Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Аёл кишини дафн қилишга доир хос хусусият

Бир ҳадис шарҳи: Аёл кишини дафн қилишга доир хос хусусият

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг қизлари вафот этганида мен У зотни қабр устида кўзлари ёшланиб ўтирганларини кўрдим. У зот ҳозир бўлганлардан: “Қай бирингиз бу кеча аёлига яқинлик қилмаган?” – деб сўрадилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу:  “Мен”, – деди.  У зот: “Унда қабрга тушгин”, – дедилар ва у қабрга тушиб, уни қабрга қўйди”. Бухорий ривояти.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ:

«Ушбу ҳадисдаги вафот қилган аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи  васалламнинг қизлари ва Усмон розияллоҳу анҳунинг завжаси Умму Гулсум розияллоҳу анҳодир», деб айтган. «Фатҳул Борий» (3/158).

Уламолар ушбу ҳадисдан «Вафот қилган аёлни дафн қилувчи ажнабий, маҳрам бўлмаган кимса бўлса, ёши, тақвоси, илмидан ташқари ўша кечаси аёлига қўшилмаган бўлиши ҳам эътиборли бўлиб, маййитни қабрга қўйишда ушбу  кимсани муқаддам қилиш афзал бўлади», дея далил олишган.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадисдан дафн қилувчи ажнабий бўлиб, дафн қилувчи сифатларида баробар бўлиб қолса, ўша тун аёлига жинсий муомала қилмагани муқаддам қилиниши олинади. Зотан, бу кимса аёлни ушлаган чоғда унда ҳосил бўлган лаззатли нарсаларни эслашдан йироқ бўлади». «Туҳфатул муҳтож» (3/170).

Бундан ҳикмат шуки, шайтон унга ўша кеча унда ҳосил бўлган роҳатларни эслатишидан йироқ бўлади.  Шунингдек, дафн ва қабрдаги муносиб бўлмаган дунё лаззатларини ёдга олиш ҳолатидан йироқ бўлади.

Бу ҳақда Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу – дафн этувчининг нафси шаҳватни унутиб, хотиржам нафс ҳолатда бўлиши учундир», деб айтган. «Умдатул қорий» (8/76).

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Усмон розияллоҳу анҳу кучли қайғу ва таассуф сабабли дафн қилишга ожиз бўлиб, бошқага изн берилган бўлиши ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам унда чуқур қайғу аломати сабабли дафнга ожизликни кўрган бўлишлари эҳтимол қилинади. Шу сабабли  ундан сўрамасдан Абу Талҳага дафн учун изн берганлар. Уни эса ўша кеч аёлига муомалат қилмаганлик билан хослаганлар”.  «Туҳфатул муҳтож» (3/169).

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ:

«Усмон розияллоҳу анҳу ўша кеча баъзи жориялари ила муомалатда бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам унга бу ишда изн бермаганлар. Лекин Усмон розияллоҳу анҳу бу ишда узрли бўлганлар ва аёлларининг бетоблиги узоқ давом этгани ва ўша кеча вафот қилишини билмаганлари учун ўз жорияси билан муомалатда бўлган. Бу ишнинг сири шундан иборатдир», деб айтган. «Фатҳул борий» (3/159).

Ҳанафий мазҳаби фақиҳ  уламолари аёл вафот қилганда эри ювиши ва дафн қилиши ножоиз бўлишини баён қилганлар.

Муҳаммад Алоуддин Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ айтади:

«Вафот қилган аёлни эри ювиш ва ушлашликдан ман қилинади. Унга назар солиши эса асаҳҳ қавлга кўра жоиздир. Уч имом раҳимаҳумуллоҳ бу ишни жоиз, дея Алий розияллоҳу анҳунинг Фотима розияллоҳу анҳони ювганларини далил ўлароқ келтиришган. Биз айтамизки: Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар қандай сабаб  ва насаб қиёмат куни узилади, фақат менинг сабабим ва насабим қолади», деб айтганларига биноан, Алий ва Фотима розияллоҳу анҳумо ўрталарида никоҳ узилмаганига ҳамл қилинади». «Дуррул мухтор» (103).

Матнда келтирилган ҳадис қуйидагича:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар қандай сабаб (боғланиш, алоқа) ва насаб қиёмат куни узилади, фақат менинг сабабим ва насабим қолади», деб айтдилар». Ҳоким ривояти (3/143).

Бизларга ушбу маълумотлардан қуйидагилар маълум бўлади:

  1. Ушбу ҳадисдаги зикр қилинган ишнинг сири жуда ҳам нозик бўлиб, айрилиқнинг қаттиқ қайғуси сабабли ҳосил бўлган ожизлик, у кишига Пайғамбар алайҳиссаломнинг меҳрибончиликлари, тунги муошарот сабабли қабрдаги ноқулай ҳол ва У зот алайҳиссаломнинг ўзларига хос бўлган ҳолат каби сабаблар;
  2. Вафот қилган аёлнинг эри аёлини ғусл ва дафн қилиши ножоиз. Илло, аҳли байт бўлса бундан мустасно;
  3. Бу иш жоизлиги ҳақидаги ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг насаб ва сабаб ҳақида айтган ҳадисларига кўра, У зот ва аҳли оилаларига хос бўлган;
  4. Бу ҳақида бошқа мазҳаб уламолари фатволари бўлиб, улар ўз мазҳабларига мувофиқ, биз эса ўз мазҳабимизга мувофиқ иш тутишимиз лозим. Муҳими ихтилоф бўлмаслиги.

Аллоҳ янада билувчидир!

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]