Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар: Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Беш каппа» жоме масжиди қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди

Хушхабар: Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Беш каппа» жоме масжиди қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди

Бугун 10 декабрь куни Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Беш каппа» жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилоятининг бош имом-хатиби Жасур домла Раупов, устозлар ва мўмин мусулмон халқимиз ташриф буюрдилар.

Бунёд этилган янги масжиднинг очилиш маросими анъанага кўра, Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатдан сўнг масжид қурилишида хизмат қилганлар, хусусан, Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайрулла домла Турматов раҳимаҳуллоҳ ҳақларига, саховатпешаларга ва ҳомийларга ҳамда барча ёрдам берганларга миннатдорчилик билдирилиб, хайрли дуолар қилинди.

Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Беш каппа» жоме масжиди қадимий ибодатгоҳ саналиб, 1890 йилларда қурилган. 2013 йилда ушбу масжиднинг бир қисмида халқ ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари олиб борилган. 2015-2017 йилларда таҳоратхона, айвон ва балкон қуриб битказилган. Кейинчалик масжид ҳовлиси, хизмат хоналари ҳам яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли 2019 йили бузилиб, 2020 йил 7 декабрь кунига қадар қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Янги масжид замон талабларига жавоб берган ҳолда қурилган бўлиб, кенг ва шинам ҳонақо ўз бағрига 2000 намозхонни сиғдира олади. Барча қулайликларга эга хизмат хоналари, таҳоратхона қуриб битказилган.

Маърифат ва руҳий тарбия маскани бўлмиш Аллоҳнинг уйларини обод этиш ва янгисини очиш каби хайрли ишлар юртимизда бардавомли бўлсин. Шундай хушхабарлар ортиб бораверсин.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати