Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Бир оят тафсири-2

Бир оят тафсири-2

قال الله تعالي: وَ وَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًاۖ حَمَلَتْهُ أُمُّهَ كُرْهًا وَ وَضَعَتْهُ كُرْهًا،

Яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. …”. “Аҳқоф” сураси, 15-оят.

Бошқа ояти каримада эса “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишини амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлашиб борди). …” – деб, зикр этилган. “Луқмон” сураси, 14-оят.

Эътибор қилинса, оятларда ота-онага яхшилик қилишга амр этилгач, бунинг сабаби баён қилиниб, айнан онанинг меҳнат ва машаққатлари зикр қилинмоқда. Ҳолбуки, фарзанднинг улғайиб, камолга етишида отанинг ҳам меҳнат ва машаққатлари беқиёсдир.

Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ мазкур оятлардаги ушбу латиф жиҳатни тафсир қилиб шундай дейдилар: “Аслида, бола тарбиясида ота-онанинг алоҳида меҳнатлари бор. Лекин, Қуръонда айнан онанинг машаққатларини зикр қилиш билан кифояланилди. Бундаги латиф жиҳат шуки, бола эсини таниши билан отанинг меҳнат ва хизматларини кўриб улғаяди. Отанинг рўзғор тебратиши, фарзандга керак бўлган кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжлар билан таъминлаётганини шоҳиди бўлади. Онанинг энг оғир машаққатлари – ҳомиладорлик қийинчиликлари, дунёга келтириш азоблари эса фарзанд ақлини таниганида ўтиб кетган бўлади. Фарзанд буларнинг бирор бирини эслашга қодир эмас. Шу сабабдан ҳам оятларда онанинг машаққатларини эслатиш билан кифояланилган”.

Бўстонлиқ тумани “Хўжахонтўра” жоме масжиди
имом-хатиби
АЛИБАЕВ Шавкат Сохибжонович.