Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Бидъат ва унинг зарарлари

Бидъат ва унинг зарарлари

Уламолардан имом Шотибий (р.а.) бидъатга қуйидагича таъриф берган:»Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади».               

Бу таърифдан маълум бўладики, бидъат асли динда бўлмайди. У кейинчалик кимлар томонидандир ихтро қилиниб, динга нисбат берилади. У асоси йўқ ихтиро қилган йўлига юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинаркан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, Ул зотдан кейин саҳобаи киромлар, улардан кейин уларга меросхўр бўлган барча уламолар ана шу бидъат ишларга қарши бўлганлар. Чунки бидъат кўпайган жамиятда суннат ишлар кўтарилади. Турли ихтилофлар эшиклари очилади. Соф Ислом таълимотларидан оғишиш пайдо бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Оиша розияллоҳу анҳу онамиз ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Баъзи уламолар: «Бидъат аҳлининг зарари мусулмонлар учун кофир ёки ғайридин инсонларнинг зараридан катта бўлади», – дейишган. Уламолардан бирлари бундай дейди: «Ғайридинларнинг бузғунчилиги омма мусулмонларга фош бўлиб туради. Аммо бидъат аҳлининг бузғунчилигини ҳамма ҳам англаб ололмайди». Чунки улар соф Ислом номидан гапиради. «Исломда шундай, шариатда шундай, динимизда бундай…”, деган гаплар билан авом халқни тўғри йўлдан оғдиришга ҳаракат қилади. Илми йўқ инсонлар унинг ташқи қиёфасига қараб ёки юқоридаги каби гапини қувватлаш учун муқаддас калималарни айтганига алданиб, илмсизлиги боис бидъат ишларга одатланиб қолади. Динимизда илмга тарғиб қилинишидан асл мақсад ҳам мусулмонларни турли бидъат ишлардан огоҳ этиш. Илмли одам ҳар бир амални қилишдан аввал унинг илмий асосини ўрганади. Илмсиз инсончи, кимдан нима эшитса, ёки кўрса, дарров эргашиб кетаверади.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Илмни маҳкам тут. Ҳар қандай бидъатчидан узоқлаш. Уларга умуман моил бўлма. Улар ўзига эргашганларни миш-мишлар, қуруқ гаплар билан залолатга бошлашади».

Бидъат ишнинг умматлари учун зарарлиги эътиборидан, бидъатчиларнинг аҳволоти ҳақида Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай огоҳлантирганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир бидъат аҳлидан тавбани тўсиб қўйгандир» (Имом Табароний ривояти). 

Бу ривоятдан умматни чалғитган, тўғри шариатдан оғдиришга ҳаракат қилган, Исломнинг софлигига футур етказишга уринган инсонларнинг аҳволи не чоғли аянчли бўлишини билиб оламиз. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчимиз. Бидъатлар, яъни янги пайдо бўлган ишлар икки қисмга бўлинади. Биринчиси – бидъати ҳасана (яхшиликка хизмат қилувчи янги пайдо бўлган ишлар), иккинчиси – бидъати саййиъа (ёмонликка хизмат қилувчи янги пайдо бўлган ишлар).

Биз бу мақоламизда бидъати саййиъадан огоҳ этишни мақсад қилганмиз. Лекин шу ўринда Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳдан ворид бўлган қуйидаги сўзни келтирамиз: «Ҳар бир янги пайдо қилинган нарса – таъқиқланган нарса эмас. Аксинча, собит суннатга зид келадиган ва шаръий буюриқлардан бирортасини амалдан қолдирадиган бидъат – таъқиқлангандир» («Иҳё улумуддин»). Иншааллоҳ, ўрни келганда бидъати ҳасана ҳақида ҳам гаплашамиз.                 

