Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Меҳмоннавозлик, силаи раҳм ва яхши сўзларни айтиш

Бир ҳадис шарҳи: Меҳмоннавозлик, силаи раҳм ва яхши сўзларни айтиш

عن أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤمنُ بِاللَّه واليَومِ الآخِرِ فَلْيُكرِمْ ضَيفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤمِنُ بِاللَّه واليَوم الآخِرِ فليصِلْ رَحِمَهُ، وَمَنْ كَانَ يؤمِنُ بِاللَّه وَاليوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَصْمُتْ» متفقٌ عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин».

 Муттафақун алайҳи.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда уч амалга буюриб, уларнинг барчасини иймонга боғладилар. Бу эса мазкур амалларнинг қанчалик муҳим эканини англатади. Уламолар бу ерда иймон деганда комил иймон назарда тутилганини айтишган. Яъни, ким Аллоҳга ва охират кунига комил иймон келтирган бўлса мазкур амалларни бажариши лозим бўлади. Қуйида ҳадисда зикр қилинган уч амал борасида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Меҳмонни икром қилиш

Ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаблари зиёфатни суннат, ҳанбалийлар вожиб дейишган. Шунингдек, меҳмон ҳам мезбонни қийнаб қўймаслиги лозим бўлади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Абу Шурайҳ Каъбий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса меҳмонини икром қилсин. Сийлови бир кечаю бир кундуз. Меҳмоннавозлик уч кундир, ундан кейингиси садақадир. (Мезбоннинг) ҳузурида уни қийнаб қўядиган даражада туриб қолиш ҳалол бўлмайди».

«Саҳиҳул Бухорий» ни шарҳлаган олимлардан бири аллома Бадриддин Айний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Меҳмонни икром қилишнинг ҳукми ҳолатга қараб турлича – гоҳида фарзи айн (ҳар бир инсон қилиши шарт бўлган амал) бўлса, гоҳида фарзи кифоя (баъзи инсонлар бажариши билан бошқалардан соқит бўладиган амал) бўлади. Энг камида бу фазилатли хулқлардан саналади. Меҳмоннавозлик пайғамбарларнинг суннатларидан эканлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ».

Силаи раҳм қилиш

 «Раҳм» деб онанинг бачадонига айтилади ва бу сўз «қариндошлик» маъносини беради. «Силаи раҳм» бу – қариндош-уруғчилик алоқаларини боғлаш, мустаҳкамлаш ва уларга яхшилик қилиш маъносини англатади. Демак, иймон амалига қўшиб зикр қилинган иккинчи иш бу қариндошларга яхшилик қилиш экан.

Ислом қариндошларга яхшилик қилишга алоҳида эътибор қилади. Буни мавзу аввалидаги ҳадисдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам Ислом яхшиликни энг яқин қариндошлардан бошлашга буюради, силаи раҳмни узишдан қаттиқ қайтаради.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».

Яхши сўз айтиш ёки сукут сақлаш

Учинчи муҳим амал яхши сўз айтиш ёки сукут сақлаб туриш экан. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: «Мазкур Яхши гап айтсин ёки жим турсин» ҳадиси қисқа лафзли, лекин кенг маъноли ҳадислардандир. Чунки, сўзларнинг барчаси ё яхши ёки ёмон, ё иккисидан бирига оид бўлади. Яхши сўзларга барча буюрилган сўзлар – фарзи ҳам, мустаҳаб (қилса яхши, қилмаса зарари йўқ амал) лари ҳам киради. Шунинг учун бу турдаги сўзлар ва бунга қўшиладиган бошқа сўзларга изн бердилар. Яхши сўзлардан бошқаси ё ёмон ёки шу тоифага қўшиладиган бўлади. Ана шундай сўзларни айтишни хоҳлаган пайтда сукут сақлашга буюрдилар».

Хулоса, иймон келтирган инсон Аллоҳ таолонинг бандаларига яхши сўзларни айтиш ва ёмон сўзлардан тийилиши билан шафқат қилади. Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Аллоҳни зикр қилмасдан гапни кўпайтириш қалбни қотиради».

Демак, тилнинг офати жуда хатарли, унинг хатаридан эса фақатгина сукут орқали сақланиш мумкин. Шунинг учун ҳам шариатимиз сукут сақлашни мақтаган ва бунга тарғиб қилган. Яна Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Ким сукут сақласа нажот топади».

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Меҳмонни икром қилиш шарт экани ва бунга барча жойларда амал қилиш лозимлиги.

2. Меҳмонни икром қилиш, силаи раҳм ва яхши сўз айтиб, ёмонларидан тийилиш иймон аломатларидан экани.

3. Мусулмон инсон тилига эътиборли бўлиши лозимлиги.

4. Мубоҳ сўзлар ҳам ҳаромга олиб бориб қўймаслиги учун уларни камайтириш.

Аллоҳ таоло барчамизга суннатга эргашиб, қайтарилган ишлардан қайтишни осон қилсин!

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди

имом-хатиби  Яҳёхон Бобохонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]