Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Азон айтиш ва намозга эрта боришнинг фазилати

Бир ҳадис шарҳи: Азон айтиш ва намозга эрта боришнинг фазилати

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ : أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : “لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الأَوَّلِ، ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَّا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لاَسْتَهَمُوا، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لاَسْتَبَقُوا إِلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي العَتَمَةِ وَالصُّبْحِ، لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا” مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон айтишда ва биринчи сафда нима (қандай савоб) борлигини билганларида эди, (бунга эришиш учун) қуръа ташлашдан бошқа чора топа олишмас ва албатта, қуръа ташлаган бўлишар эди. Намозга эрта боришда нима борлигини билишганида эди, бунинг учун мусобақалашган бўлишарди. Хуфтон ва бомдодда нима борлигини билишганида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келишарди”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.

Ушбу ҳадиси шарифда тўрт амал – азон айтиш, жамоатнинг биринчи сафида намоз ўқиш, намозга эрта бориш ҳамда бомдод ва хуфтон намозларига қатнашишнинг нақадар улкан фазилатга эга экани зикр қилинмоқда. Чунки араблар жуда муҳим аҳамиятга эга ишгагина қуръа ташлашарди. Энди мазкур амалларнинг ҳар бири борасида қисқача тўхталиб ўтсак.

Азон айтиш. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига бошқа умматларга берилмаган жуда кўп неъматларни инъом қилган бўлиб, азон ҳам ана шу неъматлардан бири саналади. Шунингдек, азон айтувчи киши ҳам кўплаб ажр ва савобларга эришиши мумкин. Биз ўрганаётган ҳадис ҳам шу маънога далолат қилади. Яна Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Абу Саид Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Муаззиннинг товушини бирор жин ё инсон ёхуд бирор-бир нарса эшитса, Қиёмат куни, албатта, у(муаззин)нинг фойдасига гувоҳлик беради”.

Салафи солиҳлар азон айтишнинг фазилатини ҳис қилганлари учун доимо бунга эришишга интилардилар. Ҳатто азон айтишга талабгорлар кўплигидан қуръа ташланган вақтлар ҳам бўлган. Ана шундай воқеалардан бири Қодисия жанги вақтида содир бўлгани ривоят қилинади. Инсонлар ким азон айтиши борасида баҳслашиб қолган вақтда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу улар ўртасида қуръа ташлаб, муаззин тайинлаганлар.

Биринчи сафда намоз ўқиш. Биринчи саф имомга яқин бўлган сафдир. Баъзи уламолар аввалги такбирга етиб келган инсон охирги сафда намоз ўқиса ҳам биринчи сафда намоз ўқишнинг савобини олишини айтганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Биринчи сафга тарғиб қилинишида зиммадаги (фарзни) адо этишга шошилиш, масжидга киришга интилиш, имомга яқин туриш, унинг қироатини тинглаб таълим олиш, (мабодо адашиб қолса) уни тўғрилаш, (намоздаги такбирларни) бошқаларга етказиб туриш, олдидан ўтиб кетувчилардан саломат қолиш, олдидаги инсонни кўрмаслик орқали диққат чалғишидан омон қолиш ва сажда қиладиган ўрни намозхонларнинг этагидан саломат бўлиши каби (фазилат ва фойдалар) мавжуд”.

Намозга эрта бориш. Биз ҳадисда келган “таҳжир” сўзини баъзи уламоларнинг шарҳларига таянган ҳолда “намозга эрта бориш”, дея таржима қилдик. Чунки бошқа ҳадиси шарифларда бир намоздан кейин кейинги намозни кутиш ва қалби масжидга боғлиқ бўлишнинг фазилатли амал экани зикр қилинган. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кеча хуфтонни ярим тунгача кечиктирганлари, сўнг намозни ўқиб бўлгач: “Одамлар намозларини ўқиб ухлашди, (сизлар эса) уни кутаётганингиздан буён намоздасиз”, деганларини ривоят қилганлар.

Бошқа уламолар эса луғатда “таҳжир” сўзи “ҳожира”, яъни кун ўртасидаги ўта иссиқ вақт экани, бу эса пешин намозининг аввалги вақти эканини далил қилиб, ҳадисда пешин намозига эрта келишнинг фазилати зикр қилинганини айтишган. Чунки бу пайтда инсонлар иссиқдан ўзларини тийишади, кўчага чиқишмайди. Уйқу ва салқинда дам олишни тарк қилиб, намозга келиш эса катта савобга эришишга сабаб бўлади.

Икки шарҳга кўра ҳам намозга эрта бориш, жамоатга интилишнинг фазилати келиб чиқади. Шунингдек, ҳадисда келган “мусобақалашиш” сўзини маънавий мусобақа деб тушунмоқ лозим. Чунки ҳиссий, яъни бадан билан қилинадиган мусобақа югуришни талаб этади. Намозга эса сокин ва хотиржам ҳолатда, югурмасдан келишга буюрилган, унга шошқалоқлик билан югуришдан қайтарилган.

Хуфтон ва бомдод намозларига қатнашиш. Ҳадиси шарифдан хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқиш ҳам улкан савобли амал эканини англашимиз мумкин. Чунки бу намозлар ҳам инсонга малол келадиган вақтларда ўқилади. Хусусан, бомдод намози вақтида инсонлар ширин уйқуда бўлсалар, хуфтон намози вақтида куни билан ишлаб чарчаган бўладилар. Ана шу вақтларда жамоат намозига қатнашиш унинг қийинчилигига нисбатан биз тасаввур қила олмайидган даражадаги катта мукофотга эришишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ҳадисларга амал қилиб, мукофотларига эришадиган бандаларидан қилсин!

Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди

имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов