Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Мисвок ишлатиш суннатдир

Бир ҳадис шарҳи: Мисвок ишлатиш суннатдир

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي أَوْ عَلَى النَّاسِ لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ مَعَ كُلِّ صَلَاةٍ» رَوَاهُ البُخَاري

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга – ёки одамларга – машаққат қилиб қўйишим бўлмаганида, уларни ҳар намоз олдидан мисвокланишга буюрган бўлар эдим», дедилар».

Имом Бухорий ривояти. 

Мисвок бу – Арок номли дарахтдан олинадиган томир бўлиб, у билан тиш тозаланган. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар умматларига машаққат бўлишини ўйламаганларида ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлишларини айтдилар. У зотнинг бу гаплари мисвок қилиш вожиб эмас, суннат амал эканини англатади.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мисвок қилиш барча вақтларда мустаҳаб (суннат амалдан пастроқ, қилса яхши бўладиган амал) бўлади, лекин бешта вақтда қилиш янада афзалроқ бўлади:

– биринчиси, намоздан олдин;

– иккинчиси, таҳоратдан олдин;

– учинчиси, Қуръон тиловат қилишдан олдин;

– тўртинчиси, уйқудан уйғонган пайтда;

– бешинчиси, оғиз ҳидланган пайтда;

оғиз ҳидланиши бир қанча ишлар сабабидан бўлиши мумкин. Ейиш-ичишни тарк этганда, ҳиди бор бирор таом еганда, кўп сукут сақлаганда ва кўп гапиргандаги ҳолатлар шулар жумласидандир».

Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ «Имдодул фаттоҳ» номли китобдан келтириб айтадилар: «Мисвок таҳоратнинг хусусиятларидан эмас. У барча ҳолатларда: оғиз ҳидланганда, уйқудан уйғонганда, намозга бораётганда, уйга кираётганда, инсонлар билан йиғилганда ва Қуръон қироат қилганда мустаҳаб бўлади. Бунга Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг: «Мисвок дин суннатларидандир» деган сўзлари далилдир. Шундай экан, бунда барча ҳолатлар тенг бўлади (яъни, барча ҳолатларда мисвок қилиш яхши амал саналади».

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мисвокнинг мустаҳаб-суннат амал эканлиги.

2. Мисвок қилиш барча ҳолатларда мустаҳаб бўлиши.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибон эканликлари.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шундай амаллари умматларига фарз бўлиб қолишидан қўрқиб доимий қилмасдилар. Рамазонда кечаси жамоат бўлиб намоз ўқиш, мисвок қилиш ва хуфтон намозини кечиктириб ўқиш каби масалаларни бунга далил қилишимиз бунга далил қилишимиз мумкин. Чунки, мазкур амаллар умматга фарз бўлиб қолмаслиги учун Пайғамбар алайҳиссалом гоҳида қилиб, гоҳида тарк этганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни суннатга эргашувчилардан қилсин!

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди
имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan