Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи

Бир ҳадис шарҳи

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِى الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِى الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَاللَّهُ فِى عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِى عَوْنِ أَخِيهِ وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِى بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللَّهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلاَّ نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمُ الْمَلاَئِكَةُ وَذَكَرَهُمُ اللَّهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир мўминдан бир дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиритда беркитади.  Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида  йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат ўраб олади  ва фаришталар қуршаб олади. Аллоҳ  Ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди”, дедилар.  (Мислим ривоят қилган)

Ким бир мўминдан бир дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради.

Ҳаёт ғам-ташвишлар билан тўла. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим. Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Мана шундай дамларда мўмин мусулмонлар бир бирларига ёрдам беришлари керак.  Ҳамиша ўзгалар ғамини еб, уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрадиган саховатли зотлар оқибати хайрли бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари лозим. Мана шу сифати билан мусулмонлар комил исломий муҳитга асос солиб Парвардигори ҳузурида ажр-мукофотга ноил бўладилар. Қийналган киши қарздор бўлса қарзидан кечиб юбориш ёки бир оз мухлат бериш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қийналиб қолган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз соясига олади», дедилар  (Муслим ривоятлари).

Банда қилган амалига муносиб мукофотланади. Яъни, бировнинг оғирини енгил қилган бўлса, унинг ҳам оғири енгил қилинади. Кимнингдир ғам-ташвишини аритган бўлса, унинг ҳам ғам-ташвиши аритилади. Қиёмат кунининг ғам-ташвишлари қанчалар кўп ва қанчалар улкан. Ўша кунда ғам-ташвишларини бироз бўлса-да енгиллатиш учун мўмин киши солиҳ амалларга нақадар муҳтож. Аслини олганда дунё машаққати охират машаққати олдида хеч нарса эмас. Қиёмат куни қаршисида нажот эшиклари очилиши ва жаннат йўли ёритилишини истаган банда ўзи учун бу дунёда хайрли амаллар захирасини тўлдириб олиши даркор. Чунки Қиёмат кунини қийин бўлишини Аллоҳ таоло “ Қийин кунда” деб хабарини берган.

Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиритда беркитади.

Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади», дедилар. (Ибн Можа ривоят қилганлар).

يقول أحد السلف: «أَدْرَكْتُ أَقْوَامًا لَمْ يَكُنْ لَهُمْ عُيُوبٌ؛ فَذَكَرُوا عُيُوبَ النَّاسِ فَأَحْدَثَ النَّاسُ لَهُمْ عُيُوبًا، وَأَدْرَكْتُ أَقْوَامًا لَهُمْ عُيُوبٌ، فَسَكَتُوا عَنْ عُيُوبِ النَّاسِ، فَنَسِيَتْ النُّاسُ عُيُوبَهُمْ»

Салафлардан бири айтадилар:

«Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади».

Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади.

«يا معشر من آمن بلسانه ولم يدخل الإيمان قلبه: لا تغتابوا المسلمين، ولا تتبعوا عوراتهم؛ فإن من تتبع عوراتهم تتبع الله عورته؛ ومن تتبع الله عورته يفضحه في بيته»

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: «Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади». (Термизий ривоятқилган лар).

Модомики, шахслар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўст-биродарлик бўлмас экан, улар яшаётган жамият ҳеч қачон кучли, мустаҳкам бўла олмайди. Мусулмон киши биродарига ёрдам бериб улкан натижага, яъни Аллоҳ таборака ва таолонинг мададига мушарраф бўлади.

  Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади.

Тўғрида, ахир куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ таолодандир. Борлиқни ҳаракатга келтирувчи, берувчи ёки ман этувчи ёлғиз Пок Парвардигордир. Соғлигу касаллик, қуввату заифлик, бойлигу фақирлик барча-барчаси Унинг измидадир. У Зот бандалари қалбини Ўзи хоҳлаганидек буриб, айлантириб туради. Биродари ташвиши йўлида елиб-югураётган бир бандасига бошқаларни меҳрибон қилиб қўяди. Одамлар ўз-ўзидан унинг ғамини ейдиган, хизматини қиладиган бўлиб қоладилар. Фазл Аллоҳдандир яна Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло бандаларига жазо-мукофот бериш учун амални уларга нисбат берди. Инсонларни бир-бирига муҳтож этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг карамидир. Аллоҳ Қуръон Каримда  “Сизда Қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир(Наҳл сураси, 53-оят).

Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди.

Банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида нажот топиши учун Ислом шарт. Ислом эса фақат илм билан юзага келади. Зеро, Аллоҳ таолони таниш ва Унга етишиш учун илмдан ўзга йўл йўқ. Хайрли илм Аллоҳ таолога олиб борадиган энг яқин йўлни кўрсатади. Кимда-ким мана шу йўлдан оғишмай олға юрса, кўзлаган мақсадига эришади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм талабидаги йўлни  жаннат йўли деб шарҳладилар. Хайрли илм талабида йўл босмоқ кишини жаннат сари бошлайди. «Илм талабида йўл босган инсонга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиб қўяди».

Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида  йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат ўраб олади  ва фаришталар қуршаб олади. Аллоҳ  Ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади.

Аллоҳ азза ва жалла зикри, Қуръон тиловати ва илм ўрганиш учун энг хайрли маскан Аллоҳнинг уйлари – масжидлардир. Аллоҳ уйларини мўминлар обод қиладилар. Масжидларнинг ободонлиги намоз каби ибодат ёнига қўшилган илм ва зикр биландир. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда:

“(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар;  Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар.  Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур”. (Нур сураси, 36-38-оятлар).

Қуръон тиловати ёки унга қулоқ солишга тушуниш, тадаббур ва Аллоҳ қўрқуви ҳам қўшилса, ажр-савоб зиёда бўлиб, нур устига аъло нур бўлади. Бу банданинг ақлу заковати ва Аллоҳ ҳузуридаги даражасига бир ишорадир. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”.  (Сод сураси, 29-оят).

Аллоҳ китобини тиловат қилишлари ва ўзаро уни ўрганишлари уларнинг чиройли амал эгалари эканликларига далолат қилган, Аллоҳ раҳматига яқин бўлган зотларга нақадар яхши! Аллоҳ таоло Қуръон Каримда улар ҳақида:  “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”. (Аъроф, 56-оят).

Қуръон тиловатига меҳр-муҳаббатли бўлайлик. Уни ўрганишга, маъноларини чуқур англашга ва аҳкомларига бўйсунишга имкон қадар тиришайлик. Ахир Қуръон фақат мотам ёки маросимларда ўқиладиган китоб эмас-ку?!

Улар устига осудалик тушади.

Сокинлик Аллоҳ таоло тамонидан фақат Набий ва валийларга бериладиган кароматдир. Сокинлик қийинчилик вақтида бўлади.

Фаришталар қуршаб олади.

Фаришталар осмонда бўлиб, уларга ерда хожат йўқ фақатгина фазифалар юкланганлари ерга тушадилар. Ерда сайр қилиб юрадиган фаришталар Аллоҳни зикри бўлаётган жойларни қидирадилар.  Агар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар бошқаларни ҳам худди дунё аҳли бир бирларини чорлаган каби бу ерга келинглар деб чорлайдилар.  Дунё осмонини қанотлари билан чимдим- чимдим қилиб ўраб олдилар. Шайтонлар учун бирон тешик қолдирмайдилар. Сўнгра мажлис аҳлини ҳаққига дуо қиладилар. Аллоҳим уларни мағфират қилгин! Аллоҳим раҳм қилгин! Аллоҳим тавбаларниқабул қилгин. Бу таот аҳлининг шарафига бир далилдир. Фаришталарнинг улар ҳақидаги саловатлари уларни ҳақларидаги яхшилик билан қилган дуоларидир. Аллоҳ таоло фаришталарни бошқа кўплаб халоиқларидан шарафлаб қўйди. Аллоҳ таолога итоат қиладиган бандаларини бўлса, барча халоиқдан шарафлаб қўйди. Чунки Аллоҳ таоло фаришталарни уларни хақларида истиғфор ва дуо қиладиган қилиб қўйган.

Аллоҳ  Ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади.

Бандага бериладиган енг улуғ саодат Роббиси Аллоҳ таоло тамонидан эсланишлигидир. Дунёдаги енг бахтли бандагина бундай шарафга лойиқдир. Банда бир нарсани ёдидан кўтармасинки уни бутун мавжудотларни шу билан бирга инсонни ҳам яратган Холиқи Аллоҳ таоло эсламоқда бу қандай улуғ шарафдир. Мана шуни тафаккур қилган ҳар бир инсон тилига ягона сўз Аллоҳ таоло розилиги учун илм Ўрганаман деган сўзлар келади. Аллоҳ таоло барчамизга бундай шарафни насиб қилсин.

Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди.

Ислом динининг инсонпарварлиги ва адолати (Тақво ва солиҳ амал инсонни Аллоҳ азза ва жалла томон бошлайди) Ислом бутун инсониятни бир деб таъкидлайди. Инсонлар тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳаммалари бир жон – Одам алайҳиссаломдан тарқалганлар. Оқ билан қора, араб билан ажам ўртасида тафовут ва ортиқлик йўқдир. Асл яралиш эътибори билан бой-ю камбағал, ҳокиму маҳкум баб-баробардир. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда:

Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! (Нисо сураси, 1-оят). Илоҳий адолат ҳукмига кўра инсонлар фақат солиҳ амаллари билан бир-бирларидан афзалдирлар. Киши ота-бобосининг олий мартабаси билан эмас, тақво даражасига кўра Аллоҳ таолога яқин бўлади. “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.”. (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Инсон Парвардигори Аллоҳ таоло ҳузурида фақат солиҳ амали билангина олий даражага етишиши мумкин. Чунки Қиёмат кунида насл-насаб деган нарсанинг ўзи қолмайди. Бутун халойиқ бир ерга тўпланади. Ҳеч кимнинг бошқа биров билан иши бўлмай қолади. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда: « Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар.». (Мўминун сураси, 101-оят).

Шу боис Қуръони Карим инсонларни насл-насабга ёпишиб олишдан қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг аввало яқинларини огоҳлантиришга, ҳақ йўлга чақиришга буюрилдилар: « Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир.». (Шуаро сураси, 214-оят).

Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу ҳадисга амал қилмоқлигимизни насиб қилсин.

                             Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
                                       имом-хатиби  Мирҳамидов Обид