Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадисда ўн фойда…

Бир ҳадисда ўн фойда…

عن انس رضي الله عنه  قال : مر النبي صلى الله عليه وسلم بإمرأة تبكي عند قبر فقال : «اتقي الله وصبري» ، فقالت : إليك عني : فإنك لم تصب بمصيبتي! ولم تعرفه، فقيل لها :إنه النبي صلى الله عليه وسلم ، فأتت باب النبي صلى الله عليه وسلم فلم عنده بوّابين، فقلت لم أعرفك، فقال : «إنما الصبر عند الصدمة الأولى « متفق عليه

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб: «Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», дедилар. Шунда у аёл: «Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам», деди. Шунда у аёлга: «Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар», деб айтилди. У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарвозаларига келди. Лекин у зот ҳузурларида дарвозабонларини топмади. Аёл: «Сизни танимабман (Эй Расулуллоҳ)», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий сабр аввалги зарба пайтдагисидир», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Муслимнинг ривоятларида: «У хотин бир гўдак боласига йиғлаётган эди», деб келтирилган.

 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Мусибат етган пайтда сабрсиз бўлиш, тақвосизликка олиб келади.
  2. Исломда мадҳ қилинган сабр – мусибатнинг аввалида қилинганидир. Бошида бесабрлик қилиб, кейин иложсизликдан қилинган сабр эмас… Чунки кунлар ўтган сайин инсон овуниб, тинчланиши табиий ҳол. Бундай вақтда қилинган сабрдан эса фойда йўқ.

Уламолар мусибатга чиройли сабр қилишнинг учта шарти борлигини зикр қиладилар: ихлос, мусибатни аввалида қилинган сабр, жазавага тушиб, Аллоҳга шикоят қилмаслик.

  1. Шариат аҳкомларига номувофиқ ҳолатга шоҳид бўлган киши амру маъруф, наҳий мункар (яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш) қилиши лозимлиги.
  2. Инсон ўзига етган мусибатга чиройли сабр қилиб, Аллоҳнинг қазои–қадарига рози бўлиб, нияти ва собитқадамлигини яхши қилиб ажр савобга эришади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда зикр қилинган аёлни тақвога (Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, қайтарган нарсаларидан тийилиш) ва сабр қилишга амр қилдилар.

  3. Мусибатдан азоб чекаётган кишини авф этиш ва унинг узрини қабул қилиш. Бунга асос, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам», – деган аёлнинг олдидан кетганликлари…

  4. Насиҳат қилувчи насиҳат ва мавъиза қилинганда ўзига етган озорларни кўтариши ва сабр қилиши лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аёлнинг ёқимсиз муомаласини кўтардилар. Аслида, бу гаплари учун унга муомаласига яраша қўпол муомала муносиб эди.

  5. Ҳоким, қози каби халқ ишларига масъул шахслар эшиклари олдига раиятни киришини ман қиладиган қоровулларни қўйиб олмаслиги.

Чунки аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган вақтда эшиклари олдида баввобларни (дарбон, эшик қоровули) ни кўрмади.

  1. Ҳоким ва мусулмонларнинг ишларидан бирор бир иш зиммасига юклатилган шахслар эътиборларини тортган ҳар бир нарсани шахсан ўзлари бориб кўриши, яхшиликка буюриши, ёмонликдан қайтариши, хатосини кечириши, ҳожат истакларини бажо келтириши, камчиликларини тўлдириши, узрларини қабул этиши лозим.

  2. Ҳоким ва мусулмонларнинг ишларига масъул шахслар халқдан ажралиб турадиган ҳолатда бўлмасликлари лозим. Ва унвонларини фарқлаб турадиган белги ёки кийимларни киймасликлари лозим. Чунки ҳадисда зикр қилинган аёл оддий одамлардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танимаганининг сабаби, ул зоти бобаракотнинг оддий одамлардан ажралиб турадиган алоҳида белги – аломатлари йўқ эди.

  3. Ушбу хадиси шарифдан аёллар ҳам эркаклар каби қабрларни зиёрат қилишлари жоизлиги олинади. Чунки бу иш мумкин бўлмаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аёлни йиғлашдан қайтарганларидек, қабрни зиёрат қилишдан ҳам қайтарган бўлар эдилар.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади  

 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan