Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Бир инсонни ёқтирмаслик унга адолатсизлик қилиш дегани эмас…

Бир инсонни ёқтирмаслик унга адолатсизлик қилиш дегани эмас…

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلَا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلَّا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ 

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир” (Моида сураси, 8-оят).

Муфассирлар, ушбу ояти Кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги воқеани келтирадилар:

Мусулмонлар билан бани Назир қабиласи ўртасида тинч-тотув яшаш битими имзоланган эди. Бироқ улар ҳасадгўйлиги ва нияти бузуқлиги туфайли хиёнат кўчасига киришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалар билан бани Назирларнинг маҳалласига келганларида яҳудийлар у кишига суиқасд уюштиришди. Расулуллоҳ кўчадан ўтаётганларида устиларига харсанг тош ташлаб юборишни режалаштиришди. Уларнинг шум ниятини сезиб қолган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарров орқага қайтиб кетдилар ва Муҳаммад ибн Масламани юбориб, хоинлик қилганлари учун яҳудийларга Мадинадан чиқиб кетишни буюрдилар.

Абдуллоҳ ибн Ҳумайд, Ибн Жарир ал Тобарий, Ибн Мунзир каби муфассирлар, шунингдек, Байҳақий ўзларининг “Ал Далоил” китобларида ушбу оят ҳақида Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ушбу воқеани келтирадилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар жангдан қайтиб кетаётиб, бир сердарахт водийда дам олгани тушдилар. Одамлар турли дарахтлар соясига тарқалиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Самра деб аталадиган бир дарахт соясига тушиб, қиличларини дарахтга илиб қўйиб, дам олдилар.

Ул зот ухлаётганларида Ғаврас исмли бир аъробий келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличларини аста қинидан суғуриб олди ва у зотнинг бошлари устида кўтариб, пойлаб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонганларида:

«Сени мендан ким қутқаради?!» – деди.

«Аллоҳ!» – дедилар у зот.

Шунда қилич аъробийнинг қўлидан тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб, қинига солдилар ва аъробийни афв этдилар.

Ушбу оятларга назар солинг! Нақадар буюк оятлар! Нақадар улуғвор кўрсатмалар!

Бу оятлар Муқаддас Ислом динининг мукаммаллигига далолат қилади. Бу дин эса, шубҳасиз, Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборилган самовий диндир.

Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган уммат учун гўзал намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал ахлоқ ва фазилатларда, айниқса, адлу-инсофда ўз умматларига ўрнак бўлдилар.

Бир куни Бани Махзумдан бўлган Қурайшнинг таниқли кишиси ўғрилик қилиб қўйди. Қурайшликлар:

– “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким тушунтиради?!” – деб ўзаро маслаҳат қилдилар.

– “Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюклилари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу журъат қила олади”, – деган хулосага келдилар.

Усома розияллоҳу анҳу бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тушунтирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Нима, сен Аллоҳ таолонинг ҳадди жорий этилиши керак бўлган ўринда уни ҳимоя қилиб чиқяпсанми?! – дедилар-да, ўринларидан туриб:

– Билиб қўйинглар, сизлардан олдингиларни ҳалок қилган нарса шу эдики, уларнинг шарафли кишиси ўғрилик қилса, ўз ҳолига ташлаб қўйишарди. Заифи ўғрилик қилганда эса, ҳукмни жорий қилишарди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилган бўлса, албатта, кесган бўлардим”, – деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “мадрасаларида таҳсил олган” саҳобалар ҳам адолатли бўлишда ўзларидан кейинги авлодлар учун ибрат бўлдилар. Мисрда уюштирилган от пойгасида бир насроний, қибтий йигит Миср волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғилларидан ўзиб кетади. Шунда Амр ибн Оснинг ўғли қибтий йигитга қараб:

– Ҳали сен хожанинг ўғлидан ўтиб кетадиган бўлдингми? – деб, бир қамчи уради.

Қибтий йигитнинг отаси Мадинага бориб, халифа Умарга арз қилади. У киши Амр ибн Оснинг ўзини ҳам, ўғлини ҳам чақиртирадилар. Улар етиб келишади. Катта мажлисда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

– Қачондан бери оналаридан ҳур туғилган одамларни қул дейдиган бўлиб қолдиларинг? – дейди.

Қибтийга қамчини бериб:

– Бу хожанинг ўғлини яхшилаб савала, – дейдилар.

Қулоқларига ишонмай турган Қибтий йигит волийнинг ўғлини уриб, қамчини халифага узатади. Аммо ҳазрати Умар:

– Энди отасини ур, – дейди.

Қибтийнинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб:

– Бу сени отасига ишониб урган, – дейди.

Қибтий йигит бу адолатга қойил қолиб, шу жойдаёқ калима келтириб, мусулмон бўлади ва ҳаққидан кечиб, Амр ибн Осни уришдан воз кечади.

Ҳазрати Умар унга:

– Аллоҳга қасамки, агар сен уни урганингда, ўзинг тўхтамагунингча ҳеч ким сени тўхтатмас эди, – дейди.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме

масжиди имом-хатиби Авазхўжа Бахромов

манбалар асосида тайёрлади