Юқорида айтиб ўтганимиздек биз бу мақоламизда бидъати саййиъадан огоҳ этишни мақсад қилганмиз. Шунинг учун асосан бидъат амалларнинг зарарлари ҳақида тўхталамиз. Исломда илк пайдо бўлган эътиқодий бидъатчи фирқалар, Хаворижлар, Муржиалар, Шийъалар, Мўътазилалар саналади. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ҳақида, иймонига таъсир этувчи омиллар ҳақида, Қуръон ҳақида… бидъатга берилиб, ғулувга кетиб, ақидада адашганлар.

Уламоларимиз бидъатнинг келиб чиқиш сабабларини қуйидагича баён қилишган:

1. Қурон ва Суннат таълимотларини билмаслик.

2. Шариатни нуқсонсиз эканини тушуниб етмаслик.

3. Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифда бир-бирига зидлик йўқлигини тушуниб етмаслик.

4. Суннатнинг аслини ва унинг саҳиҳини билмаслик.                                                         

5. Ақлга ҳаддан ташқари ишониб кетиш.                                                                       

6. Муташобиҳ матнларга эргашиб кетиш.                                                                              

7. Ҳавойи нафсга эргашиш.                                                                                                              

8. Урф-одатларни маҳкам ушлаб олиш.                                                                                         

9. Ота-боболарининг қилган ишини диндан деб билиш.                                                    

10. Баъзи тақлидчилар мазҳабига маҳкам ёпишиб олиш.                                                  

11.Бузуқ тасаввуфга эргашиш.                                                                                                

12.Тушга амал қилиш.

Уламолар бидъатнинг зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтади:                               

1. Амаллар ҳабата бўлади.                                                                                                          

2. Шайтон бидъатчига яқин бўлади.                                                                                               

3. Ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетиши.                                                                        

4. Исломни яхши билмаганларнинг нафратини қўзиши.

Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога гирифтор бўлишини ҳам билади. Аммо бидъатчи ўзини ҳақ йўлда деб билади. Ўзгаларни унга эргашмаганликда айблайди. Бидъат учун савоб олишига қаттиқ ишонади. Собиқ шўролар даврида халқимизни ўз динларини илмий асосда танишлари жуда катта қаршиликларга дучор бўлган. Одамлар ҳар хил бидъат, хурофот, ҳатто ширк амал ва одатларга диний тус берган. Буларга мисол қилиб, келин-куёвларни ўт атрофида айлантириш, ёш болаларга кокил қўйиб, азиз авлиёлар қабрларига жон атаб, бола маълум бир ёшга етганда авлиёлар қабрини зиёрат қилиб, зиёратгоҳда ўша аталган жонлиқни сўйиб, боланинг кокилини олдириш, баъзи жойлардаги дарахтларга ният қилиб латта боғлаш, ўтган инсоннинг кетидан бир неча кун, маййит ювилган уйда шам ёқишлик, ўтганларга 3-7-20-40… каби эҳсонлар қилиш, ўтган инсоннинг яқин аёллари бир йилга қадар кўк куйлак кийиши ва ҳокозо бидъат ишлар ҳали ҳануз илмсиз инсонлар ҳаётида яшаб келмоқда. Энг аянчлиси, улар бу гуноҳ ишларига диний амаллар деб қараб, савоб умид қилишади.

Бугун баъзи устоз кўрмаган, тартибли илм ўқимаган, илми саёз инсонлар ўзларининг ноқис ақлларига суяниб баъзи бидъат, хурофот амалларга диний амаллар деб қараши ва ўзларича уни баъзи асоси йўқ ҳужжатлар билан исботлашга харакат қилиши уммат устидаги катта фожиа бўлиб турибди.

Имом Бухорий бобомиз: «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай»,- деб бежиз айтмаганлар. Биз ҳар қандай бидъатга барҳам беришимиз учун асл Исломнинг моҳиятини халқимизга етказишимиз керак. Иншааллоҳ, шунда аста секинлик билан бидъатлар ўрнини суннатлар эгаллайди. Турли ноқулайликлар барҳам топади.

Паркент тумани «Беш-каппа» жоме

масжиди имом-хатиби Миршавкат Тўйчиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan