Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Беморни зиёрат қилиш одоби

Беморни зиёрат қилиш одоби

Аллоҳ Таоло инсониятга беҳисоб неъматлар бериш билан биргаликда, унинг учун синовлар ҳам юборади. Гоҳида бу синовлар бойлик, мансаб каби яхшиликлар мисолида берилса, гоҳида турли офатлар ва касалликлар синов тариқасида берилади. Беморлик ҳам Аллоҳ Таолонинг синовларидан бири бўлиб, ундан мўмин киши ҳам ҳоли эмасдир. Мўмин кишига хасталик етса, бу Аллоҳ Таолонинг унга бўлган муҳаббати белгисидир. Зеро, касалликларнинг гуноҳларга каффорот бўлиши ва мўминнинг даражаси юксалишига сабаб бўлиши ҳақидаги маълумотлар улуғларимиздан марҳамат қилингандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими – етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар” (Икки Шайх ривоят қилган).

Инсоннинг бошига мусибат тушса ёки касаллик етса бошқаларнинг  эътиборига ва ҳамдардлигига эҳтиёж сезади. Мўмин кишининг вазифаси шундай синовлардан ўтишда бир-бирига ёрдам беришдир. Муқаддас динимиз ана шундай дамларда мўминларни бир-бирларига яхшилик қилишга буюради ва кўрсатмалар беради. Беморлар ҳолидан хабар олиш ҳам шундай улуғ ишлардан ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибратли ривоятлар ворид бўлган. Жумладан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади:Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси нима?” дейилди. “Мевасидир”, дедилар» (Имом Муслим ва Термизий ривояти).

Уламоларимиз беморни зиёрат қилиш одоб ва қоидаларини ўзига хос ҳикмат билан баён қилганлар. Улар қуйидагилар:

  1. Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол- аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир.
  2. Беморни зиёрат қилиш Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин киши бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир.
  3. Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади, унга яқин, иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
  4. Беморнинг бош–кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, ундан ирганмай, ҳазар қилмай, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли беради.
  5. Касал кўриш чоғида дард, беморлик Аллоҳнинг бир неъмати экани, бунинг шукронасига тавба-тазарруъ қилиш лозимлиги беморга тушунтирилади.

6.Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда очиқ юз, ҳуш кўнгил, шафқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.

  1. Бемор ётган жойга янги кийимда ҳам, шунингдек, кир, хунук, нопок кийимларда ҳам кириш мақбул эмас.
  2. Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” деб сўралади, агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
  3. Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтмаган маъқул.
  4. Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
  5. Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтириш, хасталик ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш ярамайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, эзма, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
  6. Хасталикка чалинган киши ҳам, ўз навбатида, келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак. У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади.
  7. Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади ҳамда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.

Ангрен шаҳар “Қорабошбой” жоме масжиди
имом-хатиби Иманов Иброҳим