Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БАРОАТ КЕЧАСИ ФАЗИЛАТИ

БАРОАТ КЕЧАСИ ФАЗИЛАТИ

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Азизлар, Аллоҳ таоло айрим кечалардан айрим кечаларнинг фазилати улуғлигини китобларимизда баён қилган. Бу кечаларда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, шаъбон ойининг 14дан 15га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани «Бароат кечаси» дейилади. Яъни Бароатимиз битиладиган кеча. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади, дуолар кабул булади.

Шу кечада Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини сўрайлик. Истиғфорни кўпайтирайлик. Иншааллоҳ, шунда Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришамиз.  Ҳалол ризқ сўрайлик, зеро, бу Аллоҳ таоло ризқ эшикларини очган кечадир. Офият сўрайлик, Аллоҳ таоло офият, тинчлик, хотиржамлик беради. Ҳожатларимизни сўрайлик, Аллоҳ таоло ҳожатларимиз равон, мусибатларимизга яхшиликларни беради. Аллоҳ таоло сўрамайдиган бандаларини ёмон кўради, бандалар эса сўрайдиганларни. Ҳар қандай ҳожатингиз бўлса, аввало, Аллоҳдан сўранг, ғафлатда қолманг.

Азизлар, халқнинг ичида юрамиз, кимнингдир акаси ёки укаси ё жигари, фарзанди, отаси ёки онаси қамоқда бўлса, юртимизда анъанага айланган Мустақиллик байрами ва Конституция кунларини интизорлик билан кутади. Худо хоҳласа, келадиган байрамда “Амнистияга илинса, ё чиқиб келади ёки муддати қисқаради”, деб умид билан кутади, илиниб қолса, қувончларини ҳаммага етказади. Азизлар, барчамизнинг биздан умид қилиб, қабрда ётган жигарларимиз, яқинларимиз бор: кимнингдир фарзанди, кимнингдир ота-онаси ва қавму қариндошлари. Улар ҳам 4 кечани: 2 Ҳайит, Қадр ва БАРОАТ кечасини умид билан  кутади. Дўзахдан озод бўладиган кечада “Шояд жигарларим дуо қилсалар, шу улуғ кечада азобларим енгиллашса, азобдан халос бўлсам”, дейдиган  умидворларимиз бор. Шундай экан, фурсатни ғанимат билиб, дуо қилайлик, дуоларимизни Аллоҳ таоло қабул қилсин. Асло Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарамайдиган, дуоси ижобат қилинмайдиган бандалардан бўлиб қолишдан сақланайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтди: «Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан карамайди», дедилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ким савоб умидида қоим туриб ибодат қилса, бас, унинг қалби (қиёмат куни сабабидан) одамларнинг қалби ўлган пайтда унинг қалби ўлмайди”, дедилар.

Азизлар, фазилатли, улуғ кечаларни олдиндан бошқаларга ҳам эслатиб, дуолар қабул бўладиган кечаларда ғафлатда қолмайлик, дуоларни кўпайтирайлик.

Жами дуо талабидаги азизларни Аллоҳ таоло Бароат кечасининг фазилатидан насибадор қилсин. Дуоларимизда Жаннатмонанд юртимизни янада обод бўлишига сабабчи бўлаётган Юртбошимизни, мутасадди ходимларни, устозларимизни ва элу юртимиз ҳаққига дуода бўлайлик. Аллоҳ таоло Юртимизга раҳматини ёғдирсин, тинчлик-хотиржамлигимизни давомли қилсин, Жаннатмонанд юртимизни янада обод қилсин, ҳар хил ёмонликлардан Ўз ҳимоясида асрасин.

Оҳангарон тумани “Четсув” жоме масжиди

имом ноиби Б.Улуғов

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan