ўтгач, Шавкатнинг ишлари юришиб кетди. Бирин кетин қизларини узатдилар. Тўйлар ҳам ўтди. Мебеллар ҳам олинди. Бу орада “Ўғлимизни ўқитмасак бўлмайди, репититорга беришимиз керак. Ойига бир ярим миллиондан экан” – деди Муҳайё. Унинг бу нияти ҳам амалга ошди.

Ҳар иккала қизга бешик берилди. Фақат бешик деб ўйлайсизми?! Эҳ-ҳа, бу қилинган сарпо-суруқлар, аравачаю велосипедлар, болалар учун мебеллар… Хуллас, ҳамманинг хаваси келди… Аёлнинг ҳамма орзулари рўёбга чиқар, ниятлари амалга ошаверди…

2020 йил оғир келди… Бутун дунёда пандемия балоси кезиб юрибди.

“Кекса онамнинг ҳам холидан хабар ололмаяпман. Ақалли битта қўй сўйиб едиролмаяпман-а. Топиш-тутиш ҳам ҳалигидай… Энди шу йил эсон-омон уйга борволсам, бу юртларга қайтиб келмайман. Онамнинг кўнглини оламан, яқинларим билан бирга яшайман. Етар… Энди, биз бахтли яшаймиз…”, деган ўй-хаёллар билан юрганида, телефони жиринглаб қолди.

– Тинчликмикан? Хотиним ҳеч телефон қилмас эди, – дея хавотирга тушди. Гўшакни кўтарди. Узоқдан:

– Дадаси, дадаси, эшитяпсизми?! Катта қизимиз икки қиздан сўнг, ўғил кўрди, суюнчи беринг, энди бу йил Худо хоҳласа той берамиз. Ўғил невара муборак бўлсин!

Шавкатнинг кўзларидан ёш тирқираб кетди… Бу севинч ёшларимиди ёки Она ватан, Она юрт ёки уни тарбиялаб вояга етказган Онаизор дийдори соғинчимиди?.. Билолмади…

Аста ўрнига ётар экан, оёқлари зирқираб оғриётганини, танаси увишиб, совуқ тер босаётганини сезди. Иссиғи чиқаётганмикан…

Афсус… Минг афсуски, Шавкатнинг дийдор ҳақидаги ширин орзулари Қиёматга қолди…

Бекобод тумани отинойиси Холмирзаева Ибодат

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan