Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Биргаликда таомланишда барака бор

Бир ҳадис шарҳи: Биргаликда таомланишда барака бор

عَنْ أبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلّمَ: “طَعَامُ الِاثْنَيْنِ كَافِي الثَّلَاثَةِ، وَطَعَامُ الثَّلَاثَةِ كَافِي الْأَرْبَعَةِ” مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишининг таоми уч кишига етади. Уч кишининг таоми тўрт кишига етади», дедилар.

Муттафақун алайҳи.

Бу борада бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган бўлиб, баъзиларида икки киши учун мўлжалланган таом тўрт кишига етиши айтилган бўлса, бошқаларида икки кишининг таоми уч-тўрт кишига, тўрт кишининг таоми беш-олти кишига етиши айтилган.

Муҳаллаб роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мазкур ҳадислардан фазилатли амалларга ва етарли миқдорга қаноат қилишга тарғиб этиш ирода қилинган». Яъни, мазкур ҳадислардан таом қанча инсонга етишини белгилаб бериш эмас, хайр-саховат қилишга ундаш ирода қилинган. Шундай экан, таом оз кўринса ҳам атрофидаги инсонлар сонига қараб икки киши ўз таомига учинчи ёки тўртинчи кишини ҳам таклиф қилишлари лозим бўлади. Агар хайр-саховат қилинадиган бўлса у билан бирга барака ҳам ҳосил бўлиб, барча ўтирганлар бу баракадан насибадор бўлишлари мумкин. Шунингдек, ҳадисда киши ўзида бор нарсани кам деб билиб бошқаларни ундан ман қилмаслиги лозим эканига ҳам ишора бор. Чунки, гоҳида кам кўринган нарса кўпчиликка етиши мумкин. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ҳадиси шарифда мазкур маънолар борлигини айтиб ўтганлар.

Шу ўринда халқимизнинг «Бир майизни қирққа бўлиб ейишган» иборасини ҳам эслаб ўтсак юқорида келтирилган турли ривоятларни тушунишимиз янада осонроқ бўлади. Ҳеч ким мазкур иборанининг зоҳирига қараб бир дона майизни қирққа бўлиб ейиш кераклигини тушунмайди, балки оз нарсага қаноат қилиб бошқаларга ҳам яхшилик қилиш, ўз таомидан бошқаларга ҳам улашиш тушунилади. Ҳадисларнинг ҳам таомнинг бир неча кишига етишини ўлчаб бериш маъносида эмаслигини мазкур ибора орқали тушуниб олишимиз мумкин.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ўз таомидан бошқаларга улашиш лозимлиги ва бунда барака борлиги.

2. Хайр-саховат ва яхшилик қилишга тарғиб қилингани.

3. Таомни биргаликда ейиш мустаҳаб – фазилатли амал экани.

4. Ўзидан бошқаларни устун кўришга тарғиб қилингани.

Бу борада мусулмонлар тарихида ажойиб воқеалар содир бўлган. Буларнинг энг гўзалларидан бири Абул Ҳасан Антокий роҳимаҳуллоҳ ҳузурида бўлган ҳодисадир. Унинг ҳузурида ўттиз нафар атрофида инсонлар бор бўлиб, дастурхонда уларнинг барчасини тўйдира олмайдиган даражада кам обинонлардан бошқа нарса йўқ эди. Шунда улар нонни ушатишди, сўнг чироқни ўчириб таомлангани ўтиришди. Дастурхон йиғилган вақтда ушатилган нонлар ўз ҳолида турган эди, чунки, уларнинг барчалари ўзларидан кўра бошқаларни устун кўриб нондан ейишмаганди. Аллоҳ ўзларидан кўра биродарларини устун кўрганларга беҳисоб мукофотлар ато этсин! Барчамизни ҳадисларга амал қилиб, суннатни маҳкам тутишга муваффақ айласин!

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди

имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов