Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Ипак либос кийиш ҳукми

Бир ҳадис шарҳи: Ипак либос кийиш ҳукми

عن عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ قَال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَلْبَسُوا الْحَرِيرَ فَإِنَّهُ مَنْ لَبِسَهُ فِي الدُّنْيَا لَمْ يَلْبَسْهُ فِي الْآخِرَةِ» رواه مسلم.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ипак кийманглар, чунки, ким уни дунёда кийса охиратда киймайди», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Биз «Ипак» деб таржима қилган сўз ҳадисда «ҳарир» дея зикр қилинган. Мазкур сўз ипак қурти ўзидан ажратган ипга далолат қилади. Кейинчалик айни шу ипдан олинган матога ҳам «ҳарир» сўзи ишлатиладиган бўлган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эркакларга ипакдан бўлган кийим кийишнинг ман этилгани. Уламоларимизнинг барчалари айни ҳукмни айтганлар. Шунинг учун ҳам Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ: «Eркакларга ипак кийим кийишнинг ҳаром эканлиги борасида бирор бир ихтилоф йўқ», деганлар.

Уламолар юқорида келтирилган ҳамда бошқа ҳадислардан мазкур ҳукмни хулоса қилганлар. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёда ипакни охиратдан насибаси йўқ инсон кияди», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

2. Ушбу ҳукм фақат эркакларга хосдир.

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Уламолар бир овоздан ипак кийиш аёлларга ҳалол эканини айтганлар».

Бу ҳукм ҳам ҳадиси шарифда очиқ баён қилинган. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чап қўлларига ипакни, ўнг қўлларига тиллони олдилар. Сўнг: «Албатта ушбу икки нарса умматимнинг эркакларига ҳаром, аёлларига ҳалолдир», дедилар».

Имом Ибн Можа ривоят қилган.

3. Эркак киши ҳам ипакдан фойдаланиши мумкин бўлган баъзи ўринлар мавжуд:

а) Ипакнинг жуда оз бўлиб, тўрт бармоқ миқдоридан ошмайдиган бўлиши. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак кийишдан қайтардилар, фақатгина икки, уч ёки тўрт бармоқ ўрнича бўлса бундан мустасно».

Имом Муслим ривоят қилган.

б) Қичима ёки шу каби ипак фойда қиладиган касалликлар каби зарурат ўрнида ипакдан фойдаланиш жоиз бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар алайҳиссалом Зубайр ибн Аввом ва Абдурраҳмон ибн Авфларга қичима сабабли ипак кийишга рухсат берганлар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

4. Эркак кишининг ипак либос кийишидан қаттиқ қайтарилганлиги. Агар шу ишни қилиб, тавба қилмайдиган бўлса охиратдаги ипакдан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло Қуърони каримда жаннат аҳлининг либоси ипак бўлишини зикр қилган, лекин ҳадисда «охиратда киймайди», дейилмоқда. Шунинг учун ҳам уламолар ҳадисга бир қанча шарҳ беришган. Кўпчилик уламолар: «Бу ишни қилган киши жаннатда ипак киёлмайди, лекин бошқа либосларни кияверади. Бу худди жаннатдаги даражаси пастроқ инсоннинг ўзидан даражаси юқори инсонга берилган неъматлардан маҳрум бўлишига ўхшайди, яъни жаннатда афсус-надомат ва маҳзунлик бўлмагани учун унинг қалбида ҳасад ёки маҳзунлик бўлмайди”, деганлар. Демак, бу дунёда ипак либос кийиш ва бунга тавба қилмаслик охиратдаги энг гўзал неъматларнинг биридан маҳрум бўлишга олиб борар экан. Зеро, жаннатдаги ипакни бу дунёдагисига асло солиштириб бўлмайди. Аллоҳ бизларни бундан маҳрум бўлишдан асрасин!

5. Эркакларга ипак либос ҳаром қилинишининг ҳикматлари:

– бу ишда исрофгарчилик ва кибр-ҳаво борлиги;

– ипак жуда майин ва юмшоқ мато бўлгани сабабли уни кийишда аёлларга ўхшаш борлиги;

– ипак кийишда охират кунига иймон келтирмаган ғайридинларга ўзини ўхшатиш борлиги;

6. Охиратнинг мавжуд эканлиги.

7. Жазо амалнинг жинсидан бўлиши.

Ангрен шаҳар Қорабоғ жоме масжиди

имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов