Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч васиятлари

Бир ҳадис шарҳи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч васиятлари

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: «أَوْصَانِي خَلِيلِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِثَلَاثٍ: صِيَامِ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ وَرَكْعَتَيِ الضُّحَى وَأَنْ أُوتِرَ قَبْلَ أَنْ أَنَامَ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: “Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани: ҳар ойда уч кун рўза тутиш, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намози ва ухлашдан аввал витр намозини ўқишни менга васият қилдилар”. Муттафақун алайҳ.

“Халил” сўзи қалбнинг туб-тубидан севилган, ҳақиқий ва чин дўстга нисбатан ишлатилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Халилим” сўзи орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қай даражада севишларини ҳам ифодаламоқчилар. Демак, Пайғамбар алайҳиссалом Абу Ҳурайрда розияллоҳу анҳуга уч нарсани алоҳида васият қилган эканлар:

Биринчиси, ойда уч кун рўза тутиш. Ҳадиси шарифда ойда уч кун рўза тутиш айтилди, лекин ойнинг айнан қайси кунлари экани зикр қилинмади. Саҳобалардан бу борада турли ривоятлар келган. Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳнинг фикрларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир  ойда уч кун рўза тутишлари бир неча кўринишда бўлган. Ҳар бир саҳобий ўзи кўрган ҳолатни шогирдларига айтиб берган. Оиша онамиз эса Пайғамбар алайҳиссалом тутган рўзаларнинг барча турини кўрганлар ва ойнинг муайян кунини белгилаб олмаганларини айтганлар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ эса: “Ойдин кечалар – ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кечалар (нинг кундузида) рўза тутиш боби” да мавзунинг аввалидаги ҳадисни келтирганлар. Бундан Имом Бухорий шу кунларда рўза тутиш авлороқ деб билганларини тушунамиз. Аллома Ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ойдин кечалар – ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кечаларнинг кундузида рўза тутиш мустаҳаб бўлади”. Ҳофиз Ибн Ҳажар ва Шаббир Аҳмад Усмоний каби уламолар ҳам айни фикрни қўллаб-қувватлайдилар. Бу борада ўзларига далил қилиб ойдин кечаларнинг кундузларида рўза тутишга буюрилган бир қанча ҳадисларни келтиришади. Мавзу чўзилиб кетмаслиги учун уларни бирма-бир зикр қилмадик.

Ойда уч кун рўза тутиш борасида келган барча ҳадислар ва уламоларнинг уларга берган шарҳларидан хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон инсон ойнинг ўзига қулай уч кунида рўза тутиши яхши амал бўлади. Агар ойдин кечаларнинг кундузларида рўза тутадиган бўлса, янада яхшироқ ва авлороқдир.

Иккинчиси, икки ракъат чошгоҳ намозини ўқиш. Уламоларимиз бу намознинг вақти Қуёш чиқиб, намоз ўқиш мумкин бўлган вақтдан бошлаб то заволгача эканини айтадилар. Шунингдек, бу намозни ўқиш суннат амал ҳисобланади, ҳадисдан ҳам шу маънони тушунишимиз мумкин. Ушбу намознинг энг ози икки ракъат, мукаммали эса саккиз ракъат ўқишдир. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳларида айтадилар: “Мазкур ҳадислар – яъни чошгоҳ намози борасида келтирилган ривоятлар – борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Хулоса шуки, чошгоҳ намози суннати муаккада бўлиб, унинг энг ози икки ракъат, энг мукаммали саккиз ракъатдир. Булар ўртасида тўрт ёки олти ракъат ҳам бор ва улар икки ракъатдан афзалроқ ва саккиз ракъатдан пастроқдир”.

Учинчиси, ухлашдан олдин витр намозини ўқиш. Бу борада келган бошқа ҳадисларни ҳам жамлаган уламоларимиз уйқудан уйғона оладиган инсон витрни кечанинг охирида ўқиши афзал экани, уйқуси қаттиқроқлар эса ухлашдан олдин ўқиб олиши яхши эканини айтадилар. Ушбу ҳадис ҳам уйқудан тура олишига ишонмаган киши учундир.

Ҳадиси шарифдан солиҳ инсонларнинг яхши амаллар ва ибодатларни қилиш борасида васият қилишлари ҳам мустаҳаб эканини тушунишимиз мумкин. Яна ҳадисга эътибор қилсак, унда нафл рўза ва намозга буюрилганини кўрамиз. Бундаги ҳикмат шуки, нафл рўза ва намозларга ҳам маҳкам амал қилган инсон фарзларга ҳеч қандай қийинчиликсиз кириша олади ва нуқсонларга йўл қўймасликка интилади. Шунинг учун ҳам суннатуламал қилиш лозим.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга буюрган суннатларни ўз ўрнида адо этишимизга муваффақ қилсин!

Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди

имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan